ЎзА Ўзбек

30.07.2018 09:51 Чоп этиш версияси

Олмазор тумани дабдабали тўйларга чек қўйиб, Республикага ўрнак бўлмоқда

Олмазор тумани дабдабали тўйларга чек қўйиб, Республикага ўрнак бўлмоқда

Энг яқин қариндошлар, кичик жамоа, келин-куёвнинг оила аъзолари иштирокида Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги “Тарона” тўйхонасида ўтган Убайдуллабек ва Муножотхонларнинг висол оқшомига 100 та меҳмон ташриф буюрди.

Мавлуда Ғаниева – куёвнинг онаси:

— Мен қариндош-уруғ, қудаларим билан келишган ҳолда ихчам тўй қиляпман. Камхарж тўй қилиб, ортган пулларимизни уйнинг кам-кўстига ишлатдик. Мебелларни ҳам ўзим олдим, чарлари, саломлар, қўниқлар, ҳайитлар, тоғоралар каби “удумлар”ни қилмасликка келишдик. Фарзандларим ҳам бунга рози бўлди. Президентимиз ҳам Олмазор туманига ташриф буюрганларида тўй ҳақида гапирдилар, мен ҳам бундан сўнг камчиқим тўй қилишга қарор қилдим.

Халқимизда азалдан “Маслаҳатли тўй тарқамас” деган нақл бор. Бугунги намунали тўйга ҳам туман ва маҳалла мутасаддилари бош-қош бўлишди.

Самиғжон Ҳикматов – Олмазор туман фуқаролар ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш кенгашлари раисининг диний-маърифий масалалар бўйича ўринбосари:

— Юртбошимизнинг Олмазор туманига ташрифлари, халқ билан мулоқоти давомида маҳалла оқсоқоллари билан учрашганларида бугунги кунда энг долзарб масалалардан бири тўй-ҳашамларни ихчам ўтказиш ва ёш оилаларнинг келгусида бахтли яшашлари учун керакли ишларни қилиш бўйича ўз фикр-муносабатларини билдирдилар. Мазкур ташрифдан сўнг туманимиздаги 58 та маҳалла раислари билан бамаслаҳат бир фикрга келдикки, Олмазор тумани келгусида ўтказиладиган тўйларда ўзининг алоҳида ўрнига эга бўлиши керак ва камхарж, чиройли, ихчам тўйларни ўтказишни бошлаши керак. 

Жумладан, мана бугун “Гуручариқ” маҳалласидаги тўй маросими ихчам ўтказилмоқда. Иқтисод қилинган маблағларни ёш оилалар учун сарфлаш мақсадга мувофиқ. Бундан кейин мен ўйлайманки, бизнинг туманимизда дабдабали тўйларга чек қўйилади ва ёшларимизнинг келгуси бахти учун барча шарт-шароитлар яратиб берилади. 

Шарофиддин Имомов – маҳалла фаоли:

— Мана бугун маҳалламизда жамоатчилик асосида, Президентимиз таклифларига биноан, келишилган ҳолда шу тўй маросими ўтказишни бошлаб бердик. 

Маҳалламизда тўй қиладиганларда иккиланиш ҳолатлари ҳам бор. Мана биз бугунги тўй тафсилотини уларга тушунтирадиган бўлсак, қизиқиш ортиб, худо хоҳласа, ҳамма маҳаллада шунақа ихчамгина, келишилган ҳолда, чиройли тўйлар ўтади, деган умиддаман. Илгари тўйдан сўнг ҳам чарлари, келин саломлар бўларди, улар ҳам бир тўйдай ўтарди. Мана ҳозир уларни йўқ қилдик. Унинг ўрнига келин-куёвга бирор нарса олиб бериш мумкин бўлади, турмуш даражаси анча яхшиланади. Тўй бир зумда ўтади-кетади, лекин бу нарсалар бир умрга қолади. Бугунги тўйимиз чиройли ўтади, бундан намуна олиб, бошқа маҳаллалар ҳам бутун юртимиз бўйича худди шунақа чиройли тўйлар ўтказилса мақсадга мувофиқ бўларди. Кўп нарса маҳалла фаолларига боғлиқ, мен уларнинг ҳаммасини фаолликка чақираман.

Дабдабали тўйларга қарши курашда энг катта “дастак”лардан бири ёшлар, улар онгини ўзгартириш, тушунтириш ишларини олиб боришдир. Боиси аксар дабдабага қурилган тўйларнинг асл сабаби мана шу ёшларнинг инжиқлиги, тенгдошларидан ўзишга, улардан ҳам каттароқ тўй қилишга интилиши, ота-оналарни мажбур қилиши. Шу боис меҳмонлар орасидан ҳали оила қуриб улгурмаган ёшлардан бирини суҳбатга тортдик, камчиқим тўй борасида фикрлари билан қизиқдик.

Умида Базарова – меҳмон:

— Бугунги кунда телевидение томонидан ҳам камчиқим тўйлар ўтказиш ҳақида турли хил кўрсатувлар бўлмоқда. Бундан одамлар ўзига хулоса чиқариб тўй қилишяпти. Мана камчиқим тўйлардан бирига гувоҳ бўлиб турибман, жуда чиройли бўляпти, келин ва куёвнинг юзида табассум. Бундай камчиқим тўйлар бўлишида ёшларимизнинг ҳиссаси катта, деб ўйлайман.

Ёшларимиз харажатларни камайтириб, келинларимиз кияётган кўйлакларини озгина камайтирилган ҳолатда олишса, бундан ҳам чиройли тўйлар бўлади. Ота-оналари ҳам жуда хурсанд. Ҳозирги тўйимиз олдинги тўйларга қараганда ҳам чиройли ўтмоқда. Мен ҳам турмушга чиқсам ота-онамни қийнамасдан камхаражат тўйлар қилишимиз тарафдориман.

Бўлғуси ёш оила учун Олмазор туман ҳокимияти ва туман “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан Президентимиз совғаси топширилди.

Кексалар айтгандек, бир кунлик тўй ҳам ўтди-кетди, аммо бу тўй бошқа тўйлардан кескин фарқ қилди. Унда дабдаба, кўз-кўз қилишга ҳаракат қилинмади. Шунчаки оддий, созгина, камчиқим тўй ўтказиш маъқул кўрилди. 

Тўйхонадан чиқар эканмиз биргина мана шу каби ихчам, камхарж, дабдабасиз тўй соатлаб айтилган нутқлар, ўнлаб тадбирлардан кўра самаралироқ таъсирга эгалиги, инсонларни кўпроқ мушоҳадага чорлашига амин бўлдик. Зеро, бугун ушбу тўйга келган инсонларнинг атиги биттаси бўлсин мен ҳам шундай ихчам тўй қилсам бўлар экан, деган мазмунда мулоҳаза юритса, шунинг ўзи кифоя.

И.Аҳатова​, ЎзА
6 688