ЎзА Ўзбек

25.04.2018 12:45 Чоп этиш версияси

Олий суд раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоров: Адолатни таъминлашнинг муҳим шартлари

2017 йил ва жорий йилнинг ўтган даврида 16 мингдан ортиқ фуқаролик низоси, 640 иқтисодий низо, 17 мингга яқин жиноят иши тарафларни яраштириш орқали тугатилди. 376 нафар шахс оқланди. 5 минг 266 шахс суд залидан қамоқдан озод қилиниб, уларга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланди.

Бу суд инсон ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатли ҳимоя қилувчи органга айланиб бораётганининг яққол тасдиғидир.

Кўриб чиқилаётган ишларнинг эллик фоиздан ортиғи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилмоқда. Бундан кўзланган мақсад аҳолининг ҳузурига бориш орқали уларга енгиллик яратиш, жараёнга кўпроқ кишиларни жалб этиш орқали фуқароларнинг ҳуқуқий онгини оширишдир.

Маълумки, судда низоли ишлар кўрилади ва табиийки, низонинг тарафлари-судланувчи ва жабрланувчи, даъвогар ва жавобгар, маъмурий ҳуқуқбузар ва жабрланувчининг бир-бирига нисбатан даъво-эътирози бўлади.

Яъни биргина низонинг қонуний ечимини топишнинг ўзи билан масала тўлиқ ҳал бўлиб қолмайди. Ишдаги қайсидир томон норози бўлиб қолаверади.

Низоларни бартараф этишнинг энг мақбул ечими ишнинг ҳақиқий ҳолатини аниқлаш ва ишдаги томонларга имкон қадар ҳуқуқ ва бурчларини батафсил тушунтириш, қонун йўл қўйган ҳолатларда ишни томонларни яраштириш орқали ҳал этишдир.

Жиноят содир этган шахсни жазолашдан мақсад эса ўч олиш эмас, балки уни тўғри йўлга солиш, бошқаларга жабр етказишининг олдини олишдан иборатдир. Шунинг учун ҳам жазо тайинлашда, аввало, жиноятчини тарбиялаш масаласига, жазонинг содир этилган жиноятга яраша бўлишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш талаб этилади.

Ҳеч бир ҳолатда, хусусан, айби исботланмаган шахсни жазога тортишга йўл қўймаслик лозим. Чунки ноҳақ жазога тортилган шахс ва унинг оила аъзолари, яқинлари кўнглида амалдаги қонунлар ва судларга нисбатан норозилик юзага келади. Буни ҳар бир судья доимо ёдда сақлаши лозим.

Жабрланувчининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлаш ҳам ўта муҳим масала. Шу боис суд томонидан иш ҳолатига холис ва адолатли баҳо берилиши, жабрланувчига етказилган моддий ва маънавий зарарни бартараф этиш, зарарнинг айбли шахс ҳисобидан қопланиши таъминланиши шарт. Шундагина адолат тўлиқ қарор топади.

Амалдаги жиноят, фуқаролик ва иқтисодий процессуал қонунчиликда тарафлар ярашганлиги сабабли ишларни тугатиш институти ўз ифодасини топган. Ушбу институт имкониятларидан кенг фойдаланиш низоларни тинч йўл билан бартараф этиш, томонларнинг тинч-тотувлигини, шунингдек, низодаги ҳар икки томоннинг суд қароридан розилигини таъминлаш имконини беради.

Жиноят процессуал қонунчилиги талабига кўра, маълум тоифадаги жиноят ишлари бўйича ярашув институти қўлланилади. Фуқаролик ва иқтисодий процессуал қонунчилигида эса ҳар қандай фуқаролик ва иқтисодий низони томонларни яраштириш орқали тугатиш мумкин бўлиб, бунда фақат ушбу келишув ишдаги бошқа тарафлар, давлат манфаатларига зид бўлмаслиги белгилаб қўйилган.

Зотан, жазолашдан кўра, кечириш, низодаги одамлар ўртасини ислоҳ қилиш, уларни яраштириш ишдаги тарафлар учун ҳам, жамият учун ҳам фойдадан ҳоли эмас.

Айни пайтда амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича ярашув институтини қўллаш назарда тутилмаган. Туҳмат, ҳақорат ва енгил тан жароҳати етказиш сингари ҳар икки тарафи жисмоний шахслардан иборат бўлган маъмурий ҳуқуқбузарликларга нисбатан ҳам ярашув институтини қўллаш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бунда, албатта, маъмурий ҳуқуқбузар айбини тан олиб, пушаймонлик билдириши, жабрланувчи тараф билан келишиши, етказилган зарарни қоплаши каби жиҳатлар ҳисобга олиниши керак.

Зеро, айнан юқорида қайд этилган тоифадаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар асосан таниш-билишлар, оила-аъзолари, эр-хотин ўртасида содир бўлишини инобатга олсак, маъмурий жавобгарликка тортгандан кўра, яраштириш орқали иш юритишни тугатиш туфайли улар ўртасидаги эр-хотинлик, қариндошлик, қўни-қўшничилик ва бошқа ўзаро ижтимоий муносабатлар бузилишининг олди олинади.

Шуни ҳам айтиш ўринлики, ҳар қандай суд мажлиси жамиятимизда қонун устуворлигини, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари қанчалик қадрланишини, фуқароларнинг одил судловга бўлган ҳуқуқлари нечоғлик таъминланаётганлигини акс эттирувчи кўзгудир.

Шундай экан, судья суд мажлисини бошқаришда ўзига нисбатан ўта талабчан бўлиши, томонларга бирдай муомала қилиши, процесс иштирокчилари билан тортишувга берилишдан сақланиши лозим. Зеро, муқаддас ҳадисларда ҳам судьялик масъулияти ўта юксак экани таъкидланиб, шундай дейилган: "Қайси бирларингга қозилик лавозимини ўташ тўғри келиб қолса, жаҳлу ғазаб келганда ҳукм чиқармасин, хусумат билан келганларга қарашда, уларни ўтказишда ва уларга имо-ишора қилишда баробар бўлинсин".

Судья қабул қилинган суд қарорини ўқиб эшиттириш билан чекланмасдан, тарафларнинг суд қарорига нисбатан шикоят келтириш ҳуқуқлари, унинг муддати ва тартибини батафсил тушунтириши лозим. Яъни судья қонунларни изоҳлаши, тушунтириб бериши шарт.

Хулоса қилиб айтганда, амалдаги қонунларни инсон манфаатларидан келиб чиққан ҳолда аниқ, бир хилда ва тўғри қўлланилишини таъминлаш, суд процессларини юқори савияда ўтказиш фуқароларнинг ҳуқуқларини кафолатланиши, адолат таъминланиши, одамларнинг одил судловга бўлган ишончи ортишининг муҳим шартидир.

ЎзА
7 860