17.08.2018 10:35 Чоп этиш версияси

Олимпия захиралари мактабларига 6-синфдан қабул қилинади

Олимпия захиралари мактабларига 6-синфдан қабул қилинади
Олимпия захиралари мактабларига қабул қилиш тартиби белгиланди.

Ҳукумат қарори билан "Ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатига ўқувчиларни қабул қилиш, аттестациядан ўтказиш ва уларнинг ўқишини кўчириш тартиби тўғрисида"ги низом тасдиқланди. Бу ҳақида Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар қилмоқда. 

Мактаб-интернатга ўқувчилар танлов асосида 6-синфдан қабул қилинади.

Ўқувчилар 20 июнь-20 июль мобайнида қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши лозим:

ўқувчининг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан мактаб-интернат директори номига ариза;

туғилганлик тўғрисида гувоҳнома нусхаси;

тиббий маълумотнома;

турар жойидан маълумотнома;

3,5 х 4,5 ҳажмдаги 8 та рангли фотосурат.

Касбий (ижодий) имтиҳонлар 100 балли тизим бўйича баҳоланади ва умумий жисмоний тайёргарлик учун – 30 балл ҳамда махсус жисмоний тайёргарлик учун – 70 балл ажратилади.

Касбий имтиҳонлар 21 июль-28 июль мобайнида ўтказилади ва натижалар 1 августда эълон қилинади.

Натижалардан норози бўлган шахслар уч кун муддатда мактаб-интернатнинг қабул комиссиясига ариза билан мурожаат қилишлари мумкин.

Қуйидаги ҳолатларда ўқувчининг ўқиши мактаб-интернатдан бошқа таълим муассасасига кўчирилади:

ўз хоҳишига кўра;

аттестация комиссиясининг қарорига кўра;

тиббий номувофиқлик бўлганда, врач хулосасига кўра;

ўқув интизоми ва ички тартиб-қоидаларни бузганда.

ЎзА
5 037