ЎзА Ўзбек

04.06.2018 16:11 Чоп этиш версияси

Она табиат байрами нишонланди

Она табиат байрами нишонланди Пойтахтимизнинг Ғофур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида 5 июнь – Жаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш кунига бағишланган байрам тадбири ўтказилди.

Ўзбекистон Экологик ҳаракати ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Экоҳаракат депутатлар гуруҳи қатор ташкилотлар билан бирга ташкил қилган тадбирда парламент аъзолари, Экоҳаракат фаоллари, дипломатик корпус вакиллари, ота-оналар ва ёшлар иштирок этди.

Мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик хавфсизликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларга аҳоли, айниқса, ёшларни жалб қилиш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.

Тадбирда Ўзбекистон Экологик ҳаракати, Халқ таълими вазирлиги ва “Тонг юлдузи” газетаси таҳририяти ҳамкорлигида умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтказилган “Онажоним табиат” ижодий танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди. Унда табиат манзаралари акс этувчи 100 га яқин иншо, шеър ва расмлар орасидан саралаб олинган ижодий ишлар муаллифларига ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Бугунги кунда иқлим ўзгаришлари натижасида юз бераётган табиий офатлар барчамизни ўйлантираётган долзарб муаммолардан биридир. Унинг олдини олиш, салбий оқибатларини камайтириш борасида Экоҳаракат қатор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда олий ўқув юртлари талабалари ва магистрлари ўртасида “Глобал иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича энг яхши ғоя” танловини ўтказди. Тадбир доирасида ушбу танлов ғолиблари ҳам тақдирланди.

– Танловда мутахассислар томонидан илмий мақолам юқори баҳоланганидан хурсандман, – дейди Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети талабаси Мадина Усмонова. – Илмий мақоламда дунёда юз бераётган глобал иқлим ўзгариши мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётига таъсири ва унинг салбий оқибатлари баён этилган.

Байрам тадбирида XVI Республика экожурналистика танлови “Cув – бу ҳаёт” ғояси бўйича ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва "Medical express" ихтисослашган тиббий илмий-амалий, ижтимоий реклама йўналишидаги нашри ҳамкорлигида "Соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, тиббиёт ва экология" ижодий танловлари ғолиблари эълон қилинди. Ташкилотчилар томонидан уларга эсдалик совғалари топширилди.

Абдулазиз Мусаев, ЎзА
10 674