ЎзА Ўзбек

19.08.2019 Чоп этиш версияси

Олтинкўлда оилавий ажримлар кескин камайди

Олтинкўлда оилавий ажримлар кескин камайди

Олтинкўл туманида “Фикр, сўз, таҳлил, амалий иш бирлиги – фаолиятнинг муҳим мезони” мавзусида кўргазмали семинар бўлиб ўтди.

Андижон вилояти ҳамда Олтинкўл тумани хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида ўтказилган мазкур тадбирда туман, шаҳар ҳокимлари ўринбосарлари, хотин-қизлар қўмиталари раислари, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази туман, шаҳар бўлимлари, Аёллар ижтимоий реабилитация марказлари раҳбарлари, хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилотлари раислари, маҳалла фуқаролар йиғинларининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислари иштирок этди. Унда хотин-қизлар ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни қийнаётган муаммоларни бартараф этиш, оилаларни мустаҳкамлаш, фаолиятга оид меъёрий ҳужжатларни юритиш борасидаги ишлар самарадорлигини янада ошириш масалалари хусусида атрофлича фикр алмашилди.

Тадбирда кейинги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларнинг самарали фаолият юритишида, бандлигини таъминлашда, уларни қийнаётган муаммоларни бартараф этишда кенг кўламли ишлар олиб борилаётгани таъкидланди.

Иштирокчилар дастлаб хотин-қизлар қўмитаси кўмагида имтиёзли кредит олиб, турли йўналишларда тадбиркорлик билан шуғулланаётган хотин-қизлар фаолияти, уларнинг ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш соҳасида олиб бораётган ишлари билан танишди.

Жорий йилнинг биринчи ярмида 6 нафар олтинкўллик аёл Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан ажратилган кредит ҳисобига тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйди.

– Хотин-қизлар қўмитаси тавсияси билан 60 миллион сўм кредит олиб, ўз хонадонимда қолипли нон ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйдим, – дейди “Топтиқ” маҳалла фуқаролар йиғини яшовчи Зулфира Ҳолматова. – Айни кунда цехимизда тайёрланаётган қолипли нон ва бир неча турдаги қандолат маҳсулотлари харидорларга манзур бўлмоқда. Энг муҳими, маҳалламиз аҳли ана шу маҳсулотларни харид қилиш учун узоққа бориб юрмайди, қолаверса, 5 нафар хотин-қиз доимий иш ўрнига эга бўлди.

Семинарда “Топтиқ” маҳалла фуқаролар йиғини хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилотининг 5 та йўналишдаги гуруҳлар фаолиятини тизимли ташкил этиш бўйича тақдимоти намойиш этилди.

Шундан сўнг “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази қошида ташкил этилган “Бўлғуси келин-куёвлар мактаби” ўқув курси фаолияти билан танишилди. Марказнинг навбатдаги машғулотида тўққиз нафар қизни тарбиялаб, вояга етказиб, турмушга чиқарган Саодатхон она Исроилованинг бўлғуcи келин-куёвлар билан суҳбати барчада катта қизиқиш уйғотди. Онахон ёшларга ўзининг бой ҳаётий тажрибалари ҳақида гапириб, оилани мустаҳкамлаш юзасидан зарур тавсия ва маслаҳатлар берди.

Туманда оилаларни мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган бу каби ишлар натижасида жорий йилнинг биринчи ярмида 186 оила яраштирилди, ажримлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 25 тага камайган. Семинар доирасида оғир ижтимоий шароитда яшаётган бир гуруҳ ногирон аёлларга Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг жамоат фонди томонидан ажратилган ногиронлик аравачалари ҳамда эшитиш мосламалари топширилди.

Семинар қатнашчилари “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази фаолиятига оид меъёрий ҳужжатларнинг юритилиши, оилани мустаҳкамлаш бўйича тумандаги илғор иш тажрибалари билан яқиндан танишди. Мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

7 314
Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ, ЎзА