ЎзА Ўзбек

30.07.2018 20:21 Чоп этиш версияси

Ғолиблар мусиқа жамламалари тўплами билан тақдирланди

Жиззахда Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллиги ҳамда Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилига бағишлаб бадиий ҳаваскорлик жамоаларининг вилоят кўрик-танлови ўтказилди.

Унда вилоятнинг барча туманларидан қатнашган бадиий жамоалар таркибида жами 500 нафардан зиёд ҳаваскор иштирок этди.

Иштирокчилар мумтоз ва замонавий қўшиқлар, миллий созлар, оммавий ҳамда якка рақс, эстрада, фольклор-этнографик жанрлар ижрочилиги каби 16 турдаги йўналишда ўз маҳоратини намойиш этди.

Биринчи ўринни Фориш тумани бадиий ҳаваскорлари эгаллади. Форишлик ҳаваскорлар томонидан намойиш этилган Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилига бағишланган саҳна кўриниши, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 27 йиллигига бағишлаб тайёрланган “Истиқлол” қўшиғи, “Муқаддас Ватан бўлдик!” композициялари, ҳудудга хос алла, лапар ҳакамлар ҳайъати томонидан юқори баҳоланди.

Кейинги ўринларни Ғаллаорол ва Зомин туманлари бадиий ҳаваскорлик жамоалари эгаллади.

– Мустақиллигимизнинг 27 йиллиги арафасида ўтказилган ушбу кўрик-танлов катта санъат байрамига айланди, – дейди ҳакамлар хаъйати аъзоси, фольклоршунос олим Раҳматулла Саримсоқов. – Истиқлол йилларида миллий санъатимизни ривожлантиришда бадиий ҳаваскорларнинг фаол иштирок этаётгани олис қишлоқлардан кўплаб истеъдодли ёшлар катта саҳнага чиқишига имконият яратмоқда. Айниқса, миллий қадриятларимизнинг ноёб тури бўлган фольклор-этнографик санъатимиз намуналарини қайта тиклаш, уларнинг ижрочиларини топишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Вилоят хокимлиги томонидан кўрик-танловда биринчи ўринни эгаллаган бадиий ҳаваскорлик жамоаси 25 миллион сўмлик, иккинчи ўрин соҳиби 15 миллион ва учинчи ўринга муносиб кўрилган жамоа 10 миллион сўмлик мусиқа асбоблари жамламалари билан тақдирланди.

Кўрик-танлов шартига кўра, вилоятнинг мақом ансамбли ва Фориш ҳамда Ғаллаорол туманлари фольклор-этнографик жамоалари шу йил сентябрь ойида Шаҳрисабз шаҳрида ўтказиладиган халқаро фолкьлор анжуманида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Ғолиблар Мустақиллик байрами кунлари вилоятда ўтказиладиган концерт дастурларида иштирок этади.

Тошқул Бекназаров, ЎзА
3 386