ЎзА Ўзбек

23.12.2016 20:26 Чоп этиш версияси

ombudsman.uz: инсон ҳуқуқлари ҳимоясига янгича ёндашув

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг янги www.ombudsman.uz расмий веб-сайти, виртуал қабулхонаси ва “Ишонч телефони” тақдимоти бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Улуғбек Муҳаммадиев, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори вазифасини бажарувчи Ханс Ульрих Им ва бошқалар Ўзбекистонда инсон қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, миллий ва умуминсоний қадриятларни мустаҳкамлашнинг стратегик механизми шаклланганини алоҳида таъкидлади. Бу борадаги ҳуқуқий асос изчил такомиллашиб, аҳолига қулайликлар яратиш борасидаги саъй-ҳаракатлар янада фаоллашаётгани ҳуқуқий демократик давлат ва адолатли фуқаролик жамияти барпо этишга хизмат қилмоқда.

Биринчи Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари устуворлиги тамойилига таянадиган, миллий ҳуқуқий тизим яратилган. Инсон манфаатлари барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мезони сифатида белгиланган.

Конституциямизда демократия умуминсоний тамойилларга асосланиши, унга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши ўз ифодасини топган. Фуқароларнинг шахсий, иқтисодий-ижтимоий, сиёсий ва маданий ҳуқуқларини ҳимоя қилишга йўналтирилган кўплаб қонунлар қабул қилинган.

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинлигига риоя этиш ва ҳимоя қилиш борасидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йилнинг Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилингани бунинг ёрқин исботидир.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори ҳамкорлигида Омбудсман интернет-ресурсининг модернизация қилиниши давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш, кенг жамоатчилик билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатиш, одамларимиз ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, уларнинг ахборот олиш эркинлигини янада кенгайтиришда муҳим аҳамиятга эга.

Веб-сайт мунтазам равишда инсон ҳуқуқларига доир меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, таҳлилий мақолалар, соҳага доир сўнгги янгиликлар билан бойитиб борилмоқда. Виртуал қабулхона орқали Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар мурожаат қилиши мумкин. Бунда электрон имзо талаб этилмайди.

Сайт орқали Омбудсманнинг фуқораларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш амалиёти натижалари, қонунчиликни такомиллаштириш, ҳуқуқий маданиятни янада юксалтириш ҳамда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги фаолияти юзасидан мунтазам ахборот бериб борилади.

– Бағрикенглик ва инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш тинчлик ва барқарорликни таъминлашнинг муҳим асосидир, – дейди Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси матбуот хизмати бошлиғи Гулноза Раҳимова. – Демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар жараёнида инсон, унинг манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият даражасига кўтарилаётгани мамлакатимиз тараққиётида муҳим аҳамият касб этмоқда. Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг янги www.ombudsman.uz расмий сайти фаолиятининг йўлга қўйилиши бу борадаги ишларни янада кучайтиришига ишонамиз.

Дилшод Каримов, ЎзА
6 388