ЎзА Ўзбек

19.02.2020 Чоп этиш версияси

Ҳолат билан боғлиқ иш кўриб чиқилган, лекин...

Ҳолат билан боғлиқ иш кўриб чиқилган, лекин...

БИР МУРОЖААТ ИЗИДАН

Юнусобод туманидаги 235-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Забиҳулла Зуҳриддинов 2019 йилнинг 30 ноябридан буён ўқишга келмаяпти.

Забиҳулланинг онаси Барно Икромованинг маълум қилишича, ўғли 29 ноябрь куни мактабда синфдоши Босит Қодиров томонидан калтакланиб, уйига бир аҳволда қайтиб келган.

“...Ўша куни ўғлим мактабдан ғайри одатий ҳолда қайтиб келиб, хонасига кирганича ётиб олди. Нима гаплигини билиш учун хонасига кирганимда, у титраётган эди. Яхшилаб қарасам, боламнинг боши қонталаш, бош ва орқа миясида жуда кўп шиш ҳамда гематомалар бор эди. Шу пайт бирдан бурни қонаб қолди...”.

Тошкент тумани “Хасанбой” фуқаролар йиғини "Сиҳатгоҳ" кўчаси 16-уйда истиқомат қилувчи фуқаро Б.Икромова агентлигимизга айни ҳолат юзасидан мурожаатига мактаб маъмурияти ва ички ишлар масъуллари совуққонлик билан қараётгани бўйича мурожаат қилди.

Мазкур мурожаатга асосан Юнусобод туманидаги 235-умумтаълим мактабида бўлиб, ҳолатни ўргандик.

Аввало, мурожаатга сабаб бўлган ўша воқеа ҳақида қисқача маълумот берсак. 2019 йилнинг 29 ноябрь куни 9 Д-синф ўқувчилари – Забиҳулла Зуҳриддинов ва Босит Қодиров ўртасида ўзаро жанжал келиб чиққан. Воқеа гувоҳларининг қайд этишича, ўқитувчи дарсга кечикиб келгани сабабли маълум муддат ўқувчилар бўш қолган. Шу вақтда Боситнинг Забиҳуллага нисбатан камситиқли ҳазили ортидан икки синфдош ўртасида ўзаро жанжал келиб чиқиб, оқибатда Босит Забиҳулланинг бошига бир нечта мушт туширган.

– Мактабимизда 2 минг 447 нафар ўқувчи ўқийди, – дейди мактаб директори Мўмина Сулаймонова. – 4 декабрь куни Забиҳулланинг онаси Барно Икромова келиб, ушбу ҳолат бўйича мурожаат қилди. Шу куни Боситнинг бувисини мактабга чақиртириб, Барно Икромованинг иштирокида Боситнинг қилмиши, уни тартибга чақириш бўйича гаплашдик. Шунингдек, ўша масала бўйича мактабимизда махсус йиғилиш ўтказилиб, ўша воқеа содир бўлишига имкон яратиб бергани, яъни дарсга кечикиб келгани учун технология фани ўқитувчисига ҳайфсан берилди. Синф раҳбари ҳам худди шундай жазо тури билан жазоланди.

Фуқаро мурожаатидан келиб чиқиб, мурожаатчига нисбатан жуда қўпол муомалада бўлибсиз, маъносида берган саволимизни М.Сулаймоновага кескин рад қилиб, қуйидагича қўшимча қилди:

– Б.Икромова мактаб маъмуриятидан Б.Қодировни мактабдан четлатишни талаб қилмоқда, – дейди директор. – Амалдаги қонунчилигимизга мувофиқ, биз мактабда болаларга фақатгина билим берамиз. Тўғри, ўқувчиларнинг фанларни ўзлаштириши билан бир қаторда, уларнинг юриш-туриши, ўзини тутиши, ўй-хаёлларидаги ўзгаришлар доимо эътиборимизда бўлади. Бу борада синф раҳбарлари, психологларимиз, қолаверса, ҳар бир ўқитувчи ишлайди. Лекин бирор бир ўқувчини мактабдан четлатиш, яъни уларни махсус мактаб интернатларга юбориш ваколати мактабда мавжуд эмас. Демоқчи бўлганим, биз ваколатимиз доирасида ўқитувчиларимизга нисбатан тегишли таъсир чораларини кўрдик. Ўқувчилар ўртасида эса соғлом муҳитни яратиш, бу борада уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, пировардида, фанларни пухта ўзлаштиришига эришиш ҳамда бу каби кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш борасида ишлаяпмиз.

9 Д-синфида 33 нафар ўқувчи бўлиб, мактабнинг 9-синфлари ўртасида энг намунали синфлардан бири ҳисобланади. Жумладан, ушбу синфнинг 3 нафар ўқувчиси фан олимпиадасининг туман босқичида иштирок этиб, 2 нафари шаҳар босқичига йўлланма олган.

Синф раҳбари Барно Абдуллаева ва шу синф ўқувчиларининг маълум қилишича, Босит ва Забиҳулла яқин дўст бўлиб, иккаласининг ҳам ўқиши, дарсларни ўзлаштириши яхши экан.

– Босит 6 ёшида бувисининг қарамоғида қолган, – дейди мактаб психологи Наргиза Йўлчиева. – Шу боисдан у билан алоҳида ишлайман. Онасининг йўқлиги сабабли тарбиясида бирор муаммо бўлмаслиги учун шу кемтикнинг ўрнини тўлдиришга ҳаракат қиламан. Юнусобод туманидаги Баркамол авлод марказининг наққошлик тўгарагига қатнайди. Наққошлик борасида анча маҳорати бор. Тўғри, тенгдошларига нисбатан бироз шўхлиги бор. Лекин бошқаларни атайлаб, қасддан хафа қиладиган бола эмас.

Барно Икромованинг маълум қилишича, айни пайтда ўғли Забиҳулла уй шароитида даволанаётгани сабабли мактабга
бормаяпти.

– Тиббий экспертиза хулосасига кўра, З.Зуҳриддиновда 6 кундан 21 кунгача соғлиқда қисқа муддатга бузилишга олиб келган тан жароҳати аниқланган, – дейди Юнусобод тумани ички ишлар бўлимининг вояга етмаганлар ва ёшлар бўйича инспектори, капитан Бахтигул Омонова. – Қонунчилигимизга мувофиқ, ушбу ҳолатда айбдорга нисбатан жиноий иш очилиши белгиланган. Лекин Б.Қодиров айни пайтда 14 ёшда бўлгани сабабли Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 17-моддасига мувофиқ, жиноий жавобгарликка тортиш мумкин эмас. Шундан келиб чиқиб, ушбу ҳолат билан боғлиқ ишни Тошкент туманидаги вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссияга юборганмиз.

Маълумотларга кўра, мазкур комиссия томонидан тарафлар иштирокида ушбу ҳолат билан боғлиқ иш кўриб чиқилган ҳамда тегишли чоралар кўрилган.

Мурожаатни ўрганиш жараёнида бир жиҳатга амин бўлдикки, мазкур иш билан боғлиқ ҳолат фуқаро шикоят хатида қайд этганидек ўз ҳолига ташлаб қўйилмаган. Жумладан, юқорида айтиб ўтганимиздек, мактаб маъмурияти, ички ишлар бўлими, вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссия ўз ваколати доирасида ҳолатни ўрганиб, тегишли чора кўрган.

Умуман олганда, биз томонларни ҳақ ёки ноҳаққа ажратиш фикрида эмасмиз. Зеро, ушбу ҳолатни ҳуқуқий жиҳатдан баҳолаб, тегишли таъсир чораларини кўрувчи масъул ташкилотлар бор. Бизни ташвишлантираётгани эса, бу каби ҳолатларга олиб келувчи омиллар. Бу эса алоҳида мавзу.

Мамлакатимизда вояга етмаганларга оид қонунчилик, бу борада дунё тажрибаси, вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссиялар фаолияти ҳақида эса навбатдаги мақолаларимизда алоҳида тўхталиб ўтамиз.

3 082
Авазбек ХУДОЙҚУЛОВ, ЎзА