ЎзА Ўзбек

16.10.2019 Чоп этиш версияси

Она тилимиз фидойилари хотираси унутилмайди

Она тилимиз фидойилари хотираси унутилмайди

Ҳар бир юртнинг чинакам қалам аҳли – ижодкорлари ўз тилининг равнақи, истиқболи учун ўзини масъул деб билади. Бу масъулият уларнинг асарларида, амалларида сезилиб туради. Улар ҳамиша бошқаларни ҳам она тилига ҳурмат билан қарашга, уни севишга чорлаб туради.

Устозлар бу мавзу ҳақида гап бошлаганда ҳазрат Алишер Навоийга мурожаат қилади. Унинг ижоди ва фаолияти авлодларга юксак намуна эканини кўп такрорлайди.

Адабиётимизда Навоий булоғидан баҳраманд ижодкорлар борки, уларнинг асарларини ўқиганда эзгу амаллар тарғиботига ҳамоҳанг она тилимизга бўлган меҳрни, унинг ҳимоясига бўлган шаҳдни ҳис қилиб турасиз.

Минг йилларким булбул каломи
Ўзгармайди, яхлит ҳамиша.
Аммо шўрлик тўтининг ҳоли
Ўзгаларга тақлид ҳамиша.

Она тилим, сен борсан, шаксиз,
Булбул куйин шеърга соламан.
Сен йўқолган кунинг, шубҳасиз,
Мен ҳам тўти бўлиб қоламан!

Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Ориповнинг бу каби содда, лекин теран маъноли мисраларни бир ўқигандаёқ ёд оласиз. Уни ҳар такрорлаганда ёки эшитганда эса ўзимизда ўзгача ғурурни туямиз, она тилимизни яна ҳам яхши кўриб кетамиз...

3.JPG

Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институтида Абдулла Орипов ижодига бағишланган адабий-маърифий тадбир “Она тилим, сен борсан, шаксиз, булбул куйин шеърга соламан...” деб номлангани иштирокчилар томонидан алоҳида эътироф этилди.

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллиги муносабати билан ташкил этилган ушбу тадбирда устоз ижодкорлар, адабиёт ихлосмандлари, институт профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлар иштирок этди.

Тадбирда Чирчиқ давлат педагогика институти ректори Ғафуржон Муҳамедов, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори Абдусаид Кўчимов, филология фанлари доктори, профессор Нурбой Жабборов, Ўзбекистон Халқ шоири Сирожиддин Саййид, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Cаъдулла Ҳаким, Абдулла Ориповнинг турмуш ўртоғи Ҳанифа Мустафоева ва бошқалар шоирнинг ижоди, у яратган ўзига хос мактаб, ҳаёт йўли ҳақида сўзлаб берди.

Абдулла Ориповнинг ҳар бир мисрасини ўқиганда кўнглимизни шу юртнинг фарзанди эканимиздан ифтихор туйғулари қамраб олади. Бугунги кунда ўз истеъдоди орқали қалбларга ватан туйғуси билан боғлиқ бўлган ҳаяжонни сингдира олган ижодкор хотирасини абадийлаштириш, у яратган мактабни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Ўтган йили Қарши шаҳрида Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов номидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернати барпо этилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 24 майдаги “Қарши шаҳрида Абдулла Орипов номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернатини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори асосида бунёд этилган илм даргоҳи олдида шоирнинг ҳайкали қад ростлади.

5.JPG

Ушбу мактабнинг биринчи қаватида Абдулла Орипов музейи ташкил этилди. Бугун 150 ўринга мўлжалланган бу мактаб Ибройим Юсупов, Муҳаммад Юсуф, Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Ҳалима Худойбердиева номидаги мактаблар каби ўз фаолиятини самарали давом эттирмоқда.

– Тадбир севимли шоиримиз Абдулла Ориповга замондош бўлган, у билан ёнма-ён ишлаган, ижод қилган устозлар иштирок этгани учун яна ҳам қизиқарли ўтди, – дейди институтнинг тарих ва тиллар факультети иккинчи босқич талабаси Дурдона Абдуғаффорова. – Расмиятчиликдан йироқ, эркин суҳбат тарзидаги “Абдулла Ориповнинг миллий шеъриятимиз тараққиётида тутган ўрни”, “Устоз билан гурунглар”, “Устоз Абдулла Ориповнинг ижод мактаби” каби мавзулардаги маърузалар бизга жуда манзур бўлди. Бундай учрашувлар тез-тез ўтказиб турилса хурсанд бўлардик.

Талабалар томонидан Абдулла Орипов шеърлари асосида яратилган қўшиқлар, турли бадиий чиқишлар иштирокчиларга хуш кайфият улашди.

3 682
Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА