ЎзА Ўзбек

17.10.2012 16:03 Чоп этиш версияси

Ғолиблар – мамлакат босқичига

“Мустаҳкам оила йили” Давлат дастури доирасида ўтказилаётган “Йилнинг энг фаол ёш журналисти” республика кўрик-танловининг Тошкент вилояти босқичи якунланди.

Мазкур танловда иштирок этиш учун ёш журналистлар ташкилий қўмитага матбуот, телевидение, интернет журналистикаси каби йўналишлар бўйича юздан ортиқ ижодий ишларини тақдим этди.

Мамлакатимизда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ёш авлоднинг пухта таълим олиши, спорт билан шуғулланиши, ишга жойлашиши, касбий билим ва малакасини ошириши учун барча зарур шароит ва имкониятлар яратиб берилмоқда. Турли йўналишлар бўйича ташкил этилаётган кўрик-танловлар ёш кадрларнинг ўз соҳасига қизиқишини янада кучайтиришга, тажриба оширишига, шунингдек, уларни моддий ва маънавий рағбатлантиришга хизмат қилмоқда.

“Йилнинг энг фаол ёш журналисти” танловини ўтказишдан асосий мақсад ҳам шу фаол ва изланувчан ёш журналистларни аниқлаш, уларни қўллаб-қувватлаш, касбий билим ва маҳоратини янада оширишдан иборатдир.

Танловнинг Тошкент вилояти босқичида ёш журналистлар Садоқат Дадаева, Бектош Исмоилов, Шоира Охунжонова, Юлдуз Муҳитдинова ва Суннат Мусамедов турли йўналишлар бўйича ғолибликни қўлга киритиб, мамлакат босқичига йўлланма олди.

Ғолиблар ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилди.


ЎзА, Х.Салимов
8 379