Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

08.09.2018 16:53 Чоп этиш версияси

Олимлар мақом санъати ва унинг жаҳон тамаддунида тутган ўрни ҳақида

Олимлар мақом санъати ва унинг жаҳон тамаддунида тутган ўрни ҳақида Шаҳрисабз шаҳрида мақом санъатига бағишланган илк халқаро анжуман давом этмоқда. Ушбу анжуман ўзининг кўлами, қамраб олинган мавзулари, иштирокчиларнинг кўплиги билан ҳам аҳамиятлидир. Унда 73 давлатдан санъаткорлар қатнашаётир.

Халқимиз маданий меросининг ажралмас қисми бўлган миллий мақом санъати қадимий тарихи, теран фалсафаси, бетакрор бадиий услуб ва бой ижодий анъаналари билан маънавий ҳаётимизда муҳим ўрин эгаллайди. Асрлар давомида шоир ва олимлар, моҳир бастакорлар, ҳофизу созандаларнинг машаққатли меҳнати ва ижодий тафаккури билан сайқал топиб келаётган ушбу ноёб санъат нафақат Шарқ мамлакатларида, балки бутун дунё миқёсида катта шуҳрат қозонган.

Шарқ халқларининг бетакрор санъати бўлган мақомларни ўрганиш, азалий анъаналарни тиклаш, замон руҳи билан суғорилган ижроларни шакллантириш ва жаҳонда кенг тарғиб этиш, халқлар ўртасида ижодий ҳамкорлик ва маданий мулоқотни мустаҳкамлаш халқаро мақом санъати анжуманининг асосий мақсадидир.

Анжуман доирасида ўтказилаётган “Мақом санъати ва унинг жаҳон тамаддунида тутган ўрни” мавзуидаги илмий-амалий конференцияда мақомот санъати бўйича тадқиқот олиб бораётган дунёнинг таниқли олимлари ўзларининг илмий маърузалари билан қатнашмоқда.

Узоқ ўтмишдан то ҳозирги кунгача Шарқда маданият, таълим-тарбия, санъат, адабиёт соҳаларининг юксалишида илмий ва ижрочилик (устоз – шогирд) мактабларининг роли катта бўлган. Мусиқа соҳасида ҳам турли халқларга хос анъаналар шаклланиши ва ривожланиши турли санъат намуналарида намоён бўлади. Ҳозирги глобаллашув жараёнида мақом санъатининг юксалиши ундаги қадимий анъаналарни замон билан уйғун давом эттиришга боғлиқ.

– Темурийлар даврида мақом, мусиқа илми бўйича йирик рисолалар битилган, – дейди Ўзбек миллий мақом санъати маркази бош директори Сойибжон Бегматов. – Зайниллобиддин Ҳусайнийнинг “Қонуний илмий-амалий мусиқий” китоби, Нажмиддин Кавкабий, Абдураҳмон Жомий, Абдулқодир Маровийнинг мусиқий рисолалари шулар жумласидан. Илмий-амалий конференцияда ана шу асарларнинг мақомот дунёсидаги аҳамияти, қайси тилларга таржима этилгани, мақом ривожи учун улар қай даражада хизмат қилиши каби масалалар ҳам муҳокама этилмоқда. Мақом мусиқий жанрларнинг гултожи ҳисобланади. Шунинг учун уни ўрганиш ҳам, ижро этиш ҳам махсус билим талаб этади. Билими йўқ одам уни ижро эта олмайди. Илмий анжуманда олимлар мақомни ўрганиш, ўзлаштириш ва уни ривожлантириш хусусидаги ўз фикрларини баён этмоқда. Ўйлайманки, илмий конференцияда мақом ривожи бўйича олдимизга қўядиган вазифалар белгилаб олинади.

Муҳокамаларда Ўзбекистон, АҚШ, Франция, Италия, Германия, Венгрия, Жанубий Корея, Туркия, Озарбайжон, Эрон, Ҳиндистон, Покистон, Тожикистон, Миср, Ироқ, Тунис, Афғонистон, Бангладеш каби 19 давлатдан етакчи мусиқашунос олимлар ўз маърузаси билан иштирок этмоқда.

– Мақом Озарбойжон санъатининг энг сара намунаси ҳисобланади, – дейди озарбойжонлик олима Лала Ҳусейнова. – Тўйлар, концертлар, фестиваль ва конкурслар, телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар, озарбайжон бастакорларининг турли асарлари ва операларидаги иштироки – буларнинг барчаси мақом ижрочилигининг янги шаклини вужудга келтирган ва уларнинг ҳар бири алоҳида ёндашувни талаб қилади. Мақом ижрочилигининг кейинги пайтларда кенг тарқалган ва мақомчилар уни композиция, деб атайдиган “Шур композицияси”, “Чаҳаргоҳ композицияси” каби шакллари мавжуд. Замонавий мақом дастгоҳларининг кўплаб таснифлари Алибобо Мамедов, Ориф Бобоев каби машҳур хонандалар муаллифлигида яратилган. Афсуски, собиқ тузум даврида таснифларни яратган мақомчилар ўз исм-фамилияларини яширишга мажбур бўлган. Оқибатда кўплаб тасниф ва қўшиқлар ўз муаллифларини йўқотган, улар халқ мусиқаси ёки халқ қўшиғи, деган номда бизгача етиб келган. Мақом ижрочилигининг ўз қоидалари мавжуд. Аммо улар ҳозирги мақом ижрочилари талабига тўлиқ жавоб беролмайди. Чунки бугунги мақом ижрочилиги ўз композициялари билан анъанавий мақом ижрочилиги чегарасидан чиқиб кетган. Ҳозир халқаро фестиваль ва танловларда турли мақом мактаблари вакилларининг фикрлари ўрганилаяпти. Анъанавий мақом маъқулми ёки замонавий услубми, деган саволга олдимизда кўндаланг турибди. Шу каби саволларга жавоб маърузамнинг асосий моҳиятини ташкил этади.

Илмий анжуман доирасида Отаназар Матёқувнинг “Бухоро шашмақоми”, “Хоразм дутор мақомлари ва олти ярим мақоми”, Равшан Юнусовнинг “Ўзбек мақомлари” китоблари тақдимоти ва юртимиз мақом санъати усталарининг “устоз-шогирд” анъаналари асосидаги маҳорат дарслари ҳам ўтказилиши кўзда тутилган.

Ўлмас Баротов, ЎзА