ЎзА Ўзбек

11.02.2019 19:46 Чоп этиш версияси

Олий суд сайёр қабул ўтказди

Олий суд сайёр қабул ўтказди
Фуқаро И.Ҳасанов Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳар "Тинчлик" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 34-уйда 18 йилдан буён истиқомат қилади. Уйнинг коммунал ва бошқа тўловларини ўз вақтида тўлаб келади. Аммо фуқаронинг фиғони фалакда. Хўш, нега?

– Оилада 13 нафар жонмиз, – дейди у. – Икки хонали ушбу 16-хонадонда оилам билан 2000 йилдан ижара асосида яшашни бошладик. Орадан 2 йил ўтиб, уйнинг эгаси вафот этди. Ворислари йўқ эди. Шу-шу, ушбу манзилда яшаб, уйнинг барча коммунал ва бошқа тўловларини вақтида тўлаб келамиз. Муаммо шундаки, уйга эгалик ҳуқуқи сўраб, шаҳар судига мурожаат қилсам, ҳокимиятга, ҳокимият эса яна қайта судга йўналтиради. Хуллас, мурожаатимнинг ечими йўқ, икки ташкилот ўртасида сарсонман...

14.JPG

13.JPG

Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан Тошкент вилоятининг барча туман ва шаҳарларида ўтказилган сайёр қабулларда фуқаролар томонидан шу каби кўплаб муаммоли мурожаатлар келиб тушди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг туман ва шаҳарлардаги Халқ қабулхоналарида ташкил этилган ушбу тадбирларда Олий суд, вилоят, туман ва шаҳар судлари судьялари томонидан фуқаролар мурожаати тегишли тартибда ўрганилиб, ҳал этилди.

10.JPG

– Кейинги йилларда мамлакатимизда аҳоли мурожаатлари билан ишлашда мутлақо янги, самарали тизим яратилди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси, Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси ўринбосари И.Муслимов. – Бу йўналишдаги ислоҳотлар самарасини Президентимизнинг виртуал қабулхонаси ва жойлардаги Халқ қабулхоналари фаолиятида ҳам кўриш мумкин. Шунингдек, мутасадди ташкилотлар томонидан жойларда сайёр қабуллар ташкил этилаётгани аҳолининг мурожаатларини самарали ҳал этишда муҳим омил бўлмоқда. Жорий йилнинг биринчи ярмида Олий суд раҳбарияти ва судьялари томонидан юртимизнинг барча туман ва шаҳарларида сайёр қабуллар ўтказиш режалаштирилган.

3.JPG

Маълумотларга кўра, сайёр қабулларда фуқароларнинг жиноят ишларига оид 130 га яқин, фуқаролик ишлари бўйича 150 дан ортиқ, маъмурий ва иқтисодий ишлар бўйича 50 та, жами 330 дан ортиқ ёзма ва оғзаки мурожаати ўрганиб чиқилган. Ўрганилган мурожаатлар бўйича 300 дан ортиқ фуқарога ҳуқуқий тушунтириш берилган бўлса, 31 та мурожаат юзасидан Олий судда кўриб чиқиш учун ариза қабул қилинган.

Авазбек ХУДОЙҚУЛОВ, О.Ғуломов (сурат), ЎзА
4 706