ЎзА Ўзбек

19.02.2020 Чоп этиш версияси

Олий таълим: моддий-техник база эскирган, инновацион лойиҳалар амалда эмас...

Олий таълим: моддий-техник база эскирган, инновацион лойиҳалар амалда эмас...

Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда олий таълим муассасаларида талаба-ёшларнинг стартап лойиҳалари танловини ташкил этиш масалаларига бағишланган йиғилишда айтилди.

Таъкидланишича, олий таълим муассасаларида илмий-тадқиқот фаолиятга доир моддий-техник база эскирган. ОТМларда 105 илмий-тадқиқот лабораторияси мавжуд бўлиб, уларда фақат 1 минг 733 жиҳоз ишлатилаяпти. Фақат 3 таси метрологик аттестацияланган. Жиҳозларнинг 58 фоизи 1990 йилгача ишлаб чиқарилган, фан тармоқлари кесимида техника, яъни энергетика, электроника, автоматика йўналишларида 53,5 фоиз, кимё йўналишларида 55 фоиз ва биология йўналишларида 52,6 фоизи эскирган. 
Илмий-тадқиқот лабораторияларининг маънан эскиргани инновацион технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этишга тўсқинлик қилаяпти ва амалга оширилган тадқиқот натижалари халқаро миқёсда тан олинмаяпти. 

Бу ҳолатни яхшилаш учун 7 олий таълим муассасалари аро илмий-тадқиқот лабораториялари фойдаланишга тайёрланди. Академик инновациялар фонди маблағлари ҳисобидан 27 ОТМда 32 лойиҳа бўйича 6 фан соҳасида ташкил этиладиган илмий-ўқув комплекслар асосида олий таълим муассасалари моддий-техник базаси такомиллаштирилди. 
Нуфузли халқаро илмий-техник базаларга (Scopus, Science Direct) миллий обуна орқали илмий тадқиқотчиларга энг сўнгги илмий натижалар бўйича маълумотлар олишга имкон яратилди. Натижада халқаро эътироф этилган илмий журналларда нашр қилинган илмий ишлар сони 2019 йилда 2018 йилга нисбатан ўртача 60,2 фоизга ортди. 

Ўзбекистон Миллий университети ҳузурида янги 3 та илмий-тадқиқот муассасаси (Биофизика ва биокимё институти, яримўтказгичлар физикаси ва микроэлектроника илмий-тадқиқот институти, Нанотехнологияларни ривожлантириш маркази) фаолиятини бошлади.
Олий таълим муассасалари томонидан юздан ортиқ инновацион лойиҳа ҳанузгача жорий этилмаган. Бундан ташқари 12 ҳудудий илмий муаммо ўз ечимини кутаяпти. 

1 530
Барно Мелиқулова, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА