Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.04.2018 18:23 Чоп этиш версияси

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси номи ўзгарди

Қонунчилик палатаси Ахборот хизматининг ЎзАга маълум қилишича, Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси эндиликда Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси, деб ўзгартирилди.

Қўмита номининг ўзгариши масъулият соҳаси кенгайганлиги билан боғлиқ. Аввал қўмитанинг фаолият доираси фақат ахборот соҳаси ривожланишига қаратилган бўлса, эндиликда қўмита инновацияларни қўллаб-қувватлаш, жамият ҳаётининг турли соҳаларига илғор технологияларни жорий қилиш йўналишида ҳам фаолият юритади, дейилади хабарда.

Мазкур ўзгариш расмиятчилик учун эмас, балки мамлакат инновацион ривожланиши жараёнларини жадаллаштириш учун ташкилий-ҳуқуқий шароитларни шакллантиришга йўналтирилган комплекс тадбирлар дастурининг бир босқичидир. Қонунчилик палатаси қабул қилган қарор билан инновацион фаолиятни рағбатлантиришга қаратилган, парламентнинг қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фаолияти самарадорлигини ошириш учун институционал асос шакллантирилмоқда.

Инновацион ривожлантириш масалаларини депутатлик корпуси масъулият доирасига киритилиши 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида, шунингдек "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили" Давлат дастурида белгиланган вазифалар билан ҳамоҳангдир.

Эндиликда мазкур қўмита Парламент даражасида инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича салмоқли ва таъсирчан ишларни янги босқичда давом эттиришга хизмат қилади. Мазкур ўзгариш, шунингдек, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий вазифаларини ҳал этиш ва миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини оширишга қаратилган инновацион фаолликни жадаллаштиришни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг “Инновацион фаолият тўғрисида”ги Қонуни лойиҳасини тайёрлаш ва қабул қилишга тааллуқлидир.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси янги ташкил этилган Инновацион ривожлантириш вазирлиги билан ҳамкорликда инновация ва инновацион фаолият соҳасида ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий муносабатларни самарали бошқаришга, илмий, илмий-техник ва бошқа инновацион фаолият натижаларини яратиш, ўзлаштириш ва ишлаб чиқаришга йўналтирилган комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва амалга оширади.

Парламент қўмитаси фаолияти инновацион соҳа учун эксперт ҳамжамияти ҳаракатларини бирлаштириш, кенг жамоатчилик учун миллий инновацион инфратузилмани ривожлантириш йўлларини белгилаб олиш, ушбу соҳада самарали давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш имкониятини яратади.

Улуғбек Асроров, ЎзА
6 357