ЎзА Ўзбек

30.06.2020 Чоп этиш версияси

Олий таълим, қурилиш ва соғлиқни сақлаш соҳаларида коррупция

Олий таълим, қурилиш ва соғлиқни сақлаш соҳаларида коррупция

Олий Мажлис Сенати Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда Бош прокурор ўринбосарининг соғлиқни сақлаш, таълим ва қурилиш соҳаларида коррупцияга қарши курашиш борасидаги фаолияти юзасидан ахбороти эшитилди.

Таълим муассасаларининг ўқув дастурларига коррупцияга қарши курашиш махсус курслари киритилди. Олий таълим муассасасида жамоатчилик кенгашлари шакллантирилди. Коррупцион муҳитни келтириб чиқарувчи сабабларни аниқлаш учун улар ўртасида аноним сўровномалар ўтказиб борилмоқда. Тўғридан-тўғри муассаса раҳбарияти ёки вазирликка электрон шаклда мурожаат қилиш (шу жумладан, аноним тарзда) имконияти яратилди.

Талабалик сафига қабул қилиш жараёнлари шаффофлигини таъминлаш мақсадида Тошкент давлат шарқшунослик университетида 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб ўқишга қабул қилишда шарқ тилларидан топшириладиган кўп балли тизим бўйича имтиҳонлар ўрнига тест синовлари ўтказилиши йўлга қўйилди.

Ушбу тажрибани келгуси ўқув йилидан бошлаб бошқа чет тиллари бўйича республикадаги барча давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда жорий этиш белгиланди.

Мажлисда капитал қурилиш соҳасида ҳам “коррупциясиз соҳа” лойиҳасини босқичма-босқич амалга ошириш жараёнида қурилиш тизимини тубдан ислоҳ қилишга алоҳида эътибор қаратилиб, қурилиш сифати ва кўламини ошириш, тизимда шаффоф механизмларни жорий қилиш бўйича олиб борилган муайян ишлар муҳокама қилинди.

Хусусан, 2019 йил 1 октябрдан бошлаб қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкалари тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун фақат “E-IJRO AUKSION” савдо майдончасида электрон онлайн-аукцион орқали бериш ҳамда аукцион ғолибларига тўғридан-тўғри ҳудудий кадастр бўлинмалари томонидан ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби белгиланди.

Шу билан бирга, мажлисда соғлиқни сақлаш тизимини ҳам тубдан ислоҳ қилиш, фуқаролар соғлиғини асраш, аҳолининг барча қатламлари учун сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш имконини яратишга қаратилган ишларга урғу берилди.

Ўз навбатида, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан жорий йилнинг февраль-март ойларида Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги 631 ташкилот ва муассасада меҳнат муносабатларига оид локал ҳужжатлар ва меҳнат шартномаларининг қонун ҳужжатларига мувофиқлиги ҳамда ушбу локал ҳужжатларда белгиланган талабларга риоя этилиши бўйича ўрганишлар ўтказилган.

Ўрганишлар давомида 4 минг 896 та қонун бузилиш ҳолати аниқланди, 458 та меҳнат муносабатларига оид буйруқ бекор қилиниб, қонун ҳужжатларига мувофиқлаштирилди. 20 муассасада жамоат шартномалари ва 9 муассасада ички меҳнат тартиб қоидалари юритилмаганлиги ҳамда 57 муассасада ушбу локал ҳужжатлар қонунчилик талабларига зид равишда ишлаб чиқилганлиги аниқланиб, уларни янгидан ишлаб чиқилишида амалий ёрдам кўрсатилган.

Мажлисда олий таълим, қурилиш ва соғлиқни сақлаш соҳаларида коррупцияга қарши курашиш борасидаги фаолиятда айрим камчиликлар мавжудлигига эътибор қаратилди.

Қайд этилганидек, сўнгги икки йилда таълим тизимида 326 нафар ходим таълим жараёни билан боғлиқ жиноятлар учун жавобгарликка тортилган. 317 нафар, яъни 97 фоиз ходим содир этган қилмишлар коррупциявий жиноят ҳисобланади.

91 та давлат олий ўқув юртининг 40 таси ёки деярли ҳар иккинчисида раҳбар ёки профессор-ўқитувчилар томонидан таълимга алоқадор жиноят содир этилган. Мавжуд 970 та коллеж ва лицейдан 131 таси, яъни 14 фоизида таълимга боғлиқ жиноятлар юз берган.

Сўнгги икки йилда соғлиқни сақлаш тизимидаги 581 нафар ходим турли жиноятларни содир қилганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган бўлиб, улардан 114 нафари, яъни ҳар тўртинчисининг содир қилган қилмиши коррупцион жиноят эканлигини кўрсатди.

Шунингдек, қурилишнинг барча босқичларида, яъни ер ажратишдан тортиб то объектларни фойдаланишга қабул қилишгача бўлган жараёнларда коррупция авж олгани, айниқса, тадбиркорлик учун ер бериш, танлов ва тендер ўтказиш, шаҳарсозлик ҳужжатларини расмийлаштириш, муҳандислик коммуникация тармоқларига уланиш жараёнларида ҳамон суиистеъмолчилик ҳолатлари сақланиб қолмоқда.

Мажлисда кўриб чиқилган масалалар юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

3 928
Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА