ЎзА Ўзбек

20.08.2018 23:50 Чоп этиш версияси

Олий таълимга замонавий менежмент ва маркетинг талаблари янада кенг жорий этилади

Олий таълимга замонавий менежмент ва маркетинг талаблари янада кенг жорий этилади
Ҳудудларда иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларидаги мавжуд эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда олий таълим муассасаларининг филиалларини ташкил этиш, кадрлар тайёрлашнинг замонавий таълим йўналишлари ва мутахассисликларини йўлга қўйиш зарур. Бу ҳақида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш, тизимга замонавий менежмент ва маркетингни жорий қилиш орқали соҳани ривожлантириш ва бошқа долзарб масалалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда тўхталиб ўтилди. 

Вазирлик матбуот хизмати хабарига қараганда йиғилиш видеоконференция тарзида ўтказилиб, унда Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги раҳбарияти ва мутахассислари, олий таълим муассасалари ректорлари, филиаллар директорлари иштирок этди. 

Дастлаб 2018/2019-ўқув йили учун олий таълим муассасаларига кириш тест синовларини ота-оналар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида шаффоф ва адолатли ўтказиш йўлида қилинган амалий ишлар якунлари муҳокама этилди. 
Шунингдек, олий таълим муассасалари бошқарувини такомиллаштириш, янги мутахассислик ва йўналишларни ташкил этиш борасида улар олдида турган вазифалар ҳамда тизимга замонавий менежмент ва маркетингни кенг жорий қилиш орқали олий таълим муассасаларини том маънода таълим маркази (хаб)га айлантириш вазифалари ҳам кўриб чиқилди. 

Бундан ташқари, таълим сифатини замон талаблари даражасида ташкил этиш, ўқув жараёнига инновацион илғор тажриба ва ўқитиш методларини жорий этиш, янги таълим хизматларини жорий орқали хорижий фуқароларни республика олий таълим муассасаларига жалб этиш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилди. 

Бунда олий таълим муассасаларига ўз йўналиши бўйича дунёнинг нуфузли олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, факультет ва дастурларни амалга ошириш, ўзаро тажриба алмашиш, биргаликда илмий фаолият юритиш борасида фаолиятни такомиллаштириш зарурлиги қайд этилди. 

5 592