ЎзА Ўзбек

20.08.2018 17:46 Чоп этиш версияси

Олтиндан тарозу, олмосдан тош оз...

Халқимизда “Ҳамма кун битта кун-да”, деган нақл бор. Лекин халқ ҳаётида шундай даврлар бўладики, унинг фақат кунлари эмас, соатлари, дақиқалари ҳам бир-бирини такрорламайди. Ҳар бири ўз янгилиги, ўз мазмуни, ўзгаришлари билан фурсатларни бойитади, тўлдиради. Ватанимиз мустақиллигининг шонли 27 йиллиги арафасида кечаётган шахдли, шиддатли дамларимиз ҳам ана шундай армонларимизни қаритадиган, орзу-умидларимизни яшартириб, мақсадларимизни улканлаштирадиган онлар сифатида қадрлидир. Айни кунлардаги кўтаринки кайфиятимизга мос тарзда яна бир ифода билан таърифлайдиган бўлсак бу кунларнинг чинакам баҳосини ўлчаш учун олтиндан тарозу, олмосдан тош оз.

"Адабий муҳитнинг марказида бўлиш, катта қозонларда қайнаш учун биз икки ёш – икки ижодкор ота-онамизнинг рози-ризолиги билан пойтахтга келган эдик. Бир неча йиллар ижара уйларда қийналиб яшадик. Икки фарзандли бўлдик. Ижара уйимизнинг эгаси остонада кўринса "Бошқа қўналға топинглар, уйимиз ўзимизга керак бўлиб қолди", дермикан, яна кўч-кўронимизни кўтариб қаерга борар эканмиз, дея юрагимиз ўйнарди. Президентимизнинг ёш ижодкорларга ғамхўрлиги туфайли уйли – Ватанли бўлдик. Кўнглимизга хотиржамлик инди. Энди икки қаламкаш энг яхши асарлар учун адабиётимиз олдида қарздормиз”. Бундай миннатдорчилик сўзларини мен қашқадарёлик умидли қаламкаш Дилафрўз Чориевадан эшитдим.

Айни кунларда фақат ватанли бўлгач Дилафрўз эмас, илк китобчаси “Ижод” фонди ҳисобидан чоп этилиб, элга тарқатилган 20-25 ёшлар орасида қалб кечинмалари билан шеърхонларга рўпара бўлган Гулруҳ Худоёрова, Шоҳсанам Нишонова каби ёш ижодкорлар тилида ҳам шу шукрона, шу миннатдорлик.

Бугун “Адиблар хиёбони"да жам бўлиб, ғойибона суҳбатлар қураётган Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Зулфия, Саид Аҳмад, Саида Зуннунова каби улуғ устозларимизнинг рамзий сиймосидан ҳам ўша миннатдорлик, ўша шукрона хушбўй бўлиб, гул-гиёҳлар шивири, қушлар сайроғи бўлиб таралаётгандир. Ахир, улар шоир қалби билан истиқлолни ўзгача интиқ бўлиб кутди. 

Паркент, Зомин боғларида халқимиз, миллатимизнинг қалбини жўштириб, тафаккурини тобора юксалтирадиган асарлар ёзилиши учун бунёд этилаётган ижод уйлари ғиштларини шамоллар чертганда теграсида янграётган овозларни ҳам сўз лаҳжасига кўчирсак, мазмуни – шукронадир, мазмуни миннатдорчиликдир.

“Одамнинг чиқити бўлмайди, деган гапни эшитганман. Лекин ўзим бу гапга ишонмасдим. Худо қай бир бандасини бахт учун, қай бирини дард учун яратади, деб ўйлардим. Ўзимни қайғу учун туғилган кимсалар қаторига қўшганим учундир кетма-кет хатолар қилдим. Хатоларим панжара ортига олиб борди. Лекин Президентимиз мени афв этди. Энди хато қилишга уяламан”, деган ёзув қолдирибди ижтимоий тармоқда Зеби исмли самарқандлик аёл.

Президентимизнинг саъй-ҳаракати билан қўшни мамлакатлар билан дўстлик алоқалари янада мустаҳкамланди. Халқаро майдонда мамлакатимиз нуфузи тобора ортиб бормоқда.

“Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари асосида ҳудудларимиз янги қиёфа касб этмоқда. Бу ободлик халқимиз кўнглига кўчаётгани янада қувончлидир.

Ўзбекистон ёшлари ҳақида ҳам доим тўлқинланиб гапирамиз. Уларга яратилган имкониятларга ҳавас қиламиз. Ўз навбатида фарзандларимиз эришаётган ютуқлар ҳам кўнглимизни кўтаради.

Илк бор ўтказилган китобхонлар танловида ғолиб бўлиб, Президентимиз совғаси – “Spark” автомобили билан тақдирланган иқтидорли ёшлар, фан олимпиадалари, халқаро спорт мусобақаларида юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қилиб келаётган ёшларимизни кўплаб санашимиз мумкин.

Истиқлолимиз туфайли кўп яхши кунларга етиб келдик. Бугунги ободлик, халқимиз хотиржамлиги, ҳаётимиз мазмуни озод юртимиз, азиз халқимиздир. Мустақиллигимизнинг 27 йиллик байрамини нишонлашимизга ҳам саноқли кунлар қолди. Шу кунларда ҳар биримизнинг қалбимиздан бир ҳис кечади: азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним.

Қутлибека Раҳимбоева,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.

ЎзА
6 026