ЎзА Ўзбек

05.07.2018 19:38 Чоп этиш версияси

Олмалиқдаги янги таълим муассасасида муҳандис-техник кадрлар тайёрланади

Сўнгги йилларда Тошкент вилоятининг ишлаб чиқариш ва саноат тармоқларида чуқур таркибий ўзгартиришлар туфайли ёқилғи-энергетика, тоғ-кон, кимё ва бошқа соҳаларда замонавий юқори технологияли ишлаб чиқаришни ташкил этиш, маҳаллий хомашё асосида янги турдаги маҳсулотлар тайёрлаш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ишлари изчил давом эттирилмоқда.

Шуни инобатга олган ҳолда, саноат тармоқлари учун малакали муҳандис-техник кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 27 июлдаги “Тошкент вилоятида саноат ишлаб чиқариш соҳаси учун муҳандис-техник кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳудудда саноат учун олий маълумотга эга юқори малакали муҳандис-техник кадрлар тайёрлаш тизимини янада ривожлантиришда муҳим дастуриламал вазифасини ўтамоқда.

Россиянинг Федерал давлат автоном олий таълим муассасаси “Миллий технологик тадқиқотлар университети “МИСиС”нинг Олмалиқ филиалида 2018-2019 ўқув йили учун кундузги бўлимга абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш бошланди. Бу ерда кончилик иши, металлургия, технологик жараёнлар ва ишлаб чиқаришни автоматлаштириш ва бошқариш каби йўналишларда таълим берилади. Жорий ўқув йилида филиалга 150 нафар йигит-қизни қабул қилиш режалаштирилган.

А.Мусаев, ЎзА
6 017