ЎзА Ўзбек

23.12.2016 15:31 Чоп этиш версияси

Олий хўжалик суди пленуми мажлиси

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди пленумининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Олий хўжалик суди судьялари, Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органларнинг масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар, видеоконференцалоқа тизими орқали Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар хўжалик судлари судьялари иштирок этди.

Олий хўжалик суди раиси К.Комилов бошқарган мажлисда Ўзбекистонда қулай ишбилармонлик муҳити яратилгани натижасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик жадал ривожланиб бораётгани таъкидланди. Мамлакатимиз Конституциясига мувофиқ тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлиги таъминланаётгани, хусусий мулкнинг давлат ҳимоясига олингани бунга мустаҳкам замин бўлмоқда. Қонун ҳужжатлари асосида тадбиркорларнинг эркин фаолият юритиши учун кенг қулайликлар яратилди. Тадбиркорлик субъектларига нисбатан санкциялар фақат суд қарорига мувофиқ қўлланилиши тартиби жорий этилди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 5 октябрдаги «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони соҳа ривожида янги босқични бошлаб берди.

Мажлисда “Қурилиш пудрати шартномасидан келиб чиқадиган низоларни ҳал этишда қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги қарор лойиҳаси кўриб чиқилди.

Маълумки, қурилиш пудрати шартномаси бўйича мажбуриятларни бажариш узоқ муддатга мўлжалланган бўлади. Ундаги муносабатлар кўплаб қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинади. Низо вужудга келганда мазкур соҳада махсус билим талаб этилади. Шу сабабли бундай низолар мураккаб тоифадаги низолардан ҳисобланади.

Қарор лойиҳасига мувофиқ, судлар қурилишга оид пудрат шартномаларидан келиб чиқадиган низоларни кўриш вақтида қонунбузарликларнинг олдини олишга эътибор қаратиши зарур. Жумладан, ташкилотлар, давлат органлари ва бошқа органлар, мансабдор шахслар ёки масъул ходимлар фаолиятида қонун ҳужжатлари бузилган ёхуд тадбиркорлик субъектлари фаолиятига тўсқинлик қилинган ҳолатлар мавжудлиги аниқланган тақдирда судлар уларнинг олдини олишга қаратилган чораларни кўриши лозимлиги юзасидан батафсил тушунтириш берилган.

Унда қурилиш пудрати шартномасининг муҳим шартлари, хусусан, шартномани рўйхатдан ўтказиш ва бу талабга риоя этмаслик оқибатлари келтирилган. Шартноманинг шакли ва мазмуни, қўшимча бажарилган ишлар ва лойиҳа-смета ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш, қурилиш ишларини бажаришда тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда жавобгарлиги, бажарилган ишни қабул қилиш, зарарни қоплаш, пудратчи тежами ва бошқа бир қатор масалалар бўйича тушунтиришлар ўрин олган.

Мажлисда мазкур масала қурилиш соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини суд орқали ишончли ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этишига эътибор қаратилди. Мазкур қарор хўжалик судлари томонидан ушбу тоифадаги ишларни кўришда қонун ҳужжатларининг тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлашга хизмат қилади.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди пленумининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги масала ҳам муҳокама қилинди.

Кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Норгул Абдураимова, ЎзА
7 601