ЎзА Ўзбек

16.01.2020 Чоп этиш версияси

Она тили (Воқеий ҳикоя)

Она тили (Воқеий ҳикоя)
Эврил ТУРОН

(Воқеий ҳикоя)

Кўз илғамас олислардан оқиб келаётган Рейн дарёси бўйлаб пишиқ жуссали бир йигитча бораяпти. У энди йигирмага тўлаётган бўлса ҳам, ҳарбий кийимдалиги учун ёшига нисбатан каттароқ кўринмоқда.

Қирғоқнинг сўлида қўним топган беқиёс Берлин осмон билан дардлашаяпти. Бошида напармонга айланаётган қора булутлар ғужғон ўйнамоқда...

— Ёмғир қўйиб берса-я, — кўнглидан ўтказди йигитча, — ўйин тўхтатилади-да, — йўқ, бу ўткинчи булутлар... Шимолга кетаяпти, бўлиниб, тўзғиб...

У аҳён-аҳён дарёнинг ўнг соҳили оша ястаниб ётган бепоён кенгликларга, кўкиш, сийрак туман қучоғи аро хира кўринаётган тарқоқ яшил қишлоқларга алланечук меҳр билан нигоҳ юритади. Шу лаҳзаларда она қишлоғи ёдига тушади:

— Соғиндим! — дейди ихтиёрсиз бир тарзда пичирлаб, — соғиндим!..

Унинг узун замонлардан бери ўсувдан тўхтаб, дунёдан узилиб қолган ғариб қишлоғи узоқда, Ўрта Осиёнинг чўкаётган Боғдон тоғлари орасида эди. У бу ерда, маданият гуллаётган Олмон тупроғида ҳарбий хизматини ўтаётир.

Йигитчанинг оёғига мовий тўлқинлар келиб урилди. Хаёли бўлинди. Шошиб соатига қаради ва сирли, ҳудудсиз олисларга элтувчи намхуш сўқмоқдан ботар сари югурди. Кўп ўтмай одамларга тўлиб-тошган қуюқ ўрмон ўртасидаги яшил ялангликка етди. Қуёш нопармон аралаш қора булутлардан тозаланаётган осмоннинг ложувард бир парчасида сузмоқда.

— Тезроқ бўл, Муҳаммад, тезроқ, ҳозир рингга чиқасан! — Боксчилар устози Карл Шимид уни шоширди. Узун бўйли, сарғиш юзли, кўкиш кўзли, ҳарбий усти-бошдан кўра, кўпинча, хурма тусли спорт кийимда юргувчи бу киши Муҳаммадни ўзига яқин оларди ва унга бокс сирларини меҳр билан ўргатарди. У рус тилини немис лаҳжасида бузиб сўзларди:

— Бўлақай, болакай.

Муҳаммад баланд супага ўрнатилган рингдан хиёл нарига, оқ сатинлар билан ўтовсимон шаклда тўсилган ерга ўтди. Ечинди. Оқ майка, оқ труси кийди.

Бугун байрам (9 май, 1960 й.) шарафига шаҳар биринчилиги учун бокс мусобақаси ўтказилмоқда. Муҳаммад Отто Фуксга қарши жангга чиқади. Отто чарм қўлқоп устаси, шаҳар чемпиони, новча, қўллари узун боксчи. У чаққон ,тезкор. Кўпинча рақибини нокаут билан ютади. Вазнда ҳам Муҳаммаддан ортиқ: етмиш килограмм. Муҳаммад олтмиш тўққиз...

Отто Фуксга нисбатан Муҳаммаднинг бўйи пастроқ, қўллари калтароқ, аммо елкаси кенг. У ҳали чарм қўлқоп устаси даражасига кўтарилмаган ҳам. Шунга Муҳаммад Оттога қарши яқин жанг олиб боришни ва ундан тезроқ ҳаракат қилишни кўнглини тугиб қўйди.

Вақт етди. Отто ва Муҳаммад қизил, кўк ринг бурчакларида ҳозир бўлишди. Бонг чалинди. Муҳаммад бирдан яшин тезлигида ҳужумга ўтди. Буни кутмаган Отто бир сония довдираб қолди.

Бир сония...

Бир сония боксда, баъзан, ҳал қилувчи вазифани бажаради. Айни шу онда Муҳаммад уни чап қўли билан қовурғаси остига, ўнг қўли билан жағига урди. Бу аниқ, кескин муштлардан Отто ердан узилди. Нагдаун.

Судья... Тўққиз деганда у ўрнидан турди. Жанг давом этди. Энди, Отто боягидай бир зум довдирамади. Ўзини усталик билан ҳимоя қилди.

Биринчи раунд тугади. Рақиблар ўз бурчакларига бориб ўтирдилар. Секундантлар уларни нам сочиқлар билан елпишга тутиндилар.

Иккинчи раунд. Муҳаммад ҳалигидай шиддат билан ҳужумга ўтди. Буни олдиндан сезган Отто атайлаб чекинар, клинчга кирар, пайт

пойларди. У бир гал тез бурчакка тисланди ва кутилмаганда энгашиб, Муҳаммадга апперкот берди. У йиқилди.

Томошабинлар шов-шуви... “Яша Отто” деган қичқириқлар эшитилди.

Муҳаммад саккизинчи сонияда оёққа қалқди. Шу чоғ бонг чалинди. Бир дақиқада танаффус.

Учинчи раунд. Жанг. Раунд ўрталарида иккови ҳам ҳарсиллаб қолишди. Айниқса Муҳаммад. Отто бор кучини тўплаб, ҳал қилувчи ҳужумга ўтди. У зарб билан Муҳаммаднинг сийрак қора қошлари ўртасига урди. Муҳаммад арқонга суяниб қолди.

Ҳакам етти рақамни тилга олганда, Муҳаммад шай турди. Лекин, ўзини эплашга унча улгурмади. Отто қулай пайтни бой бермади, кетма-кет унинг пастки жағига туширди. Муҳаммад ганграб қолди. Энди, Отто унинг ияги остига апперкот берди. Муҳаммаднинг қора кўзларини туман босса ҳам, у ўзини тутди.

—​ Яша Отто!

—​ Ғалаба сеники, Отто!

Томошабинлар тинмай қичқиришар, баъзилари ўринларидан туришар, қўллари билан ҳавони савалашар эди.

Отто ҳам чарчаб қолганди. Бу товушлар унга қисман руҳ ва куч берди. У ҳолдан тойган, аммо ўзини ҳимоя қилаётган Муҳаммадни савалашда давом этди. Муҳаммад зўрма-зўраки оёқда турар, кўзлари хиралашиб борар, мана-мана, ҳозир-ҳозир ағдарилаётгандай эди.

—​ Муҳаммад ака! Ўзингизни тутинг!

Ўзбек тилида янграган бу товуш , бир ҳарбий ўзбек зобити қизнинг товуши эди*. Бу товуш бир дақиқа ўрмонни сукутга маҳкум этди. Муҳаммад олмон ўрмонида, ўз она тилида эшитган қиз товушидан қаттиқ ҳаяжонланди ва бир зумга ўзини йўқотиб қўйди. Ўша лаҳзада у қудратли муштидан учиб кетди. Унинг кўз ўнгида ҳамма-ҳамма чирпирак айлана бошлади. Ҳалиги, нотаниш қизнинг “Ўзингизни тутинг!” деган товуши қулоғига элас-элас келаётгандай эди. Бора-бора бу товуш уни хушига келтирди. Тез, жуда ҳам тез бутун вужудига куч қуйилди. Томирларида қон гупуриб айлана бошлади. Бу – одатдагидан бошқача куч, алланечук бир енгилмас, сирли куч эди. У қалқди. Ҳамма лол қолди.

Яна бокс... Билакларида қайта куч жўш урган Муҳаммад дадил, чаққон, кескин ҳаракатлар билан қаттиқ ҳориган Оттони ияги остига апперкот берди. Отто ағдарилди. Нокаут.

Муҳаммад рингдан чиққач, ҳалиги қизни истади.

Тополмади.

1968 йил, Киев

2 863
ЎзА