ЎзА Ўзбек

16.05.2019 Чоп этиш версияси

Олий суд раиси ўринбосари: "Жорий йилнинг 3 ойида 1191 нафар ота фарзандини таъминлашдан бош тортган"​

Олий суд раиси ўринбосари: "Жорий йилнинг 3 ойида 1191 нафар ота фарзандини таъминлашдан бош тортган"​

Халқимиз азалдан болажон. Хоҳ ўғил, хоҳ қиз бўлсин, фарзанди дунёга келса, Яратганнинг инъоми сифатида қабул қилиб, шукроналар айтади. 

Миллий қонунчилигимизда ҳам бу қадрият ўз аксини топган. Аввало, давлатимизнинг асосий қонуни – Конституциямизда, Оила кодексида, «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги, «Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги, «Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги қонунларда фарзандларимиз, вояга етмаган болалар манфаатларининг тўлақонли ҳимояси кафолатланган. Айниқса, бугунги кунда давлатимиз раҳбари томонидан вояга етмаганларни ижтимоий-иқтисодий таъминлаш, уларга юқори сифатли таълим-тарбия бериш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Президентимизнинг 2019 йил 22 апрелдаги «Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори вояга етмаган, шунингдек, ота-она қарамоғисиз қолган болаларнинг ижтимоий ва иқтисодий ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш, уларни жисмоний ва маънавий жиҳатдан етук инсон қилиб тарбиялашда муҳим омил бўлди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозимининг жорий этилиши, 2019 йил 1 сентябрдан эркаклар ва аёллар учун никоҳ ёшини ўн саккиз ёш этиб белгилаш ҳамда ҳар қандай суд муҳокамаси даврида бола ўз фикрини ифода қилишга ҳақли экани, қарорлар қабул қилинишида ваколатли органлар (шахслар) боланинг манфаатига тааллуқли масалани ҳал қилишда боланинг фикрини, унинг ёшидан қатъий назар, жиддий омил сифатида кўриб чиқиши ҳамда бола манфаатларини назарда тутувчи қарор қабул қилиши шартлиги белгилангани келгусида болалар ҳуқуқи сўзсиз ҳимоя қилинишини таъминлаши муқаррардир.

Ҳаёт тажрибасидан маълумки, фарзанд тарбиясига ўта масъулият билан ёндашиш лозим ва бунда шахсий ибрат жуда муҳимдир. Абдулҳамид Ғаззолий ҳазратлари айтганлар: «Билгил! Бола тарбияси энг муҳим ишлардандир. Фарзанд ота-онага омонат. Бола қалби пок, нозик, содда ва ҳар қандай нақш ва суртдан холи гавҳардир. Унга қандай нақш солинса, шунга кўра шаклланади, эгган томонга эгилади...

Агар бола яхшиликка ўрганиб, яхшилик ичида вояга етса, дунё ва охират саодатини топади. Агар бола эътиборсиз ташлаб қўйилса, ёмонлик ичида ўсса, бадбахтликка юз тутади ва ҳалок бўлади. Бунда гуноҳ юки шу кўйга солганларнинг, ота-онанинг зиммасига юкланади».

Афсуски, фарзандлар тарбиясига беэътибор муносабатда бўлаётган ота-оналар оз эмас. Тўғри, бирон-бир ота-она фарзанди жиноятчи бўлишини ният қилмайди. Аммо фарзанд тўғри тарбия олиб, билимли, одобли, иймонли бўлиб вояга етиши учун ота-она меҳнат қилиши, курашиши керак бўлади. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, болалар тарбияси издан чиқиб кетишига, аввало, ота-оналар ажрашиши сабаб бўлмоқда. Ота-оналарнинг сурункали ўзаро жанжали, ажралишлари болалар руҳига салбий таъсир кўрсатади, қолаверса, бола тарбияси етарли даражада назорат қилинмайди. Отанинг сўзи, юки камлик қилади. Ажралган ота-оналар орасида фарзанд тарбияси, эҳтиёжи билан қизиқмайдиганлари оз эмас.

Асосий қонунимиз – Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64-моддасида ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбур эканликлари қайд этилган. Ажрашиб яшаётган айрим ота-оналар фарзандларининг тарбиясида умуман иштирок этмаслиги, ҳатто фарзанди моддий таъминотини ҳам ихтиёрий амалга оширмаётгани ачинарли ҳолат.

Буни биргина 2019 йилнинг 3 ойида 615 фуқародан суднинг ҳал қилув қарори асосида, 10758 фуқародан суд буйруғи орқали фарзандлари таъминоти учун алимент ундириш белгиланганлигида, 1191 нафар ота фарзандини таъминлашдан бош тортганлиги учун маъмурий, 3 нафар ота эса жиноий жавобгарликка тортилганида кўриш мумкин.

Ваҳоланки, ҳадиси шарифда келтирилганидек, «...Киши ўз аҳлига мутасаддидир ва қўл остидагиларга масъулдир. Аёл эрининг уйида мутасаддидир ва у қўл остидагиларга масъулдир...». Ота-оналар ўз фарзандига нисбатан мутасадди ва масъул эканлигини, фарзанд тақдири, келажаги учун масъуллигини унутмаслиги демакдир.

Болалар тарбияси бузилишига сабаб бўлаётган яна бир масалага жамоатчилик эътиборини қаратмоқчиман. Бугунги кунда айрим ота-оналар келажакда фарзандини моддий жиҳатдан зўр таъминлаш, унинг тўйини дабдабали ўтказишни орзу қилиб, кўпроқ маблағ илинжида болаларини ота-онаси, қариндоши, ҳатто қўни-қўшнисига ташлаб, ўзлари бошқа юртга кетаётгани сир эмас. Лекин улар фарзандига айни тарбия бериш лозим бўлган вақтни йўқотаётганлиги, энг ачинарлиси, фарзанди бахтини йўқотаётганини билмайди. Билганида эса кеч бўлади.

Бола, хоҳ у ўғил ёки қиз бўлсин, айни балоғат ёшига қадам қўяётган бир пайтда унинг тарбиясини бировга ишониб бўлмайди. Ота-она пул топиб келган пайтда эса фарзанд тарбияси издан чиқиб кетган бўлади. Бугунги кунда жиноят содир этиб, жазо ўтаётган вояга етмаганларнинг 70 фоиздан юқориси ажрашган ёки бошқа юртга ишлаш учун узоқ муддатга кетган ота-она фарзандлари эканлиги фикримизнинг далилидир. Шунингдек, бугун биз эътибор қаратишимиз лозим бўлган салбий ҳолатлардан бири шундаки, Меҳрибонлик уйларидаги болалар аксариятининг ота-онаси ҳаёт, лекин ажрашган. Бугун улар давлат қарамоғида, ота-она меҳри йўқ.

Шу ўринда халқимизнинг «меҳр берган меҳр кўради», деган ҳикмати ёдга тушади. Агарда биз бугун фарзандларимизга меҳр кўрсатмасак, эрта бир кун ўзимиз уларнинг меҳрига зор бўламиз. Бу ҳаётнинг аччиқ ҳақиқати. Буни ажрашгач, турли баҳона ва сабаб билан болаларини Меҳрибонлик уйига ташлаб, ўз нафси, бугунги кунини, ҳаловатини кўзлаб юрган ота-оналар ўйлаб кўришлари даркор. Президентимизнинг юқорида қайд этилган қарорида айни шу ҳолатлар ҳам ҳисобга олинган, боласини ихтиёрий таъминлашдан бош тортган ота-оналарнинг ҳар иккаласидан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундириш масаласи белгиланган.

Учинчидан, оиладаги ўзаро муносабатлар тўғри йўлга қўйилмаганлиги, ота-онанинг спиртли ичимлик ичишга ружу қўйганлиги, ўзаро ҳурмат йўқолганлиги, яъни бир сўз билан айтганда, оила бошлиқлари – ота-онанинг ўзи тарбияга муҳтожлиги (биргина 2019 йилнинг уч ойида 151 ота (она) ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган) ҳам вояга етмаган ёшларнинг келажагига рахна солаётган ҳолатлардан биридир.

Болаларнинг жиноят йўлига киришининг сабабларидан яна бири, вояга етмаган фарзандларимизнинг онгига салбий таъсир этаётган турли ахборотлар, хусусан, интернетда тарқатилаётган зўравонлик ва фаҳш акс этган маълумотлар бўлиб, уларни ушбу таъсирлардан жуда эҳтиёт қилишимиз лозим. Вояга етмаган ёшларни жиноятчилик кўчасига етаклаётган барча ҳолатларнинг бош сабаби бола тарбиясидаги эътиборсизликдир. 

Шунинг учун ҳам тарбия ишларига ҳаёт-мамот масаласи сифатида қараш зарур. Ота-оналар фарзандлари тарбиясини биргина таълим муассасалари зиммасига юклаб қўйиши ёки «Менинг боламдан ёмонлик чиқмайди», деган кайфиятда бўлиши керак эмас. Боланинг эртага қандай одам бўлиши ота-она назорати ва тарбиясига, меҳрига боғлиқ. Бола тарбияси ҳақида гап кетганда, васийлик ва ҳомийлик органлари иш фаолияти самарадорлигини талаб даражасида йўлга қўйиш, ушбу орган ходимларини ўқитиш, касбга тайёрлаш ва уларнинг масъулиятини оширишга жиддий эътибор керак. Жамоатчилик асосида ёшлар, хусусан, вояга етмаганлар тарбияси билан шуғулланиш масаласини доимий назорат қилиб бориш (маҳалла, хотин-қизлар қўмиталари, диний идора вакиллари, меҳнат фахрийлари, ёзувчи-адиблар, Ёшлар иттифоқи вакиллари, ИИБ, прокуратура, адлия ва суд ходимлари), барча ёшлар билан, ўғил болалар билан алоҳида, қиз болалар билан алоҳида тизимли тарбиявий ишлар олиб борилишини йўлга қўйиш керак.

Тарбияси оғир, профилактик ҳисобда турган ёшлар билан ишлашнинг янги самарадор тизимини йўлга қўйиш ҳақида жиддий ўйлаб кўриш талаб этилади. Ҳар бир боланинг ҳолати, унинг шарт-шароитлари, тарбиясига салбий таъсир этаётган омилларни таҳлил этиш, бу ишга Ёшлар иттифоқи вакиллари, руҳшуносларни жалб қилиш, уларни вояга етмаганлар иши кўриладиган суд процессларида иштирок этишга таклиф қилиш ҳамда жазо ўтаётган вояга етмаганлар билан учрашув, очиқ мулоқотлар ташкил этиш, уларни турли касбларга қизиқтириш ва йўналтириш, рағбатлантириш чора-тадбирлари ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман. Шунингдек, мактаб ўқув дастурида болалар ҳуқуқий саводхонлигини оширишга эътиборни кучайтириш керак. Бунда айни пайтдаги ҳуқуқ асослари фани дарсликларини содда, болалар учун тушунарли тилда тайёрлаш, ўқув машғулотларини янгича, қизиқарли ташкил этиш усулларини яратиш лозим бўлади.

Мухтасар айтганда, бола тарбияси бутун жамоатчилик ишига айланган тақдирда кўзланган мақсадга етиш мумкин. Жамиятнинг эртанги тақдири бугун болаларимизга қандай таълим-тарбия бераётганимизга боғлиқлигини унутмаслик керак.


Холмўмин ЁДГОРОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий суди
раисининг ўринбосари


3 722
ЎзА