Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.11.2017 14:55 Чоп этиш версияси

Олий таълим муассасаларидаги ёшлар етакчилари учун ўқув семинари ўтказилди

Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги “Ёшлар” оромгоҳида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан ёшлар етакчилари фаолияти самарадорлигини янада ошириш мақсадида олий таълим муассасаларидаги ёшлар етакчилари учун ўқув семинари ўтказилди.

Унда малакали мутахассислар томонидан иштирокчиларга 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор вазифалар, уларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида кенг тушунча берилди. Хорижий давлатларнинг ёшлар ташкилотлари билан ҳамкорлик алоқалари ва бошланғич ташкилотлар фаолиятини янада самарали ташкил этиш масалалари бўйича машғулотлар ўтказилди.

Семинарда ёшлар етакчилари гуруҳларга бўлинган ҳолда талаба-ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини аниқлаш бўйича таклифлар билдирди. Республика етакчилар кенгаши таркибига сайловлар ўтказилиб, кенгаш раиси ва унинг аъзолари сайланди. Уларга ташкилотнинг мақсад ва вазифалари, етакчилар зиммасидаги масъулият атрофлича тушунтирилди. Тошкент молия институтидаги ёшлар етакчиси Камол Маҳмудов Республика етакчилар кенгаши раислигига сайланиб, унга янги ўқув йилидаги фаолияти олдидан ишонч ёрлиғи топширилди.

– Биз, ёшлар пухта билим олишимиз, юртимиздаги кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этишимиз лозим, – дейди Республика етакчилар кенгаши раиси К.Маҳмудов. – Ўзимга юклатилган масъулиятли вазифани бажаришда бор куч-ғайратим, билим ва имкониятимни ишга соламан.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ўртасидаги қўшма қарор асосида Ёшлар иттифоқининг олий таълим муассасаларида 82 бошланғич ташкилоти фаолияти йўлга қўйилди. Бугунги кунда олий таълим муассасаларининг 370 факультет, 82 меҳнат жамоаси ва 75 талабалар турар жойида 20 минг 501 нафар ёшлар етакчиси сайланиб, улар 280 мингдан ортиқ талабаларни бирлаштирди.

Семинарда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда учраётган муаммолар бўйича очиқ мулоқот ўтказилиб, уларни бартараф этиш юзасидан фикр алмашилди. Тадбир доирасида ёшлар ўртасида турли спорт мусобақалари, ижодий учрашувлар ўтказилди, кинофильмлар намойиш этилди.

Абдулазиз Мусаев, ЎзА
3 614






Все о погоде - Pogoda.uz