Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.03.2018 17:49 Чоп этиш версияси

Она ва қизнинг фожиали ўлимига нима сабаб бўлди?

Қазои қадарга чора йўқ, аввали худо, лекин бандаси ўзи сабабчи бўлади, деган ҳақиқат ҳаётда ҳамиша ўз тасдиғини топиб келган.

Кўпинча арзимасдек туюлгани учун биз писанд қилмаган, бартараф этишга ё вақтимиз ёки озгина маблағимизни аяган камчиликлар катта фожиаларга сабаб бўлади.

Наманган вилояти Мингбулоқ тумани Ёшлик маҳалласидаги хонадонлардан бирида содир бўлган ёнғин оқибати барчанинг қалбини ларзага келтириб, қувончларга соя ташлади.

Аланга уйнинг каттагина қисми, рўзғор буюмларининг кулини кўкка совурди. Жон омон бўлса, мол топилади, аммо минг афсуски, тилсиз ёв хонадон бекаси М.Қорабоева ва унинг ўн бешинчи баҳорини қаршилаётган қизи Дилшоданинг ҳам умрига якун ясади. Ис газидан заҳарланиш ва куйиш оқибатида она-бола воқеа жойида вафот этди.

Вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот хизматидан олинган маълумотларга кўра ёнғин келиб чиқишига электр симларидаги қисқа туташув сабаб бўлган. Ҳозир ушбу ҳолат бўйича туман прокуратураси томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Акрамжон Сатторов, ЎзА
8 424