Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.08.2018 17:25 Чоп этиш версияси

Олис қишлоқларда байрам шукуҳи

Олис қишлоқларда байрам шукуҳи Сурхондарё вилоятида ҳам Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллик байрамига бағишланган турли маънавий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари ва учрашувлар юксак савияда ўтказилмоқда.

Президентимизнинг жорий йил 28 июндаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма етти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

Айни кунларда пойтахтдан келган тарихчи олимлар, шоир-ёзувчилар, эл суйган санъаткорлардан иборат тарғибот гуруҳи аъзолари вилоятнинг чекка ва тоғли ҳудудлари, қўшни давлатлар билан чегарадош маҳаллаларида бўлиб, “Азиз ва ягонамсан жонажон, Ўзбекистоним!” шиори остида учрашувлар ташкил этмоқда.

Вилоят ҳокимлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими билан ҳамкорликда ўтказилаётган тадбирларда мустақилликнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти, истиқлол йилларида халқимиз эришаётган улкан ютуқ ва марралар, онгу тафаккуримизда, ҳаётимизда рўй бераётган туб ўзгариш ва янгиланишлар ҳақида аниқ мисоллар билан атрофлича сўз юритилмоқда.

5.jpg

Жарқўрғон туманидаги қўшни давлат билан чегарадош Камар маҳалласида бўлиб ўтган тадбирда Республика Маънавият ва маърифат маркази масъул ходими И.Абсаломов, Фанлар академияси тарих институти катта илмий ходими, фан доктори Б.Убайдуллаева, шоира Д.Исмоилова, Ўзбекистон халқ артисти А.Бегматова ва бошқалар миллий истиқлолимиз ва унинг ҳаётимизда тутган ўрни, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла“, “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Yoshlar – kelajagimiz!” дастурларининг аҳамияти ҳақида сўз юритди. Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.

Қўшни давлат билан чегарадош Камар маҳалласи ҳам мустақиллик йилларида тобора чирой очиб, обод ва кўркам гўшага айланмоқда. Тадбиркорлик, фермерлик ҳаракати етакчи кучга айланаётир. Янги уй-жойлар, ижтимоий соҳа иншоотлари барпо этилмоқда. Айни пайтда ҳудудда олти фермер, 12 тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда. Энг улуғ, энг азиз байрамимизнинг 27 йиллик тўйи арафасида янги мактаб фойдаланишга топширилади.

– Халқимизнинг миллий мустақилликка эришиш тарихи ва унинг бугунги ҳаётимиздаги ўрни, эришилаётган ютуқлар, аҳоли фаровонлигини юксалтиришга қаратилаётган доимий эътиборнинг жамият тараққиётидаги аҳамияти, улкан бунёдкорлик ишлари ва бошқа мавзулардаги маърузалар барчада катта таассурот қолдирди, – дейди “Камар” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Х.Қулматов. – Бундай тадбирлар аҳоли, айниқса, ёшларни Ватанга муҳаббат ва миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашда катта аҳамиятга эга.

Тоғли Бойсун туманининг Омонхона, Меҳриобод қишлоқлари, Шўрчи туманидаги Ёш ғайрат, Тўла, Олтинсой туманидаги Мустақилликнинг 10 йиллиги маҳаллаларида ташкил этилган тадбирларда ҳам истиқлолнинг улуғ неъмат бўлиб, уни мустаҳкамлаш ва эл-юрт равнақи йўлида фидойилик билан меҳнат қилиш ҳар бир фуқаронинг фарзандлик бурчи экани таъкидланди.

Тарғибот гуруҳи аъзолари қўшни давлат билан чегарадош Узун ва Сариосиё туманларида ҳам шундай тадбирлар ўтказишди.

Холмўмин Маматрайимов, Жонибек Қўзимуродов (сурат) ЎзА
6 017