Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

27.07.2018 12:30 Чоп этиш версияси

Олий таълимда туб бурилиш

Олий таълимда туб бурилиш

Жамият етук ёш кадрларга кўз тикиб турганда талабанинг вақтини ўғирлашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!

02.JPG

Собир Турсунов,
педагогика фанлари доктори

2019/2020 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларида “талабанинг ўзлаштириш даражаси – профессор-ўқитувчилар фаолиятини баҳолашнинг асосий мезони” тамойили жорий этилади. Бу айрим ўқитувчиларнинг кўр-кўрона дарс ўтиб, ўзининг ҳам, талабанинг ҳам вақтини ўғирлашдек оғир оқибатларни бартараф қилишга имкон беради.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда таълим тизимини изчил ривожлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 июндаги “Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори таълим тизимини янги босқичга олиб чиқди. 

Албатта, мазкур ҳужжат кадрлар тайёрлашда муҳим қадам. Олий таълим тизимини ривожлантириш учун етарли шарт-шароитлар яратилишига асос бўлди. 

Қарорда олий таълим муассасалари (ОТМ)да таълим сифатини оширишга тўсиқ бўлиб келаётган бир қатор муаммолар, бугунги кунда учраётган оғриқли нуқталар очиқ-ойдин санаб ўтилгани ҳолда ушбу муаммоларнинг ечимлари ҳам тўлиқ кўрсатиб берилди.

Дарҳақиқат, олий таълим тизимида ўқитишни ташкил этиш жараёни, таълим олаётган талабалар билимини баҳолаш тизими бугунги кун талабларига жавоб бермаётгани, профессор-ўқитувчиларнинг фаолиятини, билимини ва педагогик кўникмасини баҳолашнинг замонавий тизими мавжуд эмаслиги таълим сифатига салбий таъсир кўрсатаётган эди. 

Энди талабаларнинг билимини назорат қилиш ва баҳолаш борасида янгича йўл тутилади. Бунда таълим йўналишларининг ўзига хос жиҳатлари инобатга олинган ҳолда автоматлаштирилган, талабалар билимини баҳолашнинг портфолио, тест синовлари, ижодий иш, антиплагиат каби замонавий, шаффоф ҳамда адолатли усуллари жорий этилади. Муайян фанлардан дарс берган ўқитувчи-педагогларнинг якуний назорат жараёнидаги иштирокини истисно қиладиган тизимнинг қўлланилиши ҳам таълим тизимида очиқлик ва шаффофликни таъминлайди.

• Ҳар бир ОТМда 1-курс давомида саралаб олинган энг иқтидорли талабалар 
учун алоҳида гуруҳлар ташкил этилади, 2-курсдан уларни ўқитиш алоҳида 
ўқув режа ва дастурлар асосида амалга оширилади, улар магистратурага мақсадли 
қабул қилинади ва бу орқали ОТМ кафедралари учун малакали кадрлар 
тайёрлаш тизими жорий этилади.

2019/2020-ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларида “талабанинг ўзлаштириш даражаси – профессор-ўқитувчилар фаолиятини баҳолашнинг асосий мезони” тамойили жорий этилади. Энди баъзи ўқитувчиларнинг беҳуда ишга келиб-кетишларига чек қўйилади. Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, Президент қарори билан олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчиларини уларнинг вазифалари ва фаолият йўналишлари билан боғлиқ бўлмаган йиғилишларга, тадбирларга жалб этиш тақиқланди. Давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари, барча даражадаги ҳокимлар юқоридаги талабни бузганлиги учун эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган шахсий жавобгарлиги тўғрисида қатъий огоҳлантирилди. Ўқув юкламаларини ҳисобга олган ҳолда профессор-ўқитувчилар “вақт меъёрлари”нинг янги механизмлари ишлаб чиқилиши профессор-ўқитувчиларнинг вақтини ўқув жараёнига хос бўлмаган ишларга сарфлашнинг олдини олиш ҳамда уларни талабалар билан кўпроқ ишлашга йўналтиришга хизмат қилиши билан ниҳоятда аҳамиятлидир. 

Уз2.jpg
Сир эмас, шу кунга қадар олий таълим муассасаларига кириш тест имтиҳонларидаги айрим адолатсизликлар, коррупция билан боғлиқ ҳолатлар ота-оналарнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётган эди. Айниқса, бундай хуник ҳолатлар иқтидорли ёшларни олий таълим муассасаларига қабул қилишда муаммолар келтириб чиқараётганди. 

Эндиликда абитуриентлар ҳужжатларини электрон шаклда қабул қилиш тизими босқичма-босқич яратилаётгани, кириш имтиҳонларидаги тест саволлари тайёрлаш услубларини илғор хорижий тажриба асосида қайта кўриб чиқилгани, илғор халқаро имтиҳон тизимлари (TOEFL, IELTS, CEFR, SAT General, SAT Subject ва ҳоказо) сертификатларига эга бўлган абитуриентларга тегишли фанлардан белгиланган энг юқори балл бериш ва ушбу фанлар тест синовидан озод қилиш тартиби жорий қилиниши бу борадаги муаммоларни бартараф этишга хизмат қилади. 

Ҳақиқатдан олий таълим муассасаларидаги таълим жараёни устидан самарали жамоатчилик назоратининг ўрнатилмаганлиги ушбу соҳада кўплаб муаммоларнинг, энг аввало, коррупция ҳолатларининг сақланиб қолишига сабаб бўлаётганди. Энди барча ОТМда талабалар, ота-оналар, Ёшлар иттифоқининг фаоллари, кадрлар буюртмачилари, профессор-ўқитувчилар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан иборат таркибда жамоатчилик кенгашлари ташкил этилади.

Алоҳида таълим йўналишлари бўйича ўқиш муддати камида уч йил бўлган бакалавриат ҳамда камида бир йил бўлган магистратурани жорий этиш, 2018/2019-ўқув йилидан бошлаб таянч олий таълим муассасалари томонидан тегишли таълим йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича ўқув режалари ҳамда дастурларининг кадрлар буюртмачилари эҳтиёжларига кўра, мустақил равишда ишлаб чиқилиши ҳудудларда малакали кадрлар билан боғлиқ муаммоларга ечим бўлади.

• Вазирлар тасарруфидаги ОТМлар фаолияти юзасидан ҳар йили 
Вазирлар Маҳкамасида ҳисобот беради ҳамда ректорларнинг эгаллаб 
турган лавозимига лойиқлиги ёки нолойиқлиги масаласи кўриб чиқилади

Шу ўринда бир мулоҳаза, нега Давлатимиз раҳбари олий таълим муассасаларининг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ва тизимли ўзгаришлардаги иштироки ҳамда ташаббускорлиги сезилмаётганини танқид қилди? Ушбу саволга яқин йилларда мамлакатимиз туризм салоҳиятидан унумли фойдаланилмай келинганидан ҳам жавоб топиш қийин эмас. 

Бугунги замонавий дунёда туризм – мамлакат иқтисодиётининг эртанги кунини белгиловчи куч сифатида баҳоланяпти. Бунга туризми ривожланган давлатларнинг соҳадан топаётган даромадлари ҳам мисол бўлади. Масалан, Туркия давлатини олайлик. 

Хўш, нега айнан Туркия? Чунки турк ва ўзбек халқлари умумий кўп асрлик тарихи, тили ва дини, қадриятлари ҳамда муштарак урф-одат ва анъаналари билан бир-бирига чамбарчас боғланган. Қолаверса, Ўзбекистондаги мавжуд гўзал табиат, такрорланмас тарихий обидалар, қадамжолар Туркияникидан қолишмайди. 

05ZvHKEmlXI.jpg

Туркияда 1993 йилдан кейин туризм жадал ривожланди. Хорижликларнинг, айниқса, ёшларнинг мамлакатга қизиқиши ортди. Туркияда таълим олиш истагидаги ёшлар кўпайди. Чунки Туркиянинг ноёб жўғрофий жойлашуви ва бой маданий ва тарихий мероси нафақат ёшларнинг сифатли таълим олиши, балки уларнинг вақтларини қизиқарли ўтказиш учун ажойиб имконият яратди. Ана шундай пайтда ҳукумат таълим туризмидан унимли фойдаланди. Бу жараёндан мамлакат ОТМ ҳам четда турмади. Улар нуфузли таълим муассасалари билан турли меморандумлар имзолаб, давлатлар ўртасида талабалар ва ўқитувчилар алмашинувини ривожлантирди. 

Турклар ўзбеклар сингари меҳмондўст халқ. Туркиядаги кўпгина университетлар хорижлик талабаларга мамлакат ҳаёти ва анъаналарини ўрганишлари учун кенг имкониятлар яратади. Деярли барча университетлар биринчи курс талабалари учун бу борада турли ўқув дастурларини ташкил этишади. Бундан ташқари, Туркиянинг айрим университетларида ўқитиш тили инглиз тилидир.

Туркиядаги ҳар бир университет чет эллик талабаларни қабул қилиш учун ўз мезонларини белгилаш ҳуқуқига эга. Кўпинча хорижлик талабалар ўрта таълим бўйича миллий дипломлар, турли миллий ва халқаро тест натижалари асосида қабул қилинади. Хорижий фуқаролар учун ҳужжатларни топшириш одатда бепул. Бугунги кунда дунёнинг 160 давлатидан келган 16 минг нафар талаба турк университетларида «Туркиядаги талабалар» давлат дастури доирасида таълим олишмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг юқорида номи келтирилган қарори билан Ўзбекистон ва хорижий ОТМларнинг ўзаро келишуви ҳамда қўшма таълим дастурлари асосида талабаларни ўқитишни ташкил этиш ва икки томонлама тан олинадиган диплом бериш амалиёти жорий этилмоқда. Бундан ташқари, хорижий фуқаролар бакалавриатга квотадан ташқари суҳбат асосида тест синовларисиз ўқишга қабул қилинади. Ўзбекистонда ўқиш истагини билдирган хорижий фуқаролардан визаларни расмийлаштириш учун консуллик ва бошқа тўловлар ундирилмайди. Шу нуқтаи назардан айтганда, ушбу ҳужжат мамлакатимиз олий таълим тизимида туб бурилиш ясади.

ЎзА
17 282