Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.08.2018 12:46 Чоп этиш версияси

Оммавий ахборот воситаларини тўртинчи ҳокимият даражасига кўтарган учрашув

Оммавий ахборот воситаларини тўртинчи ҳокимият даражасига кўтарган учрашув

Оммавий ахборот воситалари бугунги кунда тўртинчи ҳокимият сифатида халқнинг минбарига айланиб бормоқда. Халқ эндиликда оммавий ахборот воситалари орқали ўз фикрини эмин-эркин ифода этиб, унга ишона бошлади. Шунинг учун ҳам сўнгги пайтларда ОАВга бўлаётган мурожаатларнинг сони кескин ошди. Оммавий ахборот воситаларида жонли эфирлар, реал воқеалар, масаланинг илдизигача бориб ўрганилган ҳаётий ҳақиқатлар акс этмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 3 август куни миллий маданиятимиз намояндалари, ижод аҳли билан учрашуви оммавий ахборот воситалари соҳасида ҳам янги босқични бошлаб берди.

“Ўзбекистон” телеканали “Янги жамият” студияси бош муҳаррири, “Муносабат” кўрсатуви бошловчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Қуддус Аъзамов бу ҳақда қуйидагиларни гапириб берди:

– Бу учрашувда адабиёт, санъат, кино, театр, оммавий ахборот воситалари, умуман, гуманитар соҳадаги мавжуд, биз баъзан айтишга тортиниб юрадиган оғриқли муаммолар, ижодкорларнинг ичидаги дард-у орзулари тўла тўкис очиб ташланди.

Президентимиз “Нима учун маданий ҳаётимизда танқидий руҳ сезилмайди? Соғлом танқид, баҳс ва тортишув бўлмаган жойда чинакам ижод бўлиши мумкинми ўзи?” деган саволлар билан ижодкорларга мурожаат этган эди.

Дарҳақиқат, бахс-мунозара, ошкоралик, шаффофлик бўлмаган жойда ҳеч қачон тараққиёт, ривожланиш бўлмайди. Зеро, ошкоралик мавжуд муаммолар – порахўрлик бўладими, коррупция бўладими, у ёки бу соҳадаги турли томонга оғиб кетишларми, барчасига ҳаққоний ва ўз вақтида ечим топади.

Мазкур учрашув маълум маънода ОАВни тўртинчи ҳокимият даражасига кўтаришга асос бўлди, десак асло муболаға эмас. Шундан кейин биз телевидение ходимлари кўрсатувларимизни иложи борича ўзимиздаги ички цензурани, ички ҳадикни енгиб, халқ талаб қилаётган, замонга ҳамнафас шаклда тайёрлашга ҳаракат қиляпмиз. Шундан кейин нафақат журналистлар, балки студиямизга келган одамлар ҳам “мен тўғридан-тўғри эфирда ҳақиқатни айтиш имкониятига эга бўлдим”, деб узоқ йиллар мобайнида қийнаб келаётган муаммоларини очиқ ва ошкора айтишга имкон топди. Буни ҳам тўғри таъкидлаш керак. Чунки авваллари айтилган гап, албатта, қайсидир кўрикдан ўтказилиб, ички цензурамиз орқали кўриб чиқиларди ва оқибатда баъзан тасмаларда қолиб кетарди. Лекин энди одамлар ўз фикрини, ўзини қийнаётган муаммоларни, ўз саволларини кўндаланг қўйиш имконига эга бўлди. Чунки тўғридан-тўғри эфирда айтилган сўз – отилган "ўқ" ҳисобланади.

Бугунги шиддатли ўзгаришлар даврида ёлғон гапириш, муаммоларни хаспўшлаш, баландпарвоз гаплар билан гўёки муаммоларни безаш, кимгадир ёқиш мақсадида кўрсатув тайёрлаш ёки мақола ёзиш давлатимиз раҳбари кўп таъкидлаганидек келажагимизга қилинган хиёнат бўлади. Чунки муаммоларни очиқ, ошкора айтиб, уни ечсак, келажак олдида ҳам юзимиз ёруғ бўлади. Мисол учун, “Муносабат” кўрсатувида ўқувчиларни пахтага олиб чиқиш, кўча супуртириш, дарахт оқлаш каби мажбурий меҳнат бўйича ўнлаб масалаларни олиб чиқдик. Бу кўрсатувлар халқни қийнаб келаётган оғриқли дард эди ва бу нарсалар мамлакат сиёсати даражасига кўтарилиб, охир-оқибатда бартараф этилди.

Бундан ташқари, мамлакатимиз олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари – тест тизимидаги адолатсизликлар, бункерлар, паравозлар ҳақида кўрсатувлар қилдик. Бу муайян коррупцион элементларнинг кескин қаршилигига учраса-да, лекин халқнинг эътирофига сазовор бўлди ва бу нарсалар ҳам ОАВ халққа кўприк бўлиб, халқнинг дардини маълум маънода ҳукумат даражасига етказишга эришдик. Мана шундай очиқ ва ошкоралик билан истеъдодли ёшларни танлаб олмаслик, бу келажакка тўғридан-тўғри таҳдид қилиш билан баробар, тўғрими?

Дарҳақиқат, нега китобхонлик, маънавият, адабиёт, санъатга шунчалик катта эътибор бериляпти? Ахир инсоннинг маънавиятини юксалтирмасдан туриб, на саноатни, на илм-фанни, на иқтисодни ривожлантириб бўлади. Чунки бу соҳаларни кўтарадиган кимлар, албатта, маънавияти юксак одамлар. Маънавий бой бўлса, Ватанни севади. Маънавий бой бўлса, ўқишга кираётганда порахўрликка йўл қўймайди. Маънавий бой бўлса, ҳалол ва фидойи тадбиркор бўлади.

Ривожланган мамлакатларда китоб ўқиш, театрга бориш, кинони, маданиятни, маънавиятни ривожлантириш – бу ҳаётдаги бирламчи масала. Бизнинг олдимизда ҳам мана шундай улуғвор вазифалар турибди.

Дунёда коррупциянинг энг катта кушандаси бу оммавий ахборот воситалари ҳисобланади. Мана шу йиғилишдан кейин биз ижодкорлар студиямизда ўтириб, энди бемалол, ҳеч кимдан чўчимасдан, масъулиятни бўйнимизга олиб, энг долзарб вазифаларни кўтариб чиқа бошладик. Бу кўрсатувлар жамият тараққиётига маълум маънода таъсир қилди. Одамларнинг дилидаги гапни айтиш асли бизнинг бурчимиз.

Ҳар қандай жамиятда ОАВга тўртинчи ҳокимият мақомини бермасликка интилиш мамлакатда иллатларнинг авж олишига муҳит яратади. ОАВ бўғилган жойда иллатлар авж олади. Бугун биз шу соҳа вакили сифатида шу иллатларни бартараф этмасак, эртага фарзандларимиз, набираларимиз иллатлар қурбони бўлиш ҳеч гап эмас. Илмсизлик ривожланиб, маънавият юксалмаса, болага Ватанни сев, дея олмаймиз. Шунинг учун ҳар бир соҳада адолат, ошкоралик ва шаффофликни қарор топтириш биз – ОАВ вакиллари олдидаги энг катта, шарафли ва кечиктириб бўлмайдиган вазифалардан биридир.

Даврон Суннатов​, ЎзА​
6 867