Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

12.09.2018 20:26 Чоп этиш версияси

Олтинкўлда ёшлар фестивали

Олтинкўлда ёшлар фестивали Андижон вилояти Олтинкўл туманида “Мардона яшамоқ, Ватанни асрамоқ – чин инсон бахти” шиори остида ёшлар фестивали бўлиб ўтди.

Вилоят ва Олтинкўл тумани ҳокимликлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган фестиваль доирасида қатор тадбирлар ўтказилди.

7 (1).JPG

– Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, аҳолининг ҳуқуқий, тиббий билимини ошириш, уларнинг жамиятимизда рўй бераётган жараёнларга дахлдорлик туйғуси ва ижтимоий фаоллигини ошириш, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси Нодирбек Юсупов. – Қолаверса, ёшларни қийнаётган муаммоларни бартараф этиш, турли иллатлар таъсиридан асраш, ташаббус ва ғояларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар самарадорлигини кучайтиришга қаратилган.

Фестиваль доирасида ўтказилган “Саломатлик сайли”, “Бўш иш ўринлари ярмаркаси”, “Ҳуқуқий ахборот сайли”, ош танлови, ҳарбий техника, жанговар қуроллар намойиши, миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари ҳамда ёшларнинг қўл меҳнати буюмлари кўргазмалари, спортчиларнинг чиқишлари барчада катта таассурот қолдирди.

Шарқий ҳарбий округ, Миллий гвардия аскарларининг жанговар қуроллардан фойдаланиш борасидаги намойишини ёшлар катта қизиқиш билан кузатди.

Вилоят ва туман тиббиёт муассасалари шифокорлари томонидан аҳоли, ёшлар вакиллари тиббий кўрикдан ўтказилди. Кўрик давомида 371 нафар фуқарога амбулатор ва стационар шароитда даволаниш учун йўлланма берилди. Аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга қаратилган суҳбат ва мулоқотлар ўтказилди.

Ҳомий ташкилотлар томонидан имконияти чекланган фуқароларга ногиронлик аравачалари, уй шароитида таълим олувчи ўқувчиларга компьютер, магнитли доска ва махсус парталар совға қилинди.

9 (2).JPG

“Ҳар бир оила тадбиркор”, “Ёшлар – келажагимиз” давлат дастурлари доирасида ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиш истагини билдирган фуқароларга бизнес режалар тузиш, кредит олиш, солиқ имтиёзлари хусусида Савдо-саноат палатаси, банк, солиқ тизими мутахассислари томонидан зарур тавсия ва маслаҳатлар берилди, ишлаб чиқарувчилар, агрофирма ва фермер хўжаликлари томонидан балиқчилик учун махсус ҳовуз-идишлар, тикув дастгоҳи ва ускуналари, чорва ҳайвонлари тақдим этилди.

Шунингдек, давлат хизматлари маркази, адлия, нотариал, адвокатлик идоралари мутахассислари, ФҲДЁ бўлими вакиллари, фуқаролик, иқтисодий ҳамда жиноят ишлари бўйича судлар судьяларининг сайёр қабуллари ўтказилди. 200 нафардан зиёд фуқарога ҳуқуқий хизматлар кўрсатилди.

Туман маданият бўлими қошидаги бадиий жамоа санъаткорлари томонидан ноқонуний никоҳнинг салбий оқибатлари, жиноятчиликнинг олдини олиш, аҳолини огоҳликка ундовчи саҳна кўринишлари, “Кичик боланинг катта дарди” номли спектаклни томошабинлар катта қизиқиш билан томоша қилди.

Санъаткорлар, таниқли эстрада хонандалари ижросидаги Ватан, истиқлол, тинчлик, ёшлик ва муҳаббатни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар, рақслар иштирокчиларга кўтаринки кайфият бағишлади.

Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умурзоқов (сурат) ЎзА