ЎзА Ўзбек

14.10.2019 Чоп этиш версияси

Олий суд: жорий йил тўққиз ойида 576 нафар шахс оқланди, 2,3 мингдан зиёд шахс эса суд залидан озод қилинди

Олий суд: жорий йил тўққиз ойида 576 нафар шахс оқланди, 2,3 мингдан зиёд шахс эса суд залидан озод қилинди

Жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, бундай иллатларга қарши курашиш бўйича мамлакатимизда тизимли ишлар олиб борилмоқда. Натижада жиноятчилик камайиб, жамият муҳити барқарорлиги таъминланаётир.

Судлар томонидан кўрилган ишлар таҳлили ҳам айрим жиноятлар камайганини кўрсатган. Жумладан, транспорт воситасини олиб қочиш, қасддан одам ўлдириш, босқинчилик, талончилик, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, фирибгарлик, ўғрилик каби жиноятлар жорий йилнинг тўққиз ойида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан анча камайган.

Вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, фоҳишахона сақлаш ёки қўшмачилик қилиш, одам савдоси, мансаб сохтакорлиги, ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш каби жиноятлар учун судланганлик кўрсаткичлари ҳам камайган.

Бироқ, таассуфки, жиноятлар содир бўлмоқда ва бундай қилмишлар учун жазо муқаррар.

- 2019 йил 9 ойи мобайнида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 26 минг 859 нафар шахсга нисбатан 20 минг 627 иш кўриб чиқилди, - дейди Ўзбекистон Республикаси Олий суди расмий вакили Азиз Обидов. - Мазкур кўрсаткичлар 2018 йилнинг шу даврига нисбатан шахслар бўйича 27,2 фоизга, ишлар бўйича эса 28,2 фоизга камайган.

Жумладан, 576 нафар шахс оқланди ва реабилитация қилинди. Судланган шахслар сони 20 минг 818 нафарни ташкил этиб, шундан 5,3 мингдан зиёд шахсга озодликдан маҳрум қилиш ва 14 мингдан ортиғига бошқа турдаги жазолар тайинланган. Мингдан зиёд шахс шартли ҳукм қилинди.

Шунингдек, 2,3 мингдан зиёд шахс озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинлангани муносабати билан суд залидан озод қилинди. 19 минг 667 нафар шахс муддатидан илгари шартли озод қилинди. 6 минг шахсга тайинланган жазо енгили билан алмаштирилди. 5 мингдан зиёд шахсга нисбатан дастлабки тергов органлари томонидан асоссиз равишда қўйилган моддалар айбловдан чиқариб ташланди ёки қайта малакаланди.

202 нафар шахсга Ёшлар иттифоқи, 175 нафар аёлга Хотин-қизлар қўмитаси ва мингдан зиёд шахсга маҳалла фуқаролар йиғинларининг кафолат хатлари асосида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланди.

Ярашув институтининг самарали қўлланилиши натижасида 4 минг 613 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод этилди. Етказилган 362,2 миллиард сўмдан зиёд моддий зарарнинг ўрнини қоплаган 2 минг 327 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган.

Кўрилган ишларнинг қарийб 48 фоизи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан назорат тартибида 1,3 мингдан ортиқ шахсга нисбатан ишлар кўриб чиқилган. Натижада 812 нафар шахсга нисбатан қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилинди ва 403 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.

1 136
Н.АБДУРАИМОВА, ЎзА