ЎзА Ўзбек

11.07.2018 19:43 Чоп этиш версияси

Ғолиблар мамлакат босқичида иштирок этади

Бухорода “Анор – 2018” ҳамда “Тадбиркор қизнинг энг яхши лойиҳаси – 2018” кўрик-танловларининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини юксалтириш, ташаббус ва интилишларини қўллаб-қувватлаш, битирувчи қизлар бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

“Тадбиркор аёл” уюшмаси вилоят бўлими ва Ўзбекистон Банклар ассоциацияси ҳамкорлигида ўтказилган янги лойиҳа – “Анор – 2018” кўрик-танловининг вилоят босқичида 20 нафар хотин-қизнинг турли йўналишлардаги лойиҳалари баҳоланди.

“Саноат соҳасида энг яхши лойиҳа” йўналишида Бухоро шаҳридаги “Рухшанатекс” хусусий корхонаси иш бошқарувчиси Шоира Бўлдиева, “Қишлоқ хўжалиги соҳасида энг яхши лойиҳа” йўналишида Жондор туманидаги “Жаҳонгир Муҳиддин” фермер хўжалиги раҳбари Нодира Ражабова, “Сервис соҳасида энг яхши лойиҳа” йўналишида Бухоро шаҳридаги “Замин мадади тайёрлов-савдо” масъулияти чекланган жамияти раиси Мамлакат Содиқова, вилоят марказидаги “Бухоро спектр” хусусий корхонаси раҳбари Дилором Ҳамидова ғолиб бўлди.

– Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожига қаратилаётган эътибор самарасида корхонамиз йил сайин тараққий этмоқда, – дейди “Рухшанатекс” хусусий корхонаси иш бошқарувчиси Ш.Бўлдиева. – Жамоамиз кейинги йилларда жами 4 миллиард сўмдан зиёд банк кредитидан фойдаланган ҳолда, босқичма-босқич бўздан тайёр маҳсулот – гулли газлама ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширди. Замонавий ускуналар билан жиҳозланган цехларимизда пахта толасидан тайёрланаётган чит ва сатин ташқи бозорда ҳам харидоргир. Бундан ташқари, тикувчилик маҳсулотларимизга ҳам буюртмалар кўпаймоқда. Жорий йилнинг биринчи ярмида 70 минг АҚШ доллари миқдоридаги матони Европанинг қатор мамлакатларига экспорт қилдик. Йил охиригача экспорт ҳажмини 500 минг долларга етказамиз. Бу ўтган йилга нисбатан олти баробар кўпдир.

Вилоят хотин-қизлар қўмитаси, Марказий банк вилоят бош бошқармаси, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармалари томонидан ўз фаолиятида энг яхши кўрсаткичларга эришган, ишлаб чиқариш ва сервис хизматларини йўлга қўймоқчи бўлган, тадбиркор бўлиш истагини билдирган касб-ҳунар коллежларининг битирувчи қизлари ўртасида ташкил этилган анъанавий “Тадбиркор қизнинг энг яхши лойиҳаси” кўрик-танловига чорвачилик, асаларичилик, тикувчилик ва бошқа соҳаларга оид 19 лойиҳа тақдим қилинди.

Бу ишлар инновацион янгилиги, иқтисодий-молиявий асослангани, пухталиги каби мезонлар асосида баҳоланди.

“Ишлаб чиқариш соҳасида энг яхши тадбиркор қиз” йўналишида Вобкент саноат ва транспорт касб-ҳунар коллежи битирувчиси Чинора Юсупова, Жондор қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи битирувчиси Ўғилой Жўраева, “Қишлоқ хўжалиги соҳасида энг яхши тадбиркор қиз” йўналишида Олот политехника ва сервис касб-ҳунар коллежи битирувчиси Райҳона Умарова, Жондор саноат касб-ҳунар коллежи битирувчиси Раъно Олимова, “Сервис соҳасида энг яхши тадбиркор қиз” йўналишида Пешку қурилиш ва миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежи битирувчиси Моҳинур Облоева, Когон саноат ва транспорт касб-ҳунар коллежи битирувчиси Дилфуза Тиллаева биринчи ўринни эгаллади.

Ғолиблар танловларнинг мамлакат босқичида иштирок этади.

Эркин Ёдгоров, ЎзА
5 932