Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

03.08.2018 19:33 Чоп этиш версияси

Ғолиблар ота-онасига совға ҳозирлайди

Ғолиблар ота-онасига совға ҳозирлайди Навоий вилоятида “Тафаккур” ёш билимдонлар интеллектуал баҳси ташкил этилди.

Вилоят ҳамда Навоий шаҳар ҳокимликлари ташаббуси билан бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган билимдонлар баҳсида Навоий шаҳри, Кармана ва Навбаҳор туманларидан келган китобхон ўқувчи-ёшлардан иборат жамоалар қатнашди.

Бунинг учун махсус жиҳозланган студияда беллашув столи ташкил этилди. 13 та саволдан иборат беллашув столида ўзбек ва жаҳон адабиёти, диний-маърифий ҳамда вилоят ҳокимининг воҳа тарихига оид мантиқий саволлари жой олди.

3.jpg

– Мазкур телелойиҳа ёшлар ўртасида китобхонлик тарғиботини кучайтириш, вояга етмаганлар орасида жиноятчиликнинг олдини олиш, ёш истеъдодларни муносиб рағбатлантириш мақсадида ўтказилаётгани билан аҳамиятлидир, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ёшлар масалалари бўйича комиссияси раиси К.Тожиев. – Бу интеллектуал ўйиннинг анъанавий ташкил этилиши вилоят ёшларини китоб мутолаасига кенгроқ жалб этишга хизмат қилади. Илк баҳслар кутилганидек қизиқарли кечди. Айниқса, ҳокимнинг мантиқий саволига биринчи бўлиб жавоб топган билимдонларнинг ота-оналарига саломатлигини тиклаши учун юртимиздаги сиҳатгоҳларга бепул йўлланма, бир миллион сўмлик китоблар жамланмаси тақдим этилишидек ўзига хос тарғибот йўлга қўйилди.

2.jpg

Энг фаол иштирокчи ва энг қизиқарли савол соҳибига Навоий шаҳар ҳокими совғаси – телевизор топширилди. Бундан ташқари, ҳар бир ўқувчига 100 минг сўм қийматидаги китоблар тўплами туҳфа қилинди. Мазкур телелойиҳа кенг жамоатчилик томонидан илиқ кутиб олинди.

Н.Раҳимов, ЎзА