ЎзА Ўзбек

16.01.2020 Чоп этиш версияси

Олий таълим сифатини ошириш учун халқаро компания ёлланди

Олий таълим сифатини ошириш учун халқаро компания ёлланди

Бизда талабалар билимини баҳолашнинг шаффоф тизими борми? деган саволга “коррупция мавжуд, шаффофлик йўқ, ўқитувчи нотўғри баҳо қўяди” каби кўплаб эътирозлар билдирилади. Ана шундай камчиликларни бартараф этиш учун бизга янги тизим керакми? Ёки унинг хориж тажрибасидан фойдаланиш қулай ва камхаржми?

– Биз бу жараёнларда синалган, илғор хорижий тажрибани олиб келиб, шу асосда мутахассисларнинг қайта ўқитиб, малакасини оширамиз, – дейди Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошқарма бошлиғи Аслиддин Одилов. – Тизимни муваффақиятли ишлашини таъминлаш ва олий таълим муассасаларида ички аттестация жараёнларини илғор хориж тажрибаси асосида сифатли ташкил этиш мақсадида “Shbeeman” халқаро консалтинг компанияси танлаб олинди.

Нега ушбу консалтинг компания танланди? Сабаби, улар хориждаги топ мингталикка кирган олий таълим муассасаларида таълим сифатини таъминлаш тизимини жорий этган, улардаги таълим сифатини ошириш орқали кучли рейтингларда ўрин олишларини таъминлаган. Улар келгуси 3 йилда юртимизда олий таълим тизимини, хусусан, ҳар бир олий таълим муассасасидаги таълим сифатини назорат қилиш механизмларини замонавий шаклларини яратади. Юртимизга келиб, ходимларни ўқитади, тажрибасини оширади.

Агарда бизнинг таълим сифатимиз халқаро стандартларга мослаштирилса, талабаларга берадиган диплом хорижда ҳам тан олинади. Бу билан биз Ўзбекистоннинг рақобатбардошлигини оширамиз. Ана шунда биз нафақат хорижда ўқиб келганларнинг дипломини тан оламиз, балки хорижий талабларни ҳам кўпроқ жалб этамиз.

85306c63-7fbb-42bf-a42c-45054ef1e815.jpg

Тўғри ҳозир ҳам Ўзбекистонда берилган диплом деярли барча давлатларда тан олинади. Лекин, бу ҳужжатлар аксарият ҳолларда акдемик мақсадда тан олинмоқда, яъни таълим кейинги босқичларига ўтиш ўқишни давом эттириш учун. Меҳнат бозори эса тан олмаяпти, чунки ҳужжат эгасининг квалификациясига ишонмаяпти. Биз айнан бизнинг квалификацияларни тан олинишига эришимиз зарур. Яъни, 2-босқични битириб, хорижга борган талаба 3-курсдан ўқишини давом эттиришга эришишимиз керак. Ҳозирча хорижда бу борада бир қатор муаммоларга дуч келинмоқда.

Ушбу муаммоларни бартараф этиш ва таълим сифатини таъминлашнинг замонавий тизимини ишлаб чиқиш мақсадида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда Жаҳон банки молиявий кўмаги остида “Олий таълимни модернизация қилиш” лойиҳаси доирасида олий таълим тизимида таълим сифатини таъминлашнинг янги институционал механизми ишлаб чиқилмоқда.

1 874
Сайёра ШОЕВА, ЎзА