ЎзА Ўзбек

10.06.2019 11:01 Чоп этиш версияси

Олим ва жосуслик мактаби... ёхуд тарихни қандай ёзиш керак?

Олим ва жосуслик мактаби... ёхуд тарихни қандай ёзиш керак?

Янги китоб. Яқинда “Бухоро ёхуд Мовароуннаҳр тарихи” китоби “INFO CAPITAL GROUP” нашриёти томонидан чоп этилди. 

Венгриялик шарқшунос ва сайёҳ А.Вамберининг “Бухоро ёхуд Мовароуннаҳр тарихи” асари Бухоро хонлигининг энг қадим даврларидан то XIX асрнинг иккинчи ярми, яъни Ўрта Осиёнинг чор Россияси томонидан босиб олиниш даврини ўз ичига олади. Асар бир қатор муаррихлар: Наршахий, Жувайний, Али Яздий, Ибн Арабшоҳ, Мирхонд, Ибн Рўзбехон, Шариф Саййид Роқим ва бошқалар қаламига мансуб тарихий манбалар ва бир қатор ғарб шарқшуносларига тегишли асарларга суяниб ёзилгани билан эътиборга молик.

Қуйида “Бухоро ёхуд Мовароуннаҳр тарихи” асари таржимони Сирожиддин Аҳмаднинг “Рашид Афанди – Арминий Вамбери” номли сўзбошиси ҳукмингизга ҳавола қилинади: 

“Бухоро ёхуд Мовароуннаҳр тарихи” асари – муаллифи Венгриянинг Будапешт университети профессори Арминий Вамберидир. Бўлажак шарқшунос ва сайёҳ 1832 йил 19 мартда Венгриянинг Дуна Шердахели шаҳарчасида яҳудий оиласида дунёга келди. Отаси вафот этгач, онаси иккинчи марта турмуш қурган. 12 ёшгача қишлоқ мактабида, сўнг монахлар католик орденининг Сен-Георген коллежида, кейин Бенедикт монахларининг Присбургдаги коллежида ўқиганини таржимаи ҳолида ёзади. Ёшлигидан меҳнатда чиниқиб, қийинчиликлардан қўрқмайдиган бўлиб ўсган. 16 ёшга тўлганда ўзида хорижий тилларни ўрганиш қобилиятини сезиб, мажор, лотин, француз, немис, инглиз тилларини, кейинчалик славян тилларини, хусусан, рус тилини ўзлаштиради. Арминий Вамбери мажор тилининг асл манбасини билишни орзу қилган. Шу сабабли, мажор тилини Шарқ тилларининг олтой тиллари гуруҳи фин-угор шаҳобчасигами ёки туркий тиллар шаҳобчасига мансублигини аниқламоқчи бўлган. Шу боис, Ўрта Осиёга саёҳат қилишни мақсад қилади. 

Мақсадини амалга ошириш учун 1852 йилда Туркияга келиб, Истанбулда яшайди. Ўша даврда Боби олий зиёлилари ва кибор оилаларида Оврупо тилларидан бирини ўрганишга ҳавас кучайган бўлиб, кўпчилик ўзига ёхуд фарзандларига немис, француз ва инглиз тилидан хусусий ўқитувчи ёллаган. Вамбери ҳам ўзига тўқ бир турк оиласида француз тилидан дарс берган. Аввал поша Ҳусайн Доим уйида ўқитувчилик қилади, кейинроқ Мулла Аҳмад афанди деган киши билан танишиб, унинг таъсирида усмонли турк тилини пухта ўрганади. Турк оилалари билан алоқа чоғида ислом арконларини бир мулло даражасида яхши билиб олади. Қуръон қироати, шариат ва суннани талаб, қоидалари билан пухта танишади, керакли билимларни эгаллайди. Хуллас, ўзга юртга мусулмон қиёфасида кирмоқни истаган бир кишига қанчалик билим ва тажриба зарур бўлса барчасини ўзлаштиради. “Бир неча турк хонадонларида бўлишим, – деб эслайди Вамбери, – ислом мактаблари ва китоб дўконларига қатнаб юришим мени тезда туркка, ҳатто афандига айлантириб қўйди”. Вамбери бу шаҳарда эски ўзбек тилидан ташқари араб, форс тилларини пухта ўрганди. Ўзининг тан олишича, ислом динидан олган билими бир муллонинг билимидан кўпроқ бўлган. Ана шу машаққатли меҳнат ва тайёргарлик орқали 1858 йилда 14 минг сўзлик “Немисча-туркча луғат”, 1860 йилда тахминан 40 минг сўзлик “Чиғатойча (эски ўзбекча) – немисча луғат” тузиб, Истанбулда нашр эттирди. Матбуотда босилган мақолалари ва китоблари самараси ўлароқ, 1861 йилда Венгрия фанлар академиясига мухбир аъзо этиб сайланган. А. Вамберининг бу ишлари Ўрта Осиёга режалаштираётган мақсадли саёҳатидан кўзланган илк қадам эди. 

Вамбери саёҳатни амалга ошириш учун Истанбул ва Теҳронда инглиз элчихонаси вакиллари билан алоқа ўрнатади. Ўзига “Рашид афанди” деб тахаллус олади. Айримлар ҳатто уни “Рашид ҳожи” деб атай бошлайдилар. У 1863 йилнинг бошида Теҳронга келади. Туркия элчихонаси уни яхши қабул қилади. 27 март куни эса элчихонада Рашид афандининг Ўрта Осиё бўйлаб саёҳатидан олдин кузатиш зиёфати уюштирилади. 1863 йил 28 март куни ҳаж зиёратидан қайтаётган ҳожилар карвонига қўшилиб, йўлга тушади. 1863 йил 29 май куни Рашид афанди қўшилган карвон Хива хонлигига кириб келади. 30 майда Хива яқинидаги қишлоққа қўнади. Бирин-сирин Хоразм, Ҳўқанд, Қарши ва Бухоро шаҳарларида бўлади. Ўрта Осиё хонликлари табиий, иқтисодий, сиёсий, ҳарбий географияси, аҳоли нуфуси, маорифи ҳақида маълумот тўплайди. Ўзининг тарихий ва филологик тадқиқотлари учун зарур бўлган маълумотлар ҳамда адабиётларни, айниқса, Бухоро хонлиги тарихига оид ноёб қўлёзмаларни, босма китобларни турли шахслардан харид қилади. 

Мовароуннаҳр тарихи ва Янги Бухоро ҳаётига оид маълумотларни тўплаб бўлгач, ортга қайтишни режалаштиради. 1863 йил ноябрь ойининг биринчи ярмида Амударёни кечиб, Ҳиротга кириб келади. 1863 йил 15 ноябрь куни Ҳиротда 2000 кишилик карвонга қўшилиб Машҳадга йўл олади. 27 ноябрда Машҳадга келиб, шаҳарга инглизлар томонидан қўйилган губернатор, полковник Долмаж қабулида бўлади. Долмаж 1863 йил 26 декабргача уни ўз ҳузурида ушлаб, меҳрибонлик кўрсатади. Вамбери Хивалик дўсти Мулла Исҳоқ билан 1864 йил 20 январь куни Теҳронга кириб келади. 

Вамберини инглизларнинг Эрондаги элчиси Алисон ва унинг котиблари Томсон ҳамда Ботсон самимий кутиб оладилар. Ўрта Осиёга оид саёҳат хотираларини китоб ҳолида Англияда чоп этилишига ёрдам беришни ваъда қиладилар. Элчихонадаги учрашув ва битишувлардан сўнг, Вамбери кўнгли жойига тушиб, Эроннинг ёш шоҳи Назриддин қабулида бўлади. Суҳбат чоғида Ўрта Осиё хонликларининг ночор аҳволи ҳақида сўз-лайди. 

Олим ва жосус Вамбери Теҳронда чамаси икки ой яшагач, 1864 йил март ойида Истанбулга йўл олади. Истанбулда қисқа муддат бўлиб, элчи Фон-Прокаш-Остен билан учрашиб, тўплаган маълумотларини қандай қилиб ишлаб чиқиш ҳақида маслаҳатлашади. Сўнг Пешта шаҳрига келади. Мулла Исҳоқни дўстлари қўлига топшириб, ўзи 1864 йил 9 июль куни Лондонга кетади.

Вамбери инглизлар ёрдамида “Ўрта Осиё бўйлаб саёҳат” (Лондон, 1864), “Ўрта Осиё очерклари” (1868), “Чиғатой тилидан қўлланма” (1867), “Бухоро ёки Трансоксания тарихи” (1873) асарларини эълон қилган. Шу билан бирга турли мамлакатларнинг олимлари хусусан, Тошкентда яшаган ўрис миссионери ва ҳаваскор шарқшунос Н.П. Остроумов билан ёзишмалар олиб борган. 

У 1865 йилда ватанига қайтгач, Будапешт университетида Шарқ тиллари профессори лавозимида ишлаган. Вамбери 1913 йил, 15 сентябрда, 81 ёшида вафот этган. 

Рашид афандининг дастлабки икки асарини мазмун ва мақсад йўналишига кўра, оддий сайёҳнинг хотиралари деб аташ қийин. Чунки асарда Ўрта Осиёнинг уч хонлиги тўғрисида стратегик маълумотлар тўпланган ва хонликлар ҳаёти инглиз ва русларнинг миллий-сиёсий манфаати нуқтаи назаридан таҳлил қилинган. Инглизларнинг эътибори хонликлар ҳаётига жалб этилган. Шу боис, хонликларнинг табиий неъматлари, ишлаб чиқариш маҳсулотлари, зироат, чорвадорлик, сув хўжалиги, ҳарбий тайёргарлиги, стратегик йўллари, одамлари, адабиёти, фани ва маорифи, хонликларнинг ўша даврдаги сиёсий-иқтисодий аҳволи ҳақида зарур маълумотлар берилган. 

“Бухоро ёхуд Мовароуннаҳр тарихи” асари тарихий-илмий манбалар асосида ёзилган бўлиб, ғарблик олимлар орасида манба жиҳатдан анча шуҳрат қозонганига қарамай, рус олимлари асарни унчалик хуш кўрмайдилар. Ушбу асар 1924 йилда Бухоро рес-публикаси ҳукумат раиси Файзулла Хўжаев топшириғи билан татар қардош¬ларимизнинг машҳур зиёлилари: “Вақт” газетасининг масъул муҳаррири Фотиҳ Каримий ва муаллим Бурҳон Шараф тарафидан илк бор ўзбек тилига таржима қилинган. Ушбу таржима ўз вақтида ўзбек ўқувчилари орасида жуда шуҳрат қозонган бўлиб, таржимонлар сиёсий қатағонга учраган бўлсаларда, кенг китобхонлар оммаси уни сақлаб келди. Таржимани мутлақо камситмаган ҳолда очиқ айтишимиз керакки, таржима тили муллойи тил бўлиб, жумлалар мураккаблиги, араб ва форс сўзларини яхши билган кишилар учун мўлжаллангани, татарча сўз ва иборалар бисёрлиги эътиборимизни тортган эди. Шу сабабли, бевосита А.Павловскийнинг таржимасидан фойдаландик. Иш жараёнида Наршахий, Табарий, Ибн Арабшоҳ, Абдураззоқ Самарқандий, Алишер Навоий, Заҳи-риддин Муҳаммад Бобур, Муҳаммад Солиҳ, Фазлуллоҳ ибн Рўзбеҳхон, Мулла Шариф Саййид Роқим Тошкандий ва бошқаларнинг асарларига мурожаат қилиб, келтирилган мисолларни имконият даражасида солиштиришга уриндик. Амир Темурнинг туғилган санасидан бошқа саналарга тузатиш киритмадик. Асарнинг асл нусхаси биринчи жилди-да Мовароуннаҳр ҳақида маълумотдан то темурийлар давригача бўлган тарих берилган. Русча таржимада эса темурийлар даврига оид қисм иккинчи жилдга ўтказилган. Шу боис ўз ҳолича қолдирилди. 

Муаллиф асарда Бухоро хонлиги тарихини ёритишни асосий мақсад қилган. Бинобарин, қадим Бухоро хонлиги ҳудудига – у ХIХ аср Бухоро хонлиги ҳудудидан анча кенг бўлган маконга ислом динининг кириб келишигача ва ислом қабулидан кейинги замонлар: салжуқийлар, мўғуллар, темурийлар, аштархонийлар, шайбонийлар ҳамда Бухоронинг янги тарихи – манғитлар ҳукмронлиги ҳамда руслар босқини даврига хос воқеалар ҳақида манбалар асосида фикр юритган ва кузатув олиб боришган. 

Асарда тарихий воқеалар, ижтимоий-сиёсий тузумларнинг иқтисодий, фалсафий, диний нуқтаи назардан таҳлили оз. Воқеалар асосан, кузатиш ва ўрганиш, манбаларга суяниш тафаккури самарасидир. Бироқ шунга қарамай, хорижий ўқувчида ҳам, маҳаллий ўқувчида ҳам бирдай қизиқиш уйғотади, тарих ҳақида муҳим хулосалар чи-қаришга имконият беради деб ўйлаймиз.

Ушбу асарнинг русча таржимасига қараб, муаллифнинг илмий фаолиятига ва ишига адолатли баҳо бериш қийин. Асарни немисчадан русчага таржима қилган А.Павловскийнинг ўзи тан оли¬шича, асардан рус манфаатига зид бўлган 27 қа¬тор сатрни олиб ташлаган эмиш. Аммо асарда ўзбекларни миллий камситиш, атайлаб рус ҳарбий салоҳиятини мақташ ҳолатлари кўзга ташланади. Ҳолбуки, Вамбери рус сиёсатига қарши бўлган, унинг аса¬рида бундай фикрларнинг учраши ножоиз. Рус тилидаги таржима немис тилидаги асл матнга қиёсий солиштирилганда, Вамберининг асарига холис баҳо бериш мумкин деб ўйлаймиз. Бироқ шунга қарамай, муаллифнинг Ислом дини ва ўзбекларга салбий қараши яққол сезилиб туради. (Буни ҳозирги рус олимлари ҳам таъкидлашган.) Унинг ислом динига муносабати Ўрта Осиёдан чиқиб кетгандан кейинги йилларда матбуотда босилган интервью ва турли олимларга ёзган мактубларида кўринади. Аммо унинг ўз фаолиятига мардонавор танқидий баҳо берганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Масалан, ўзининг “Чиғатой тили қўлланмаси” аса-рида “чиғатой тили” атамаси бошқалар ва ўзи томонидан хато қўлланилгани, аслида “Турк тили” деб аталиши кераклигини тан олган олим, Амир Темурнинг шахси ва фаолиятига Оврупо ва Шарқнинг айрим тарихчилари фикрига зид равишда адолатли баҳо берган. Шунингдек, Шайбонийхон шахсини ҳам инсоф билан баҳолаган. Бундай инсон ўзи учун ярашмайдиган ибора ва иборатларни ўзга халққа нисбатан қўпол равишда ишлатиши ишониб бўлмайдиган нарса. Асарнинг биринчи қисмидаги босиқлик, иккинчи қисм таржимасида бошқачароқ йўналиш олганга ўхшайди. Фикримизнинг тўғри ёки нотўғрилиги асарни тўғридан-тўғри асл нусхадан таржима қилгандагина билинишини яна бир карра такрорлаймиз. Яна шуни қўшимча қилмоқчимизки, миллатимизнинг Ўрта Осиё, Хуросон, Эрон, Ҳиндистон ҳудудларида айнан қачондан бошлаб яшагани ҳақидаги тарихий аниқ маълумотларга суянилмаган ҳолда фикр юритилган. Ҳолбуки, Вамбери таҳлилга олган қадим даврлардаги Хуро¬сон, Эроннинг баъзи шаҳар ва кентлари номлари туркий эканлигини ўзи тан олган. Бундай қусурларнинг замини ХVIII ва ХХ асрларда туркология фанининг заиф ривожланганидагина эмас, балки археология, лингвистика, тарих фанининг заифлигида. Илмий тадқиқотлар учун зарур манбаларнинг ниҳоят камлиги ва уларнинг муаллифларига қараб ўринли-ўринсиз шубҳага бориш, ижтимоий-сиёсий ва маданий тараққиётга европацентризм нуқтаи назаридан қараш оқибатидир. Бундай қарашларнинг яна бир илдизи эронпарастликка бориб тақалади. Учинчи бир илдиз эса Эрон ва кўҳна Турон халқлари ўртасида сохта адоватни аланга олдиришга интилиш орқали, икки қадим халқнинг ўзаро аҳил-тотув яшашига имконият бермаслик, адабиёт ва тарих соҳаларидан сиёсий ўйин мақсадида фойдаланиш, ҳар иккисига ўта тор миллатчи, чала муллоларнинг кириб қолишидан ўзга нарса эмас. Албатта, бундай қарашлар бир томондан сиёсий манфаатлар учун хизмат қилса, иккинчи, ҳақиқий томондан қараганда, тарихий нуқтаи назардан қусурсиз манбаларнинг Вамбери давригача етиб келмагани ва ҳурматли сайёҳ ҳамда шарқшуноснинг Шарқ муаллифларига ўта шубҳа билан қарашидандир. Бироқ Вамбери Исмоил Сомоний, Амир Темур, Абдуллахон, Шайбоний ва бошқаларнинг сиёсий сий-мосига тўғри ва адолатли баҳо берганини тан олиш лозим. Агар Вамберининг бу асари Европада тарқалмаганда, балки улар ҳали ҳам ватандошларимизнинг, мил¬лий қаҳрамонларимизнинг фаолиятига рус босқинчилари ва шўро коммунистлари нуқтаи назаридан баҳо берган бўлур эдилар. Бироқ Вамбери ниҳоятда қисқа муддат Ўрта Осиёда бўлишига, жуда кўп ахборот ва манба тўплашга эришганига қарамай, маҳаллий халқнинг маданияти, урф-одати, дини, феъл-атвори ҳақида адолатли (объектив) фикр юритган дея олмаймиз. Бунга ўқувчиларнинг ўзлари ҳам гувоҳ бўладилар. Аммо тарихимизда ўтган Амир Насрулла каби қонхўр ва жиноятчи хонларнинг биқиқ ва шарафсиз ҳаёт тарзи миллатимизнинг умум нуфузига соя ташлай олмайди. Руслар айтганидай “оила қўтирсиз бўлмайди”. 

Рашид афанди саёҳат хотираларида Туркистоннинг маънавий-ижтимоий, сиёсий ва ҳарбий ҳаётига оддий саёҳатчи кўзи билан эмас, балки ҳарбий текширувчи назари билан қарайди. Агарда ҳақиқий шарқшунос олим ёки файласуф бўлганида масалага бироз бошқачароқ, айтиш мумкинки кенгроқ қарарди. Шу боис, хонликларнинг ҳарбий салоҳияти, давлат қурилиши, табиий бойликлари, зироати, чорвадорлиги, боғча-сабзовот маҳсулотлари тўғрисида фақатгина чет элликлар учунгина эмас, балки ҳозирги замон ўқувчилари учун ҳам қизиқарли маълумотлар берар эди. 

Арминий Вамберининг асарларини, хусусан, “Ўрта Осиё бўйлаб саёҳат”, “Бухоро ёхуд Мовароуннаҳр тарихи”, “Ўрта Осиё очерклари”ини ўқир эканмиз, унинг ижобий фикрларини қабул қилишимиз, танқидий фикрларини миллат истиқболи нуқтаи назаридан ўйлаб кўришимиз, халқимизнинг бой маънавий меросини қадрлаб, асраб-авайлашимиз кераклигини эътиборимиздан қочирмаслигимиз керак. Шу билан бирга, тарихни қандай ёзиш керак, деган саволга жавоб топамиз. Британия ҳукумати Рашид афандига 49 йил мобайнида нафақа тўлаганини билиб қўйиш зарар қилмайди. Таржимада айрим камчиликлар бўлиши табиий ҳол, бу бизнинг нуқсонимиз, зеро нуқсонсиз зот фақат Яратганнинг ўзидир”.

“Бухоро ёхуд Мовароуннаҳр тарихи” китоби мутолааси Сизни бефарқ қолдирмайди, деган умиддамиз!

ЎзА
3 136