Олимлар аввалгилардан ҳам юз баробар кучлироқ антителани аниқлашди
Олимлар коронавирусни даволайдиган дорини яратишда қўл келадиган иккита протеинни топишди.
Амстердам университети тиббиёт маркази тадқиқотчилари COVID-19 билан касалланиб чиққан мижозда вирусга қарши янги, янада кучлироқ антителани аниқлашди. Ундаги антитела аввал коронавирусга чалинган беморларда пайдо бўлган антителадан ҳам бир неча баробар кучли бўлиб чиқди, деб хабар қилади NL Times нашри врачлар берган маълумотга таяниб.
Олимлар коронавирусни даволайдиган дорини яратишда қўл келадиган иккита протеинни топишди. «Ушбу янги антитела аввалгиларидан юз баробар кучли», - дейди тадқиқот гуруҳи раҳбари доктор Марит ван Гилс.
Хабарда таъкидланишича, агар антитела шунчалик кучли бўлса, демак касалликни самарали даволаш учун у камроқ талаб этилади, бу эса антителани ишлаб чиқариш арзон бўлади, деганидир.
“Биз COVID-19га чалинган беморларнинг қонидан олинган барча антителани лабораторияда тестдан ўтказдик ва энг кучли вариантларини ажратиб олдик”, - деди шифокор.
Навбатдаги қадам антителани қўллашда унинг хавфсизлигини исботлашдан иборат. Аввал бошда лабораториядаги ҳайвонларда тест ўтказилади. Агар тест муваффақиятли ўтса, кейин одамларда синаб кўрилади. Доктор ван Гилс инсонларда синаб кўриш келаси йилнинг бошидан бошланиши мумкинлигига умид билдирди. Шундан кейингина, кенг кўламда ишлаб чиқаришга киришилади, дейди у.
Амстердамлик тадқиқотчилар COVID-19дан даволаниб чиққан беморларнинг қонини тестдан ўтказиш ва янада кучлироқ антителани топиш йўлидаги сайʼ-ҳаракатларини келгусида ҳам давом эттириш ниятида. Улар антителалардан ўзига хос «коктейль» яратишмоқчи. Бу коронавирусга чалинишнинг олдини олувчи вакцина каби қисқа муддатда таъсир кўрсатувчи восита бўлиши лозим, дейди олимлар.