ЎзА Ўзбек

08.09.2018 12:59 Чоп этиш версияси

Олмазорда кейинги 3 йилда 400 миллион долларлик инвестициялар жалб этилади

Олмазорда кейинги 3 йилда 400 миллион долларлик инвестициялар жалб этилади

Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетида Олий Мажлис Сенати Кенгаши ва халқ депутатлари Олмазор тумани Кенгашининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди.

Олий Мажлис Сенати Раиси Н.Йўлдошев, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мурожаатлар билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари У.Муҳаммадиев, Олмазор тумани ҳокими Б.Раҳмонов, сенаторлар, депутатлар, мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирок этган йиғилишда пойтахт ҳудудлари, шу жумладан, Олмазор туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид долзарб масалалар барча даражадаги давлат ҳокимияти органлари олдида турган асосий вазифалардан эканлиги айтилди.

Йиғилишда давлатимиз раҳбарининг Олмазор туманига ташрифи чоғида белгилаб берилган вазифалар, шунингдек, Олий Мажлис Сенати Кенгаши ва халқ депутатлари Олмазор туман Кенгашининг қўшма қарори билан тасдиқланган “Йўл харитаси” ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар 4 сектор кесимида кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, кейинги 3 йилда туманда жами 400 миллион долларлик инвестицияларни жалб қилиш режалаштирилган. Бу борада туман ҳокимиятида тадбиркорлар билан музокаралар ўтказилиб, жорий йилда жами 97 миллион доллар инвестициялар жалб қилиш бўйича ташаббускорлар билан инвестицион лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Тумандаги 55 маҳаллада мулкчилик шаклидан қатъий назар, бўш турган объектлар, фаолияти тўхтаган корхоналар, тўлиқ фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш ва ер майдонлари хатловдан ўтказилди. 447 ана шундай объект аниқланиб, улардан самарали фойдаланиш чоралари кўрилди. Мажлисда аҳоли муаммоларини ўрганиш бўйича масъул вазирлик ва идоралар, туман ҳокимлиги раҳбарларининг ахбороти тингланди. Туман ҳокимининг айтишича, жорий йилнинг 3 июнидан 10 августигача тўрт сектор раҳбари ўз ҳудудида йиллар давомида ечимини кутаётган муаммоларни аниқлаб, бартараф этиш чораларини кўрган. Ўрганишлар давомида туманда 1 минг 256 фуқаронинг муаммолари аниқланди. Уларнинг аксариятини уй-жой масаласи ташкил қилади.

Туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда саноат соҳаси муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, Олмазор кичик саноат зонаси фаолиятини янада яхшилаш, тадбиркорларга қулай шароитларни яратиш мақсадида аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, таъмирлаш, ҳудудни тартибга келтириш ва мавжуд бўш турган бино ва ишлаб чиқариш майдонларини тадбиркорларга бириктириш чоралари кўрилмоқда.

Халқ фаровонлигини оширишнинг бош омили сифатида туман аҳолисининг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда жорий йилда 15 мингта янги иш ўрни яратиш бўйича Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда ишлаб чиқилган аниқ чора-тадбирлар дастури амалга оширилмоқда. Янги иш ўринлари асосан саноат, хизмат кўрсатиш соҳасида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, кўп қаватли турар жойлар ва йўл-муҳандислик инфратузилмасини қуриш, кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш билан боғлиқдир.

Туманда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари ҳам амалга оширилмоқда. Хусусан, Иброҳим ота маҳалласида “Обод маҳалла” дастурига мувофиқ 24 кўп қаватли турар жойнинг фасадлари, том қисми, кириш йўлаклари, муҳандислик тармоқлари ва ертўлалари тўлиқ таъмирдан чиқарилди. Шунингдек, маҳалла ҳудудида 11 минг квадрат метрдан ортиқ ички йўллар таъмирланди.

Шунингдек, мажлисда тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар тартибли ўтказилишини депутатлар ва кенг жамоатчилик томонидан назорат қилиш масаласи муҳокама қилинди. Таъкидланганидек, маҳаллаларда намуна тариқасида ихчам тўйларни ўтказиш учун маҳаллий бюджет ва маҳалла жамғармаси ҳисобидан 1 миллиард сўм маблағ ажратилиб, бугунги кунга қадар 15 маҳаллада ихчам тўйлар ташкил этилиб, оммавий ахборот воситаларида ёритилди.

Мажлисда муҳокама қилинган масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши ва халқ депутатлари Олмазор туман Кенгашининг қўшма қарори қабул қилинди.

Н.Насриев, ЎзА
4 111