Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.07.2018 22:38 Чоп этиш версияси

Олма пиш, оғзимга туш, деб ётиш бизга ярашмайди


№ 26 .Мустақиллик.jpg

Жамолиддин НАЖМИДДИНОВ,
“Мустақиллик” МФЙ раиси:

– Фаолиятимни бошлаган вақтимда ҳудуддаги 11 кўп қаватли уйнинг том қисми ва ертўлалардаги муаммолар эътиборимни тортган эди. Ўтган сал кам икки йил давомида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда 9 кўп қаватли уй томи тунука билан ёпиб битказилди, ертўлалардаги 60 фоиз камчиликлар бартараф этилди. Маҳалламиздаги икки мавзеда “Ёш коммуналчи” тизими ташкил этилган. Уларда тўрт ходим ён-атроф тозалиги, чиқиндиларнинг вақтида олиб кетилиши, ободонлаштириш ишларига эътибор беради. Бажариладиган ишларни мунтазам назорат қилиб боради. Шу боис, аҳолида фуқаролик бурчи шаклланиб бормоқда. Аммо “гуруч курмаксиз” бўлмаганидек, эътиборсизлик қилаётган, бефарқликка йўл қўяётганлар ҳам учраб туради. Улар ўртасида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Энг ёмони боқибеғамлик, эътиборсизлик, яратилаётган шарт-шароитлардан оқилона фойдалана олмасликдир. Маҳалладаги тўрт мингга яқин аҳолининг тахминан 8 фоизга яқини айни “касаллик”ка чалинган. Биз бу масалага алоҳида ёндашиб, фаоллар билан бирга курашяпмиз.

Шу йил кузгача ишга туширилиши режалаштирилаётган “Тадбиркорлик маркази”да маҳалламиздаги косиблар, каштачилик, тикувчилик билан шуғулланадиган ҳунармандлар учун жойлар ажратилади.

Маҳалламиз ҳунарманди Мадина Қосимбоева ўн йилдан буён каштачилик билан шуғулланиб келади. Маҳалладаги аёллар ундан ҳунар сирларини ўрганиб, оиласи фаровонлигига ҳисса қўшиб келмоқда. Унинг меҳнатлари давлатимиз томонидан муносиб рағбатлантирилиб, 2015 йилда “Spark” автомобили берилди. Бу каби имконият ва рағбатдан руҳланган маҳалламиз хотин-қизлари айни вақтда бошқа ҳунармандлик сир-асрорларини ўрганишга киришган.

Юртимиз ривожи, жамиятимиз равнақи, оиламиз фаровонлиги учун шу юртда яшаётган ҳар бир фуқаро масъулдир. Зеро, бугунги шиддатли, тезкор ривожланиш замонида “олма пиш, оғзимга туш”, деб ўтириш бизга ярашмайди.

ЎзА
3 355