Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.06.2018 18:15 Чоп этиш версияси

Ғолиблар аниқланди, лекин байрам давом этади

Ғолиблар аниқланди, лекин байрам давом этади
Наманганда 27 май – 3 июнь кунлари анъанавий “Гуллар байрами” тадбири бўлиб ўтди.

Байрам 27 май куни гуллар билан безатилган 100 га яқин автомобиль ва бошқа транспорт воситалари карвонининг шаҳар бўйлаб тантанавор юриши билан бошланди. Байрам карвони эрталаб Наманган халқаро аэропортидан йўлга чиқиб, шаҳар марказидаги Хотира хиёбонигача барчага завқу-шавқ улашган ҳолда етиб келди.

Байрамнинг очилиш маросимида “Гуллар байрами”нинг логотипи ва гимни тақдим этилди. Байрамнинг асосий тадбирлари Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида бўлди. Бу ерда вилоятнинг юздан зиёд энг моҳир ва тадбиркор гулчи-боғбонлари ўзининг энг сара, ноёб гуллардан иборат кўргазмаси билан иштирок этди. Боғ ҳудудида 2 миллион тупдан зиёд турли гуллар экиб, улар воситасида бадиий композициялар яратилди. Дунёнинг барча давлатларидан келтирилиб, мамлакатимиз иқлимига мослаштирилган 150 дан ортиқ навдаги гуллар намуналари, улардан тайёрланган бежирим декорация ва конструкциялар намойиш этилди. Бундан ташқари, Фарғона, Андижон вилоятлари, Тошкент шаҳридан келган гулчилар томонидан 3 миллиондан зиёд тувакда парваришланаётган гуллар кўргазмаси ва савдоси ташкил этилди.

6.jpg

Байрам ҳафтаси мобайнида “Наво” ёзги концерт зали, “Наврўз” саҳнаси ҳамда “Уч фаввора” хиёбонида вилоят маданият ва санъат, таълим муассасалари бадиий жамоаларининг концерт дастурлари, пойтахт ва қўшни вилоятлардан ташриф буюрган санъаткорлар, сўз усталарининг чиқишлари каби турли маданий тадбирлар ўтказилди.

Байрам тадбирларига Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркия, Россия, Саудия Арабистони, Бангладеш, Қувайт, Баҳрайн, Жанубий Корея, Хитой каби давлатлардан 300 дан зиёд сайёҳлар иштирок этди.

14.jpg

– Кўпгина халқларнинг турли байрамларида қатнашганман, – дейди Хитой халқаро телевизион тармоғи – “CGTN” мухбири Гай Хендерсон. – Бироқ, Наманганнинг “Гуллар байрами” ўзининг жозибаси, мақсади, тарбиявий аҳамияти билан ажралаб турар экан. Бизнинг телеканалимизни дунёнинг юздан зиёд давлатида 85 миллиондан кўпроқ киши кўради. Мазкур байрам тўғридан-тўғри эфирга узатилди. Бу кейинги сафар ушбу байрамга чет элллик сайёҳларнинг янада кўпроқ келишига хизмат қилади. Чунки, “Гуллар байрами” шунга арзийди.

“Гуллар байрами” анъанага кўра байрамнинг энг яхши иштирокчиларини тақдирлаш маросими билан якунланди. 

13.jpg

“Гуллар байрами”даги иштироки учун таъсис этилган иккита олий ўринга қўйилган мукофот – “Спарк” автомашинасидан бири хусусий тадбиркор гулчи Мирзоҳид Холмирзаевга берилди. Иккинчи “Спарк” автомашинаси меҳнат жамоалари ўртасида олий ўринга муносиб топилган “Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамиятига топширилди. Шунингдек, корхона, ташкилот ва муассасалар, якка тартибдаги гулчилар ўртасида ҳам турли номинациялар бўйича ғолиблар, фаол иштирокчилар аниқланиб, муносиб тақдирланди.

Дилрабо куй-қўшиқлар тадбирга янада кўтаринкилик бағишлади.

Таъкидлаш жоизки, авваллари икки кун нишонланадиган байрам бу йил июнь ойининг охиригача давом этадиган бўлди. Юртдошларимизнинг кўтаринки кайфияти, тадбиркор, гулчи-боғбонлар фаоллиги, “Гуллар байрами” довруғини эшитиб уни ўз кўзи билан кўриш иштиёқида мамлакатимиз вилоятлари ҳамда қўшни республикалар, ҳатто хориждан келаётган сайёҳлар оқими кўпайгани сабаб байрам давом эттириладиган бўлди.

Акрамжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат) ЎзА
5 538