Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.10.2017 16:27 Чоп этиш версияси

Олий Мажлис Сенати ялпи мажлиси олдидан қўмиталар мажлислари бўлиб ўтди

Тошкент шаҳрида 2017 йил 4 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн иккинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтади. Мажлис кун тартибига 8 масала киритилган.

2017 йил 3 октябрь куни ялпи мажлис олдидан Сенат қўмиталари йиғилишлари бўлиб ўтди. Уларда ялпи мажлис кун тартибига киритилган масалалар кўриб чиқилди.

Олий Мажлис Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси йиғилишида “Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида давлат чегаралари тўғрисидаги шартномани (Бишкек, 2017 йил 5 сентябрь) ратификация қилиш ҳақидаги”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни юзасидан қўмита хулосасини тасдиқлаш тўғрисида”ги ҳамда бошқа масалалар кўриб чиқилди.

Йиғилишда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистон Республикасига сентябрь ойида амалга оширган давлат ташрифи икки давлат муносабатларида янги истиқболлар очган тарихий воқеа бўлгани таъкидланди. Бугунги кунда Ўзбекистон – Қирғизистон ҳамкорлиги барча соҳаларда янги босқичга кўтарилмоқда.

Президентимиз ташрифи давомида имзоланган Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги давлат чегаралари тўғрисидаги шартнома ана шу ҳамкорликнинг ёрқин намунасидир. Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида бу тарихий ҳужжатнинг ратификация қилиниши ўзбек ва қирғиз халқларининг орзу-ниятларини рўёбга чиқариш, уларнинг ўзаро алоқаларини янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Шу куни Сенатнинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси йиғилиши ҳам бўлиб ўтди. Унда ялпи мажлис муҳокамасига киритилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни юзасидан фикр алмашилди. Мазкур қонун хусусий мулк кафолатларини таъминлаш ҳамда унинг ҳимоясини кучайтириш, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида Мажбурий ижро бюроси ва Давлат ветеринария қўмитаси ташкил этилганлиги, шунингдек, бошқа аҳамиятли масалаларнинг киритилиши муносабати билан ишлаб чиқилган.

Шунингдек, Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари, Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари, Мудофаа ва хавфсизлик масалалари ҳамда Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмиталари йиғилишлари бўлиб ўтди.

Норгул Абдураимова, ЎзА
1 914






Все о погоде - Pogoda.uz