ЎзА Ўзбек

01.06.2018 17:15 Чоп этиш версияси

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида болалар учун грант танлови эълон қилинди

Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Жорий йилда мазкур фонд томонидан Давлат ижтимоий буюртмаси тақдим этиш бўйича эълон қилинган танловда 26 нафар ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари иштирок этди. Молиялаштирилган 9 лойиҳа асосида аҳолининг эҳтиёжманд қатлами, айниқса, ногирон, имконияти чекланган болалар реабилитацияси ва мослашуви тизимини такомиллаштириш бўйича ишлар олиб борилади.

Фуқароларга ҳуқуқий хизмат кўрсатиш ва уларнинг ҳуқуқий онгини юксалтириш, нотариат, ФҲДЁ органлари билан ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаш мақсадида туманларда, маҳалла фуқаролар йиғинларида аҳолига бепул хизмат кўрсатувчи 19 та ҳуқуқий маслаҳатхоналар ташкил этилади.

Бухоро вилояти “Жайрон” экомаркази базасида экологик тарбия, тарғибот ва интерактив экобилим дастурлари ишлаб чиқилади. Аҳолининг фуқаро муҳофазаси соҳасида билим ва кўникмаларини юксалтириш борасида фавқулодда вазиятлар бўйича семинарлар, тадбирлар ўтказилади.

Хоразм вилоятидаги ННТлар ҳамда миллий маданий марказларнинг самарали фаолият олиб бориши, ўзаро тажриба алмашиши ва ҳамкорлик қилиши учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган давлат ижтимоий буюртмаси доирасида “ННТлар ва дўстлик уйи” биноси таъмирдан чиқарилади. Зарур жиҳозлар билан таъминланади.

Жамоат фонди томонидан биринчи танлов натижаларига кўра, ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг муҳим ижтимоий аҳамиятга эга, деб топилган 54 лойиҳаси қўллаб-қувватланди.

Мазкур грантларнинг ажратилиши жорий йилги Давлат дастурида белгиланган вазифаларни амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаол иштирокини таъминлашга хизмат қилади.

Хусусан, лойиҳалар мақсади жойларда янги иш ўринлари, ижтимоий ва маиший инфратузилма яратиш, аҳолига сифатли ижтимоий хизматлар кўрсатиш кўламини кенгайтириш, ногирон аёллар ва қизларни, муқим турар жойга эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, оила институтини янада мустаҳкамлашга қаратилган.

Иккинчи грант танлови бўйича 1,25 миллиард сўмлик 45 ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳа молиялаштирилди.

Йиғилишда болалар ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, интеллектуал салоҳиятини юксалтириш ҳамда 1 июнь – Халқаро болалар куни муносабати билан ёш авлодни маънан етук, жисмонан соғлом этиб тарбиялашга, уларда тадбиркорлик, илмий-ижодий салоҳиятни шакллантиришни қўллаб-қувватлаш мақсадида 3-грант танлови эълон қилинди.

Парламент комиссияси аъзолари Ўзбекистон ногиронлар жамиятига ажратилган давлат субсидияси доирасида 2017 йилда бажарилган ишлар бўйича ҳисоботни кўриб чиқди.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Нурилло Насриев, ЎзА
5 171