ЎзА Ўзбек

09.07.2019 Чоп этиш версияси

Ҳомиладор келин ваҳшийларча ўлдирилди

Ҳомиладор келин ваҳшийларча ўлдирилди


Оиладаги муҳит, фарзанд тарбияси ота-онанинг ёки саодати, ёки мусибати. 1992 йилда туғилган ўғлининг қўрс, баджаҳл эканлигидан куйган ота-онанинг дарди ичида эди. Акасини уйлантиришганда ўсмир йигитча – Неъматнинг келинчакка бўлган қўполликларини “бўйдоқчилик”ка йўйишди. Аммо болани бир текширтириб, руҳиятини даволатайлик, деб ҳеч ўйлаб ҳам кўрмади. Алал оқибат...

Совуқ муносабатлар, жанжаллардан безиган ота-она бир нафар фарзандли бўлган, иккинчисига ҳомиладор келинни ҳали битмаган уйга кўчириб қўйишди.

– Бу ёғини секин битказиб оласизлар, – дейишди. – Биз ҳам тинчроқ ўтирайлик, болам. Укангни уйлантирсак, балки тинчиб қолар.

Аммо Неъматга бу ҳам маъқул келмади. У яна келинойиси билан кунора бориб уришиб келар, онамни хизматини қилмадинг, дея тўполон кўтарарди.

Келин шўрлик нима қилишни билмай қолганди, ора-чора бориб қайнонасиникида хизмат қилар, бу ёқда янги уйнинг меҳнатдан бўшамасди.

Ўз келинойисига бўлган нафрат, ғараз Неъматнинг ниятини бузганди. У кузнинг совуқ бир кунида қўйнига пичоқ яшириб, акасининг уйига йўл олди.

Ҳовлида кир чайиб ўтирган келинойисининг қўлидан судраб, уй ичига тортаркан, Неъмат ғараз ниятини яширмади. “Сени ўлдирмагунимча тинчимайман!”

Қўрқиб кетган аёл типирчилаб қайнисининг қўлидан чиқишга уринар, ялиниб-ёлворарди. Аммо Неъмат ожизлиги, ҳомиладорлигини била туриб унинг қорин соҳасига пичоқни санчиб олаверади. Ёрдам чақиришга уринган келинойисининг оғзини беркитиб, шафқатсизларча босиб олиб, кўкрак, бўйин, ҳаёти учун муҳим саналган, баданининг бошқа жойларига ўн беш маротаба пичоқ уриб, ўта оғир ҳолатда жароҳат етказиб, уйдан чиқиб кетади.

Бўлғуси она, ёшгина аёл олган тан жароҳатлари, ички-ташқи қон кетиши оқибатида воқеа жойида вафот этади.

Руҳий касалликлар клиник шифохонаси хулосасига кўра, Н. Зариповда “васвасага тушиш” касаллиги аниқланди. У ижтимоий хавфли қилмишни содир этган вақтида ўз ҳаракатларини идрок қила олмайдиган даражада руҳий носоғлом бўлган. Унга нисбатан кузатуви кучайтирилган руҳий касалликлар шифохонасида интенсив назоратда, мажбурий тартибда даволаниш тавсия этилди.

Суд иш бўйича мутахассис ва гувоҳларнинг кўрсатмалари, экспертиза хулосаси ҳамда иш бўйича тўпланган бошқа далилларни ўрганиб чиқиб, Н. Зариповнинг одам ўлдиришда ифодаланган ижтимоий хавфли қилмишни ақли норасо ҳолатда содир этган, деб ҳисоблаб, унга нисбатан жиноят ишини тугатишни ҳамда тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси тайинлашни лозим топди.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, инсон табиатининг кескин важоҳатли бўлиши, йиллар давомида ўзгармаслиги ҳар қандай ота-онани ҳушёр торттирмоғи лозим. Шу маънода Неъматнинг оиласи ҳам бепарво бўлмай болани ўз вақтида даволатиш имконини қилишганда эди, у икки инсоннинг қотили бўлмаган бўларди.

Акрамжон Орипов, 
жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят суди 
Суд амалиётини таҳлил қилиш бўлими бошлиғи


19 783
ЎзА