Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

19.04.2018 17:03 Чоп этиш версияси

Оммавий қабулларда муҳим муаммоларга ечим топилди

Самарқанд вилоятида Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари У.Муҳаммадиев иштирокида оммавий қабуллар ўтказилди.

“Обод қишлоқ” дастури асосида кенг кўламли қурилиш-ободонлаштириш ишлари олиб борилаётган Нуробод туманидаги Жом қишлоғида ташкил этилган қабулда Самарқанд вилояти ҳокими Т.Жўраев, вилоятдаги мутасадди идоралар раҳбарлари ҳам қатнашиб, Нуробод, Пастдарғом, Самарқанд ва Тайлоқ туманларидан келган аҳолининг талаб ва таклифларини эшитди.

– Қишлоғимизда телевизион антенна йўқ, – дейди Нуробод тумани Чунқаймиш қишлоғида яшовчи Х.Жабборов. – Ушбу масаладаги мурожаатим ҳал этилди. Тегишли ташкилотлар томонидан бир ой муддатда қишлоғимизга телевизион антенна ўрнатиладиган бўлди.

Тадбир доирасида Жом қишлоғида яшовчи ногиронлиги бўлган 12 нафар хотин-кизга Президент туҳфаси – тикув машиналари, бепул дори-дармонлар топширилди.

– Бундай эътибордан мамнунмиз, – дейди I гуруҳ ногирони Дилфуза Раҳматова. – Келгусида тикувчилик фаолияти орқали даромад олишни мақсад қилганман. Биз каби имконияти чекланган фуқароларга ҳам ҳеч кимдан кам бўлмай яшаш имконини яратиб бераётган давлатимиздан миннатдормиз.

Тадбир давомида Нуробод тумани ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими томонидан Жом қишлоғида яшовчи бир неча фуқарога биометрик паспорт топширилди. Вилоят ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси Нуробод тумани бўлими эса қишлоқдаги 20 хонадон соҳибига уй кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб берди.

– Шу вақтгача уйимизнинг ҳужжати йўқ эди, – дейди Нурия Муродова. – Бу муаммомиз ҳал бўлганидан хурсандмиз.

Бундан ташқари, оммавий қабул давомида икки нафар ногирон фуқарога вилоят ҳокими номидан махсус аравача топширилди.

Шу каби оммавий қабул Каттақўрғон шаҳрида ҳам ўтказилиб, унда Каттақўрғон шаҳри, Пахтачи, Нарпай ва Каттақўрғон туманлари аҳолисининг мурожаатлари тингланди.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
3 534