ЎзА Ўзбек

27.08.2020 Чоп этиш версияси

Она-тили дарслиги атрофидаги баҳс-мунозаралар якуни

Она-тили дарслиги атрофидаги баҳс-мунозаралар якуни
Дарслик муаллифи билан суҳбат

Сўнгги йилларда ёшларнинг давлат тилида саводли ёза олиш даражаси тушиб бораётгани ҳақидаги баҳс-мунозаралар кучайиб бормоқда. Табиийки, саводли ёзиш болаларга мактабдан ўргатилади. Бунда Она тили дарсликларининг ўрни муҳим. Жорий йилда 5-синф ўқувчилари учун Она тили дарслигининг янги, тубдан ўзгартирилган варианти киритилмоқда. ЎзА мухбири 5-синф Она тили дарслиги муаллифларидан бири олий тоифали ўқитувчи, халқ таълими аълочиси Шарофат Тошмирзаева билан суҳбатлашди.

– Дарсликнинг аввалгиларидан фарқи ва янгилиги нимада?

– Авваламбор, мукаммал дарслик мавжуд эмаслигини эътироф этишни истардим. Бизнинг дарслик ҳам ҳамон муҳокама бўлмоқда. Янги дарсликда грамматик талабларни камайтиришга ҳаракат қилдик, лекин бунга қарши чиққанлар ҳам бўлди. «Грамматик талабларнинг камайтирилиши саводхонликни сусайтиради», деган муносабатлар талай. Бу янгилик, айниқса, репетитор домлаларига ёқмайди. Чунки, улар грамматикани ўқувчиларга ёдлатишга уринишади. Абитуриент мураккаб грамматик қоидаларни ёдлаб олганидан сўнг, талаба бўлгач, бу қоидаларга деярли тўқнаш келмайди ва уларни унутиб юборади. Бу Она тили дарслиги йўналишидаги асосий камчиликлардан бири. Биз бу хатони тўғрилашга уриндик, грамматик қоидалар камайтирилди. 70 га яқин синтаксис ва морфологияга оид мавзулар чиқариб ташланди ва юқори синф дарсликларига ўтказилди. Фонетика, графика, орфография (имло) лексикага оид мавзуларни олиб қолдик ва ўқувчиларни баъзи иш қоғозлари билан таништирдик. Асосан нутқ ва матн билан ишлашга урғу бердик. Матнлар танлашда халқаро PISA тест синовларига ўқувчиларни тайёрлаш ҳам ҳисобга олинган.

Ўқувчи матнни ўқийди, эшитади, гапиради ва шундан хулоса қилади. Янги дарслик ўқувчини фикрлашга ундайди ва унга мотивация беради. Масалан, баъзида матнлар берилган, унга сарлавҳа топиш эса ўқувчига қолдирилган. Яъни ўқувчи хато фикрласа ҳам, ўз фикрини айтиши, гапириши керак.

Ўқитувчилар одатда янги мавзуни ўқувчиларга тушунтириб бўлгач, машқ беради. Ўқувчилар машқ қилиш жараёнида ўқитувчилар бўш қолади. Мен бу ҳолатни кўпгина очиқ дарсларда кузатганман.

Дарслик ўқувчини 4 компетенцияни бажаришга, яъни тинглаб тушуниш (мухокама қилиш), ўқиш ёзиш ва гапиришга ундайди. Шунингдек, дарсликда болалар учун қизиқарли, келажакдаги ишлари учун далда бўладиган руҳлантирувчи кенг қамровдаги матнлар берилган. Матнлар устида жуда узоқ ишладик. Баъзи матнлар устида кунлаб тортишдик, баҳс юритдик. Назаримда деярли барча матнлар бола учун қизиқ. Ўқувчини баҳс-мунозарага чорловчи, фикрлашга ундайдиган матнлар кўп.

– Ёшлар орасида ўзбек тилида саводли ёзиш даражаси сустлашиб бормоқда. Дарсликка саводхонликни ошириш учун қандай дастурлар киритилган?

– Саводхонликни ошириш учун кўпгина машқлар киритилган. Аввал ҳам бунга эътибор берилган эди, бу сафар уларнинг сонини кўпайтирдик. Масалан, «Матн ва луғат билан ишлаш» мавзусида ўқувчи матн билан танишиш жараёнида сўз билан ҳам ишлайди. Унинг имлосига, талаффузига эътибор беради. Баъзи машқларда ёзилиши қийин сўзлар бериб, имлосига диққат қилиш сўралади. Баъзиларида эса, сўзлар нотўғри берилган ва уларни тўғри ёзиш учун имло луғати билан ишлашга тўғри келади. Яна дарсликка янги мавзулар киритилган. Янги нашрда ёзувда акс этадиган ва ёзувда акс этмайдиган товуш ўзгаришлари масаласига алоҳида тўхталдик. Чунки мана шу ҳодисалар кўпинча имлодаги муаммоларни келтириб чиқаради: ўқувчи қандай эшитса шундай ёзиб қўядиган сўзлар бор. Масалан, тушунмоқ (чунмоқ), иншоот (иншоат). Шуни назарда тутиб бу товуш ўзгаришларини икки ҳил кўринишда бердик.

Шу билан бирга, нутқимизда оммалашиб кетаётган (веб-саҳифа, хештег, аккаунт, мэм каби) интернет ва иқтисодиётга оид янги сўзлар ҳам киритилган. Она тилини бола оиласида ўрганиб келади. Мактабда у ўз тилини тўғри қўллашни ва бу тил орқали бошқа фанлар билан алоқа тиклашни ўрганади. Шунинг учун, имконият даражасида, Она тилининг бошқа фанларни ўрганишдаги кўприк вазифасини ўташига эътибор қаратганмиз. 10 га яқин фан билан Она тилини боғлашга ҳаракат қилдик. 

Янги дарслик ўқувчиларни изоҳли, имло ва бошқа бир қатор луғатлар билан ишлашга ўргатади. Албатта, бу янги нашр ўзига яраша хато ва камчиликлардан холи эмас. Назаримиздан четда қолган бундай камчиликлар юзасидан амалиётчи ўқитувчиларимиз дарслик билан ишлаш жараёнида кўриб таклиф беришади, бағрикенглик билан кутиб оладилар деган умиддамиз.

Дарсликни эксперт ва тақризчилар яхши қарши олишди эндиги баҳони амалиётчи ўқитувчилар беради.

7 565
ЎзА