ЎзА Ўзбек

16.01.2020 Чоп этиш версияси

Олий таълим муассасаларига оид 55 қўшма дастурдан 23 таси Темпус/Erasmus+ лойиҳаси

Олий таълим муассасаларига оид 55 қўшма дастурдан 23 таси Темпус/Erasmus+ лойиҳаси

Тошкент давлат шарқшунослик институтида “Erasmus+ Халқаро кредит мобиллик: Ўзбекистонда таълим ва илмий тадқиқотлар сифатини оширишдаги роль” мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Erasmus+ Европа Иттифоқининг дастури бўлиб, таълим, касбга ўқитиш, спорт ва ёшлар билан ишлаш соҳасидаги лойиҳа, ҳамкорлик, тадбир ва мобилликни қўллаб-қувватлайди.

Конференцияда Европа университетлари билан тизимли ҳамкорлик сифатида юртимиз олий таълим муассасаларидаги жорий 55 қўшма дастурдан 23 таси Темпус/Erasmus+ лойиҳа экани қайд этилди.

photo5258115056909004149.jpg

Маълумотларга кўра, Erasmus+ дастурининг икки йўналиши, жумладан, салоҳиятни ошириш бўйича Erasmus+нинг 21 амалдаги лойиҳа ҳамда кредит мобиллик доирасидаги икки томонлама алмашинув бўйича 335 дан зиёд ҳамкорлик дастурларида 62 олий таълим муассасаси, жумладан, Тошкент шаҳрининг 27 ва вилоятлар, Қорақалпоғистон Республикасидан 35 ОТМ жалб этилган.

Европа иттифоқига аъзо бўлган 27 мамлакатнинг юздан зиёд университети ҳамда Марказий Осиёдаги ҳамкорлар билан биргаликда аграр тадқиқотлар ва аниқ зироатчилик, компьютер лингвистикаси, рақамли билим ва кўникмалар, болалар соғлиғини сақлаш дастурларини яхшилаш, олий таълимда инновацион технологияларни жорий этиш ва имконияти чекланган инсонларни олий таълимга бўлган имкониятини кенгайтиришда амалий ишлар қилинмоқда.

Минтақалараро лойиҳалар мобиллик, халқаро университет ҳамкорлик салоҳиятини ривожлантириш, амалий соғлиқни сақлаш, инновацион усулларни ривожлантириш учун фанлараро кўникмаларни жорий этишга қаратилган. 

photo5260675196719836056.jpg

Erasmus кредит мобилликнинг иккинчи йўналиши доирасида 335 ҳамкорлик ҳақидаги битимларда ўқитувчи ва талабаларнинг икки томонлама алмашинуви амалга оширилмоқда. Юртимиздаги олий таълим муассасалари вакиллари Европа университетларида ўқиб, малака ошириб қайтди. Европадан эса 510 га яқин докторант, ўқитувчи ва маъмурий ходимлар юртимизга келган.

Шунингдек, Тошкент давлат шарқшунослик институтида Erasmus+ дастурининг халқаро кредит мобиллиги доирасида Нидерландиянинг Лейден университети, Франциянинг CEFAM бизнес мактаби билан профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчилар ва талабалар учун иккита лойиҳа бажарилмоқда.

2017/2018 ўқув йилидан бошлаб Европадаги саноат корхоналари ва ҳамкор академик бўлмаган ташкилотларнинг мувофиқ профили бўйича ишлаб чиқариш амалиётини ўташ имкониятлари берилди. Масалан, Тошкент педиатрия ва тиббиёт институтининг ўқитувчилари Италия клиникаларида стажировкадан ўтди.

Конференцияда турли ҳамкорлик лойиҳалари олий таълим муассасалари битирувчиларини иш билан таъминлаш, меҳнат бозорига йўналтирилган ўқув дастурлари, академик даража ва малакалар беришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

1 449
ЎзА