Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.05.2017 20:43 Чоп этиш версияси

"Олтин қалам": халқ меҳри ва улкан масъулият

"Олтин қалам": халқ меҳри ва улкан масъулият Пойтахтимиздаги "Туркистон" саройида "Олтин қалам" XII Миллий мукофоти учун халқаро танлов ғолиб ва совриндорларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

3 май – Жаҳон матбуоти эркинлиги куни муносабати билан таъсис этилган мазкур халқаро танлов ғолибларини тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ва идоралар, ижодий ва жамоат ташкилотлари, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Танлов ташкилий қўмитаси раиси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси С.Ҳакимов ва бошқалар Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан матбуот соҳасини тубдан ислоҳ этиш, уни тўртинчи ҳокимиятга айлантириш, моддий базасини янада мустаҳкамлаш, кадрларнинг касб салоҳиятини юксалтириш борасида амалга оширилган эзгу саъй-ҳаракатлар бугунги кунда изчил давом эттирилаётганини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг жамият ҳаётининг барча соҳаларини янада ривожлантириш, халқимиз манфаатларини ҳимоялаш, оғирини енгил қилиш, муносиб меҳнат, турмуш шароитларини яратиш, шу мақсадда аҳолининг барча қатламлари билан очиқ ва самимий мулоқот ўрнатиш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатларини халқимиз мамнуният билан кутиб олмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 7 февралдаги "Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида"ги фармони мамлакатимизни янада барқарор ва жадал суръатлар билан ривожлантириш учун мутлақо янгича ёндашув ҳамда тамойилларни ҳаётга кенг жорий этишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Буларнинг барчаси жамият кўзгуси саналмиш оммавий ахборот воситалари ходимларидан рўй бераётган ўзгариш ва янгиланиш жараёнларининг мазмун-моҳиятини халқимизга кенг ва атрофлича, таъсирчан тарзда тушунтиришни, жамиятда учраб турувчи турли камчиликларга нисбатан теран танқидий-таҳлилий ёндашишни, давр билан ҳамнафас бўлишни талаб этмоқда.

Медиа соҳага кўрсатилаётган алоҳида эътибор самарасида оммавий ахборот воситаларининг сони ортиб бормоқда. Мавжуд босма нашрларнинг 53 фоизини, телерадиоканалларнинг 85 фоизини нодавлат оммавий ахборот воситалари ташкил этади. 330 дан зиёд веб-сайтлар оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатдан ўтказилиб, уларнинг аксарияти нодавлат сектор улушига тўғри келмоқда. Медиа тузилмалар бугунги кунда Ўзбекистонда истиқомат қилаётган миллат ва элатларнинг 7 тилида фаолият олиб боради. Ахборотлар ва телерадиомаҳсулотлар қатор хорижий тилларда ҳам тарқатилмоқда.

"Олтин қалам" Миллий мукофоти учун халқаро танлов журналистларни янада фаол, изланувчан бўлишга, воқеликка теран нигоҳ, катта масъулият билан қарашга даъват этмоқда.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ҳамда Журналистларни қайта тайёрлаш маркази томонидан Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Миллий телерадиокомпания, Маданият вазирлиги, Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши, "Uzreport" ахборот агентлиги билан ҳамкорликда ўтказилаётган мазкур танлов мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари ходимларида тобора катта қизиқиш ва эътибор уйғотмоқда.

Ўтган йиллар мобайнида унинг доирасида 5 минг 500 дан ортиқ журналистнинг 80 мингга яқин ижодий иши кўриб чиқилди. 237 нафар ҳамкасбимиз мазкур танловнинг ғолиби бўлди. Шу билан бирга, 70 дан ортиқ ижодкор халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналари томонидан таъсис этилган мукофотлар билан тақдирланди.

Бу йилги "Олтин қалам" танловида 520 журналист 9 минг 500 га яқин материали билан қатнашди. Телевидение, радио, босма оммавий ахборот воситалари ва интернет-журналистика йўналишлари бўйича ўтказилган ушбу танловда битта бош мукофот, ҳар бир йўналиш бўйича учтадан мукофот ҳамда "Энг яхши фоторепортаж учун" ва "Энг яхши матбуот хизмати" рағбатлантирувчи номинациялари таъсис этилган. Бу йилдан жорий этилган "Чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали учун" ҳамда "ОАВда китобхонлик маданияти тарғиб қилинган энг яхши материал учун" номинацияси бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.

Танловни ўтказиш, ғолибларни тақдирлаш билан боғлиқ сарф-харажатлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилди.

Танлов доирасида Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши, Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди каби ташкилотларнинг мукофотлари ҳам топширилди.

БМТнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ахборот маркази, ЕХҲТ, ЮНЕСКО, ЮСАИД лойиҳаси, Германиянинг Халқ университетлари ассоциацияси, Словениянинг "Минтақавий мулоқот", "Softline" компанияси каби халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналари, АҚШ ва Хитой Халқ Республикасининг элчихоналари ҳам ўз мукофоти билан қатнашди.

Бош Миллий мукофотга "Тафаккур" журнали таҳририяти сазовор бўлди. Ғолиб жамоа махсус диплом, “Олтин қалам” кўкрак нишони, статуэткаси ва мамлакатимизда белгиланган энг кам иш ҳақининг 200 баробари миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланди.

– "Олтин қалам" халқнинг юксак меҳри билан йўғрилган мукофотдир, – дейди журнал бош муҳаррири, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам. – Президентимиз халқ билан мулоқот қилиш, одамлар мақсад-муддаоларини чуқур ўрганишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Шиддатли давр талабларига жавобан биз янада фаол, изланувчан, ҳозиржавоб бўлишимиз, янада журъат ва қатъият билан меҳнат қилишимиз, юртдошларимизда Ватан келажаги, унинг тақдири учун фуқаролик позициясини мустаҳкамлашда масъулиятни чин юракдан ҳис этишимиз лозим.

Ғолиб ва совриндорларга диплом ва совғалар, пул мукофотлари топширилди. Санъат усталари ва ёш ижрочилар иштирокида концерт намойиш этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Т.Норбоева сўзга чиқди.

Назокат Усмонова, Аъло Абдуллаев (сурат), ЎзА
9 372






Все о погоде - Pogoda.uz