ЎзА Ўзбек

14.03.2019 20:05 Чоп этиш версияси

Олти ойда олтмиш номдаги китоб

Олти ойда олтмиш номдаги китоб

Миллий матбуот марказида “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси матбуот анжумани ўтказди.

“Шарқ” НМАК республикамиздаги энг йирик ноширлик корхоналаридан бири ҳисобланади. Корхонада барча турдаги полиграфия маҳсулотлари юқори сифат ва жаҳон андозалари асосида тайёрланади. Айни кунда корхонада 70 га яқин марказий газета ва 10 дан ортиқ журнал босилади. Асосий ноширлик йўналиши китоблар нашр қилишдан иборат бўлган нашриётда ҳар йили 200 дан ортиқ номдаги бадиий, илмий-оммабоп, диний-маърифий, энциклопедик ҳамда болалар ва ўсмирлар адабиётлари чоп этилади.

Анжуманда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори нашриёт фаолиятини янги босқичга кўтаришда дастуриламал бўлаётгани таъкидланди.

Нашриёт билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Миллий телерадиокомпания, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи каби нуфузли ташкилотлар ўртасида олиб борилаётган ҳамкорлик ҳақида маълумот берилди. Нашриёт тарихи, ҳозирги фаолияти ва келгуси режалари ҳақида тўхталиб ўтилди.

– Кейинги пайтларда корхонамиз томонидан нашр қилинаётган китоблар омма ўртасида алоҳида эътироф этилаётгани қувонарлидир, –дейди “Шарқ” НМАК бош муҳаррир ўринбосари Носиржон Жўраев. – Айниқса, “Алишер Навоий қомусий луғати”, “Заҳириддин Муҳаммад Бобур энциклопедияси”, “Тиббиёт энциклопедияси” каби фундаментал адабиётлар, атоқли адибларнинг “Танланган асарлар”и китобхонлар томонидан қувонч билан кутиб олинди. Охирги олти ойда нашриётимиз томонидан 60 номдан ортиқ китоблар чоп этилди.

Компания тизимида фаолият юритувчи “Шарқ зиёкори” китоблар савдо маркази ва унинг ҳудудий филиаллари орқали китоблар ҳамда кенг турдаги халқ истеъмоли моллари ўз вақтида ўқувчиларга етказиб берилмоқда.

Гулноза Бобоева, ЎзА
4 232