ЎзА Ўзбек

09.08.2018 12:03 Чоп этиш версияси

Олмалиқ ривожланиш мусобақасида ортда қолмаяпти(ми?)

Олмалиқ ривожланиш мусобақасида ортда қолмаяпти(ми?)

Ноодатий мусобақада Бекобод шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари хусусида маълум қилгандик. Хўш, Олмалиқ томонларда нима гаплар? Шаҳар ушбу беллашувда муносиб иштирок этяптими? 

photo5431439424211757353.jpg

Олмалиқ мамлакатимизда рангли металл ишлаб чиқариш бўйича йирик саноатлашган шаҳар ҳисобланади. 130 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилувчи шаҳарда сўнгги бир йилда улкан бунёдкорлик, қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Жумладан, шаҳар инвестиция дастурига мувофиқ, 2017-2019 йилларда саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги йўналишлари бўйича умумий қиймати 253 миллиард 457 миллион сўмлик 89 лойиҳани амалга ошириш ва 985 янги иш ўрни яратиш режалаштирилган эди. Айни пайтга қадар дастур доирасидаги 53 лойиҳа ҳаётга татбиқ этилган ва 607 янги иш ўрни яратилган.

Президент ташрифидан сўнг шаҳарда умумий қиймати қарийб 92 миллиард сўмлик 25 лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган эди. Бугунги кунга қадар 31 миллиард 143 миллион сўмлик 10 лойиҳа амалга оширилиб, 205 янги иш ўрни яратилди. “HE-CHUANG TECHNOLOGY“ корхонаси ана шулардан бири. Хитойлик сармоядорларнинг 1 миллион долларлик маблағи эвазига фойдаланишга топширилган мазкур корхонада қизилмия ўсимлиги томиридан концентрат ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. 

“Чевар“ масъулияти чекланган жамияти ўтган йил сентябрь ойида фаолият бошлаган. 1 миллион долларлик ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида 180 кишининг доимий бандлиги таъминланди. Айни пайтда бу ерда 15 турдаги болалар кийими тайёрланиб, маҳсулотнинг асосий қисми Россияга экспорт қилинаётир.

Олмалиқ шаҳрининг Ибн Сино кўчасида ҳам Президентимиз ташаббуси билан “Мустақилликнинг 27 йиллиги массиви“ қад ростламоқда. Бу ерда ҳар бири 42 хонадонга мўлжалланган 7 қаватли 10 та уй фойдаланишга топширилиш арафасида. Янги массивда аҳоли фаровонлигини юксалтириш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида гипермаркет, мактабгача таълим муассасаси, маданият ва истироҳат боғи ҳам барпо этилаётир.

Шаҳарнинг Бўстон маҳалласи ҳудудида кичик саноат зонаси ташкил этилган. Айни пайтда “Олмалиқ кичик саноат зонасини бошқариш дирекцияси“ давлат унитар корхонаси томонидан 6 лойиҳани амалга ошириш бўйича ташкилий чоралар кўрилмоқда.

Президентимизнинг 2017-йил 1-декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида шаҳардаги собиқ ётоқхона биноси қайта таъмирланиб, ногиронлиги бўлган 53 оила, жумладан, шаҳардаги 15 шундай оила уй-жой билан таъминланди.

Шаҳарда боғча ёшидаги болалар 8 минг 200 нафардан зиёд. Сўнгги бир йилда ҳудудда 125 ўринли 3 хусусий мактабгача таълим муассасаси фаолияти йўлга қўйилди. Натижада болаларни боғчага қамраб олиш даражаси 80 фоизга етди.

Аҳолини тоза ичимлик суви, электр энергияси, газ билан таъминлаш, ички йўлларни асфальтлаш ва таъмирлаш борасида ҳам қатор ишлар бажарилган. Жумладан, 5,6 километр узунликдаги сув қувури мукаммал, 33 километрлик қисми эса жорий таъмирдан чиқарилган. 2 янги трансформатор ўрнатилиб, 18 таси мукаммал таъмирланган. 43 эски ёғоч устунлар янги темир-бетонлисига алмаштирилган. Аҳолига табиий газ етказиб беришни яхшилаш мақсадида 3 минг 700 метр ўрта босимли газ қувури реконструкция қилинган. 1 газ тақсимлагич янгидан ўрнатилиб, 4 таси мукаммал таъмирланган. 45 минг 500 метр масофадаги ички йўллар мукаммал ва жорий таъмирдан чиқарилган. Шаҳарнинг марказий кўчасига қарийб 600 дона энергия тежовчи замонавий ёритиш мосламалари ўрнатилган.

Тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида шаҳар болалар шифохонаси реконструкция қилиниб, бинонинг “А“ блокидан кўп тармоқли марказий поликлиника, оилавий поликлиника филиали, тез тиббий ёрдам ва қон қуйиш бўлими, “В“ блокидан 90 ўринли болалар шифохонаси ўрин олган.

Шаҳарга кираверишдаги Ҳамза номидаги маҳалла фуқаролар йиғинида 2 минг 400 дан зиёд аҳоли истиқомат қилади. 10 кўп қаватли уй оралиғида жойлашган қарийб 1 гектар майдон бундан бир йил аввал ташландиқ ҳолда эди. Президентимиз ташрифидан сўнг ушбу ҳудуд ободонлаштирилиб, болалар учун турли аттракционлар ўрнатилди. Замонавий мини-футбол стадиони барпо этилди. Тадбиркор Абдуваҳоб Қорабоев томонидан салқин ичимликлар ва музқаймоқ дўкони қурилди. Эндиликда бу жой нафақат болалар, балки катталарнинг ҳам севимли масканига айланган.

Шаҳар ҳокимлигидан маълум қилишларича, шаҳарда 20 замонавий мини-футбол стадиони қурилиб, болалар ихтиёрига топширилган. Эътиборли жиҳати, улардан фойдаланиш мутлақо бепул.

Президентимиз шаҳарга ташрифлари давомида Ҳамза номидаги маҳалла билан шундоққина ёнма-ён жойлашган “Ойдин деҳқон бозори“ масъулияти чекланган жамиятида ҳам бўлиб, сотувчи ва харидорлар учун ҳар томонлама қулай шароит яратиш, замонавий инфратузилма барпо этиш бўйича тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди. Айни пайтда бу ерда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Барча қулайликларга эга ушбу замонавий бозор шу ой охирига қадар фойдаланишга топширилиши мўлжалланмоқда.

А. Худойқулов, ЎзА
5 659