ЎзА Ўзбек

16.09.2019 Чоп этиш версияси

Олис қишлоқ аҳолиси тиббий кўрикдан ўтказилди

Олис қишлоқ аҳолиси тиббий кўрикдан ўтказилди

Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Тиббиёт бўлими тажрибали ходимларидан иборат бир гуруҳ шифокорлар Қораўзак тумани Есимўзак қишлоқ фуқаролар йиғини аҳолисини тиббий кўрикдан ўтказди.

Қорақалпоғистон Республикасининг учинчи сектор раҳбари, Ички ишлар вазири, полковник Айтбай Темирхонов томонидан жорий йил 5-сентябрь куни ўтказилган оммавий сайёр қабулда шу ерда яшовчи аҳоли томонидан қишлоқдаги тиббиёт муассасида керакли мутахассислар ва асбоб-анжомлар етишмаслиги, натижада тиббий хизмат кўрсатишда муаммолар борлиги қайд этилган эди.

Тадбир давомида тиббиёт бўлимининг тажрибали жарроҳ, терапевт, лор, тери таносил, асаб, кўз, кардиолог, стоматолог, руҳий касалликлар бўйича етакчи мутахасислари томонидан жами 113 нафар, жумладан 84 нафар катта ёшдаги фуқаро, 27 нафар ёш ўсмир ҳамда 2 нафар уй шароитида даволаётган бемор тиббий текширувдан ўтказилди. Шунингдек, беморларга ультратовуш (УЗИ) ва ЭКГ аппаратларида аниқ ташхислар қўйилиб, керакли дори воситалари бепул тарқатилди.

–Бугун тажрибали тиббиёт ходимлари менинг соғлигимни ЭКГ аппаратида текшириб, аниқ ташхис қўйишди ва зарур дори-дармонларни бепул беришди, – дейди овул фуқаролар йиғинида яшовчи Айнияз Ниязбаев. –Бундай кўчма тиббий кўрикни ташкил этган сектор раҳбарига ва тиббиёт ходимларига овул фуқаролар йиғини аҳолиси номидан ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Ички ишлар вазирлигининг Тиббиёт бўлими шифокорлари тумандаги “Қойбақ” қишлоқ фуқаролар йиғини аҳолисини ҳам тиббий кўрикдан ўтказди.

photo5471974165910236103.jpg

photo5472280431438179231.jpg

photo5472280431438179232.jpg

4 992
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА