ЎзА Ўзбек

14.02.2020 Чоп этиш версияси

Олий таълимда қандай ўнгланишлар кутилмоқда?

Олий таълимда қандай ўнгланишлар кутилмоқда?


Ўзбекистон тараққиётнинг янги босқичига кўтарилди. Бу босқичда ривожланиш даражаси ўз-ўзидан содир бўлмайди. Энг аввало, шунга мос кадрлар, техника ва технологиялар керак. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 24 январда Олий Мажлисга Мурожаатномасида қайд этилганидек, нафақат ёшлар, балки бутун жамиятимиз аъзоларининг билими, савиясини ошириш учун аввало илм-маърифат, юксак маънавият керак. Илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва албатта, тўғри йўлдан адашиш бўлади.

Энди масалага реал қарайлик. Бугунги аҳволимиз қандай, малакали кадрларнинг жамиятдаги ҳиссаси ва ўрни талабга жавоб берадими? Албатта, бу саволларга жуда кўтаринки мамнуният билан жавоб бериш қийин. Чунки бугунги кунда меҳнатга қобилиятли аҳолининг атиги 35 фоизидан сал ортиқроғи олий маълумотли. Қолган 65 фоиз аҳоли ўрта махсус ёки ўрта маълумотли кишилар. Ривожланган мамлакатларда меҳнатга қобилиятли аҳолининг 80-90 фоизи олий маълумотга эгалигини инобатга оладиган бўлсак, ўзимизда аҳвол қай ҳолатда эканига изоҳнинг ҳожати йўқ. Мурожаатномада 2020 йилда мактаб битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражасини камида 25 фоизга ва келгусида 50-60 фоизга етказиш вазифаси белгиланди.

Бугунги кунда ҳар бир киши замонавий билимларни ўзлаштирган, чинакам маърифат ва юксак маданият эгаси бўлишга ҳаракат қилиши лозим. Бундай одат, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, узлуксиз ҳаётий эҳтиёжга айланиши керак.

Бизнинг ҳаводан нафас олишимиз, ҳар куни озиқланишимиз – узлуксиз ҳаётий эҳтиёжимиз. Худди шундай чинакам маърифатли ва маданиятли бўлиш учун интилиб яшаш ҳам кундалик ҳаётий эҳтиёжимизга айланиши керак. Зеро, бугунги шиддат билан ўзгараётган замонда билимни ўзлаштириш ҳам, чинакам маърифатга интилиш ҳам, юксак маданият соҳиби бўлиш ҳам бир лаҳза кечиктириб бўлмайдиган жараёнга айланди. Бунга бефарқликни, энг аввало ўзининг, тараққиётнинг ва ниҳоят, жамиятнинг душмани, деб баҳолаш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 октябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида мамлакатимизда олий таълимни тизимли ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларини белгилаш, замонавий билим ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, олий таълимни модернизация қилиш, илғор таълим технологияларига асосланган ҳолда ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантиришга оид устувор вазифалар белгилаб берилган эди. Ушбу кенг кўламли вазифаларни бажаришда нафақат олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, балки бутун халқимизнинг фаол иштироки тақозо этилади.

Олий таълим тизимини ислоҳ қилиш борасида қўйилган устувор вазифалар ва бугунги ҳолатдан келиб чиқиб, таълим соҳасида қандай чора-тадбирларни амалга ошириш лозимлигига эътиборни қаратишни лозим, деб топдик.

Биринчидан, олий таълимда муваффақиятга эришишнинг энг устувор йўналишларидан бири унда қатъий интизомни жорий қилиш зарур. Интизом йўқ жойда билим ҳам, тарбия ҳам муваффақиятли бўлмайди. Интизом бўлмаган жойда вақт йўқотилади.

Интизом фақат дарсни ўз вақтида бошлаб, вақтида тугатиш билан чекланмайди. Бу ҳар бир профессор-ўқитувчи ва талабанинг ўз бурчини чинакамига белгиланган тартибда адо қилиши билан ҳам боғлиқ. Талабаларнинг барчаси дарсга келгани билан у билимни тўкис қилиши учун ўзи ҳам изланиши, ўқиши керак. Илм олишда шундай йўл тутмаса, у ҳам таълим олиш интизомини бузган бўлади. Бу ҳам катта зарар.

Иккинчидан, олий таълим фақат назарий билим бериш билан чекланиб қолмаслиги керак. Бунда назария билан амалиётнинг уйғунлигини таъминлаш лозим. Бунинг учун ҳар бир олий ўқув юртида ўзининг соҳаси бўйича замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган лаборатория ва тажриба майдончалари бўлиши зарур. Масалан, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти тажриба майдончаси сифатида шаҳардаги илғор меҳмонхоналар билан шартнома асосида фаолият кўрсатади. Бевосита ўзининг қошида миллий таомлар тайёрлайдиган, юқори сервис хизматлари кўрсатиш жараёни ташкил қилинган ошхонаси мавжуд. Институт қошида туристик фирма фаолият кўрсатади. Банк иши кафедраси қошида вилоятда жойлашган бир қанча тижорат банкларининг тажриба филиаллари мавжуд. Талабалар ҳам бевосита банкларда амалий машғулотларда қатнашади. Бундай тажриба ва амалиёт бошқа кафедраларда ҳам мавжуд. Ушбу тажриба майдончаларида назарий билимлар билан бирга, амалий кўникма уйғунлиги таъминланади. Аммо илм-фан ва амалиётнинг тўлиқ уйғунлигини таъминлаш учун булар етарли эмас. Ушбу фаолиятни янада кенгайтириш зарур.

Учинчидан, олий ўқув юртларида тегишли давлат идоралари ва ташкилотлари ҳамда тадбиркорларнинг махсус буюртмалари асосида кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш лозим. Шунда аксарият талабанинг иш жойи улар диплом олгунча аниқ бўлади. Улар эртага қаерда, қандай ишлаши кераклигини билади. Талабанинг амалиёт ўтайдиган жойи ҳам аниқ шу корхона ҳисобланади. Бундай ҳолатда талаба олий ўқув юртини битиргунча назария билан амалиётнинг уйғунлигини таъминлашга эришади. У шунчаки ўқимайди, балки буюртмачининг талабига мос мутахассис бўлишга ҳаракат қилади. Ушбу масалада ҳали анча ишларни амалга оширишга тўғри келади. Бу борада 2019/2020 ўқув йилидан иш бошланди. Буни кенгайтириш ва такомиллаштириш керак бўлади.

Яна бир муҳим жиҳат, талаба бир мутахассислик бўйича диплом олиб, шу соҳада иш бўлмаса, бутунлай бошқа соҳада фаолият кўрсатишга мажбур бўлади. Бу эса айнан шу талаба учун ҳам, жамият учун ҳам катта зарар. Яъни, жамиятга ўз соҳаси бўйича нафи тегадиган битта мутахассис бесамар “йўқолди”, дегани бу.

Тўртинчидан, олий таълим тизимида таълим, фан, инновация ва илмий-тадқиқот ишлари мужассам бўлган интеллектуал мулкни тижоратлаштириш муаммосини ҳал қилиш учун интеллектуал мулкнинг баҳоси ва бозори бўлиши керак.

Бугунги кунда моддий неъматларнинг бозори ва баҳоси аниқ. Шу туфайли ушбу соҳа жамият тараққиётига мос ҳолда ривожланиб бормоқда. Аммо интеллектуал мулкни шакллантириш унчалик осон иш эмас. Унга йиллар давомида машаққатли меҳнат эвазига эришилади. Бироқ ушбу меҳнат қадрланмаётганлиги унинг ривожланишига тўсиқ бўлаётган асосий омиллардан бири ҳисобланади. Шу сабабли биринчи галда интеллектуал мулкнинг баҳосини аниқлайдиган низом ишлаб чиқилиши лозим.

Ҳозир жамиятдаги муаммони ўйлаб топадиган ҳам, унинг ечими бўйича тавсиялар ишлаб чиқадиган ҳам, сўнгра амалиётга шу ишни жорий қилинг, деб “ялиниб” юрадиганлар ҳам илмий ходимлар, олимлар. Бундай ҳолат илмий ишга, интеллектуал мулкнинг соҳиби бўлишга қизиқиш уйғотмаяпти олимларда. Ҳозир олимларимиз фақат ойлик маоши оширилганлиги туфайли мазкур соҳада фаолият кўрсатишга қизиқиб, ҳаракат қилмоқда. Аммо бу ерда ҳам анча камчиликларимиз бор. Турли интеллектуал мулк соҳиблари мавжуд. Лекин уларга ҳақ тўлаш ўртасидаги тафовут шу интеллектуал мулкдаги тафовут билан мос келмайди. Шу нуқтаи назардан, Мурожаатномада таъкидланган педагогик маҳорат ва малака даражасига эга бўлган, ўз ишида аниқ натижаларга эришган ўқитувчиларга юқори маош тўлаш тизими жорий этилиши интеллектуал мулкнинг қадрланишига хизмат қилади.

Бешинчидан, олий таълим тизимида ўқитиш таркиби ва тартибини ҳам ўзгартириш керак. Олий ўқув юртидаги ҳозирги дастурлар асосан мутахассис бўлишга, эртага қандайдир бир ташкилотда ишлашга, ишлаб турган идора, корхона ва муассасада фаолият олиб боришга йўналтирилган. Олий ўқув юртларига ёшларни қамраб олиш даражаси 50-60 фоизгача ошириладиган бўлса, улар диплом олгандан кейин ҳаммасини ҳам фаолият кўрсатаётган идора, корхона ва муассасаларда ишга жойлаштириб бўлмайди. Давлат ташкилотларида ҳар йили эҳтиёжга яраша иш ўрни бўшамайди. Тадбиркорлар ҳам тегишли иш ўринлари билан фаолиятини давом эттиради. Улардаги яратилган янги иш ўринлари ҳам мазкур эҳтиёжни тўлиқ қондириш имконини бермайди. Бундай шароитда битирувчи талабаларни ўзини ўзи иш билан таъминлайдиган принципда янги иш ўринлари яратиш ва шу асосда яшаш кўникмасини шакллантирган ҳолда мустақил ҳаётга тайёрлаб бориш лозим. Бунда ҳар бир битирувчи ўзига ўзи иш жойини яратса, деярли шунча иш жойи ташкил бўлади. Олий маълумотли ёшларни шу йўналишда тайёрлаш вақти келди, деб ўйлаймиз.

Олтинчидан, талабаларни юқори малакали кадрлар этиб тарбиялаш масаласи қўйилмоқда. Бу бугунги тараққиётимиз учун сув ва ҳаводек зарур. Аммо шундай кадрларни тайёрлайдиган педагоглар етарлими, деган саволга жавоб бериш қийин. Ҳозирги авлод педагоглари соҳа ходимларига эътибор берилмаган паллада шаклланган кишилардан иборат. Олий ўқув юртини яхши ўқиб битирган жуда кўп талабалар бошқа соҳага, айримлари хорижга кетиб қолди. Ҳозирги педагоглар эса катта танлов билан қабул қилинган эмас. Шу туфайли, очиғини тан олиб айтиш керак, айрим педагогларимиз жамиятимизда содир бўлаётган кескин ўзгаришлардан орқада қолиб кетмоқда. Албатта, булар эскича ўқитиш, эски билим билан дарс ўтиш ишларини давом эттирмоқда. Бу йўл билан олий ўқув юртлари талабаларга билим эмас, диплом берадиган муассасага айланиб қолади. Энди олий ўқув юртида ишлайдиган ўқитувчининг малакаси ва савиясига баҳо берадиган, юқори талаб қўядиган вақт келди, деб ўйлайман.

Еттинчидан, “Коррупциясиз олий таълим”га эришиш жамиятимизнинг энг оғриқли нуқталаридан бири сифатида баҳоланмоқда. Ушбу муаммони ҳал қилиш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан биридир. Коррупция элементлари асосан олий ўқув юртларига кириш имтихонларида кузатилар эди. Бунга кейинги йилларда деярли барҳам берилди. Олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларини бундан кейин ҳам оптималлаштириш жараёни давом этиши бунга асос бўлади, албатта.

Ҳаётимиз кўрсатдики, қаерда коррупция элементлари бўлса, ишнинг сифати бўлмайди, адолат муҳити бузилади. Булар инсон руҳиятига ўта салбий таъсир қилади. Адолат бўлмаган жойда одамларда ишонч йўқолади. Ишонч йўқотилгач, одамларни рози қилиб бўлмайди. Шу туфайли коррупция элементларини нафақат таълим, балки барча соҳаларда бутунлай бартараф қилиш зарур ва бунда жамиятнинг барча қатлами фаол бўлиши керак.

Саккизинчидан, олий таълим муассасаларига босқичма-босқич академик ва молиявий мустақиллик берилади. Ушбу тадбир олий ўқув юртлари ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратади. Ҳозирги кунда Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан 10 та олий ўқув юрти ўзини ўзи молиявий таъминлашга ўтди. Шулар қаторида Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ҳам бор.

2020 йил барчамиз учун алоҳида масъулиятли, ҳар бир киши ўзини сафарбар қиладиган синов йили бўлади. Чунки эски иш услуби ва унга бўлган муносабатлар билан белгиланган юқори марраларни эгаллаб бўлмайди. Бу барчамиздан ўз фуқаролик бурчимизга бутунлай янги масъулият билан ёндашмоғимизни талаб этади.

Мамаюнус ПАРДАЕВ,

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти профессори, иқтисод фанлари доктори


2 187
ЎзА