ЎзА Ўзбек

14.11.2017 12:45:38 Чоп этиш версияси

Олис овулларда истиқомат қилаётган 102 минг 35 хонадон суюлтирилган газ билан таъминланмоқда

Мамлакатимизда аҳолига сифатли коммунал хизмат кўрсатиш, уй-жойлар, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш борасида Президентимизнинг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига келиб тушаётган мурожаатларда кўтарилган муаммоларни қисқа муддатларда ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати, Ҳисоб палатаси, Вазирлар Маҳкамаси масъул ходимлари, тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддиларидан иборат Республика ишчи гуруҳи томонидан Қорақалпоғистон Республикасида қиш мавсумига тайёргарлик, электр ва иссиқлик энергияси, табиий ва суюлтирилган газ, кўмир, ичимлик суви билан таъминлаш, қиш-баҳор мавсуми учун асосий озиқ-овқат маҳсулотлари захирасини шакллантириш борасида амалга оширилган ишлар ўрганилди. Аниқланган камчилик ва муаммолар ўз жойида бартараф этилди.

10.jpg

Мамлакатимизда одамларнинг кундалик ҳаёти, саломатлиги ва кайфиятига бевосита дахлдор масалалар – коммунал хизматни тубдан яхшилаш, уй-жой фонди ва ижтимоий соҳа объектларидан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолиятини юксалтириш ва молиявий-иқтисодий барқарорлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 22 июндаги “Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини 2017/2018 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

Республика ишчи гуруҳи аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ ва Тахтакўпир туманларининг чекка овулларида бўлди, Нукус шаҳридаги уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолияти билан танишди.

18.jpg

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига Қорақалпоғистон Республикаси аҳолисидан мазкур йўналишда шу кунга қадар 2 минг 550 дан зиёд мурожаат келиб тушган. Уларнинг 1 минг 596 таси тўлиқ қаноатлантирилган, қолганлари ўрганилмоқда. Республика ишчи гуруҳи томонидан ўрганишлар жараёнида ана шундай мурожаатлардан 32 таси бевосита жойида ҳал этилди. Хусусан, 5 хонадон ичимлик суви тармоғига улаб берилди, Тахтакўпир ва Чимбой туманларидаги авария ҳолатида бўлган ичимлик суви қувурлари таъмирланди. Олис овуллар аҳолисига 2 махсус машинада доимий равишда ичимлик суви ташиш йўлга қўйилди.

Аҳоли ва улгуржи истеъмолчиларни табиий газ билан узлуксиз таъминлаш мақсадида “Шимолгазтаъминот” унитар корхонаси томонидан ишлаб чиқилган дастур асосида 2017-2018 йиллар куз-қиш мавсумида 14 километр табиий газ тармоғини мукаммал таъмирлаш, 19,5 километрлик тармоқни реконструкция қилиш, 5 минг 36 дона газ тақсимлаш қурилмасини тафтиш этиш режалаштирилган бўлиб, айни пайтда бу ишлар изчил амалга оширилмоқда.

Ҳудудда газ билан таъминланмаган ёки табиий газ таъминоти танқис бўлган овулларда истиқомат қилаётган 102 минг 35 хонадон суюлтирилган газ билан таъминланаётир. Шу мақсадда 156 минг 515 дона газ баллонидан фойдаланилмоқда. Жорий йилда аҳолига ажратилган суюлтирилган газ ҳажми 12 минг 460 тонна бўлиб, шу кунга қадар 10 минг 215 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди.

Бу борадаги ишлар натижаларини таҳлил қилиш мақсадида ишчи гуруҳ аъзолари энг чекка ҳудудлардаги чўпонлар ҳолидан хабар олишди. 400 дан зиёд чўпон хонадонига захираси билан газ баллони ва газ плиталари, зарур озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди. Қораўзак туманининг “Қўйбоқ” овул фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган чорвачиликка ихтисослашган ширкат хўжалиги чўпонлари билан учрашув очиқ суҳбат, қизғин мулоқот тарзида ўтди.

Қорақалпоғистон Республикаси бўйича қиш мавсуми учун ҳаммаси бўлиб 48 минг тонна кўмир келтириш режалаштирилган бўлиб, ҳозирга қадар 23 минг тонна кўмир аҳолига етказиб берилди. Куни кеча 18 вагонда 1 минг 242 тонна кўмир Ангрендан етиб келди. Кейинги уч кун давомида 2 минг 250 тонна кўмир ёқилғиси келтириб, Амударё, Элликқалъа ва Қораўзак туманлари аҳолисига, ташкилот ва муассасаларга етказиб берилди.

Сўнгги 7 йилда Оролбўйида 223 янги массив барпо этилиши натижасида хонадонлар сони ортиб, уларни кафолатли электр энергияси билан таъминлаш учун қўшимча 636 километр электр тармоғи ва 268 трансформатор пункти қуриш талаб этилмоқда. Ишчи гуруҳ томонидан аҳволни ўрганиш жараёнида Беруний, Тахиатош, Хўжайли, Қўнғирот ва Амударё туманларида 7 трансформатор пункти ўрнатилиб, 1 мингга яқин аҳолининг электр таъминоти яхшиланди.

Хўжайли туманининг энг чекка ҳудуди – “Саманкўл” овул фуқаролар йиғини ҳудуди аҳолиси ҳам анчадан буён электр таъминотидаги тез-тез узилишлардан қийналаётгани ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонасига мурожаат қилган эди.

19.jpg

– Овулимиз ҳудудида кейинги йилларда аҳоли кўпайиб, хонадонлар сони ортиб бормоқда, – дейди овул фуқаролар йиғини раиси Иномжон Эшниёзов. – Айни пайтда жами 9 аҳоли пунктида 8 минг 500 дан зиёд киши истиқомат қилади. “Туякаш” аҳоли пунктида яшовчи 210 хонадонга эски подстанциянинг кучи етмай, электр таъминотида узилишлар тез-тез учраётган эди. Шунинг учун аҳоли Халқ қабулхонасига мурожаат қилган эди.

Аҳоли мурожаати асосида “Қорақалпоқ ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти томонидан қисқа фурсатда бу ерда 250 кВт кучланишдаги янги электр подстанцияси ўрнатилди. Натижада аҳоли пунктида яшовчи барча хонадонда электр таъминоти сифати яхшиланиб, узилишлар барҳам топди.

Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасида аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 51 фоизни ташкил этади. Ичимлик суви тармоқларининг узунлиги 5 минг километр бўлиб, тармоқни ривожлантириш учун яна 455 километр сув линиялари қуриш тақозо этилади. Шунингдек, 1 минг 260 кўп қаватли уйлар бўлиб, уларга 94 хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари хизмат кўрсатмоқда. Кўп қаватли уй-жой фондини қиш мавсумига тайёрлаш бўйича 2017 йилга мўлжалланган дастурда белгиланган вазифалар ижроси учун 14 миллиард 290 миллион сўм кредит маблағи ажратиш режалаштирилган бўлса, амалда 15 миллиард 166 миллион сўм ажратилган.

Қуёшли ўлкамизда ёз-куз ойлари пишиқчилик мавсуми ҳисобланади. Ҳосилни йиғиштириб олиш ишлари якунлангач, маҳсулотлар нобуд бўлишига йўл қўймай, уларни эл дастурхонига узлуксиз етказиб бериш, қишнинг совуқ палласида ҳам бозорда нарх-наво ошиб кетишига йўл қўймаслик учун қиш-баҳор мавсумида асосий турдаги қишлоқ хўжалик маҳсулотлари захирасини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Республика ишчи гуруҳи аъзолари бу борадаги ишларни чуқур ўрганиб, тизимли таҳлил қилди. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши томонидан ишлаб чиқилган махсус дастур асосида шаҳар ва туманлардаги аҳоли сони ҳамда ички бозор эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда, 2017-2018 йиллар қиш-баҳор мавсуми учун жорий йилнинг 1 декабрига қадар 31 минг 791 тонна асосий турдаги қишлоқ хўжалик маҳсулотлари захираси яратилади. Бу ишларни сифатли амалга ошириш учун тижорат банклари томонидан 3 миллиард сўм кредит маблағи ажратилди. Қишлоқ хўжалик маҳсулотлари нархини барқарорлаштириш мақсадида деҳқон бозорларида ярмаркалар ташкил этилди.

15.jpg

Ишчи гуруҳнинг ўрганишлари давомида 21 километр йўл таъмирланди, 8 умумтаълим мактаби, 5 мактабгача таълим муассасаси, 12 қишлоқ врачлик пунктида иситиш тизимига оид камчиликлар бартараф қилинди. Кам таъминланган, ногирон ва ижтимоий ҳимояга муҳтож 500 га яқин оилага маиший техника воситалари ва уй-рўзғор буюмлари, озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди.

Ўрганишлар якунига бағишлаб ўтказилган мажлисда аҳолига сифатли коммунал хизмат кўрсатиш, уй-жойлар, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини қиш мавсумига тайёрлаш ишларининг бугунги ҳолати таҳлил этилиб, амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.