ЎзА Ўзбек

09.03.2020 Чоп этиш версияси

Оларда кирар жоним, берарда чиқар жоним(ми?)​

Оларда кирар жоним, берарда чиқар жоним(ми?)​

Одамларнинг яшаш шароитини яхшилаш, ишли қилиш, тадбиркорликка жалб қилиш мақсадида мисли кўрилмаган ишлар олиб борилмоқда. Шу мақсадда банклар томонидан имтиёзли, узоқ муддатли кредитлар берилмоқда.

Кўпчилик банкдан олган кредит маблағларидан оқилона фойдаланиб, ишини йўлга қўйгани, янги иш ўринлари ташкил этиб, биргина ўзининг эмас, бошқаларнинг ҳам корига яраётгани таҳсинга сазовор.

Лекин айрим фуқаролар банкдан олган маблағларни мақсадсиз ишлатиб юбориб, тўловдан бош тортиб, ўзини тушунмаганга солиб, турли важ-карсон кўрсатаётганига нима дейсиз?

Ваҳоланки, банк ва мизож ўртасида тузилган кредит шартномасининг ўзида олинган пул маблағини банкка бўлиб-бўлиб қайтариш шартлари, агарда пул қайтариш жадвали мунтазам бузилса, бу жавобгарликни келтириб чиқариши, дастлаб тўлов кечиктирилган пулдан пеня, жарималар ундирилиши, кейин шартномани муддатидан олдин бекор қилиш ва ундирувни гаров мулкига қаратишга сабаб бўлиши аниқ-тиниқ белгилаб қўйилган.

2019 йилда фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан кредит шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш ва қарздорликни ундириш ҳақида 19 минг 993 иш кўрилган. Шундан 19 минг 394 та ҳолатда мизож-кредит олувчи томонидан кредитни қайтариш бўйича ойлик тўловлар тўланмаганлиги, огоҳлантириш ва кўрилган чоралар наф бермаганлиги аниқланиб, даъво қаноатлантирилган. Жавобгарлардан жами 702 миллиард сўмдан зиёд қарз суммасини банклар фойдасига ундириш ҳақида ҳал қилув қарорлари чиқарилган.

1 минг 303 ҳолатда қарздор тараф даъвони тан олиб, пул тўловини амалга оширганлиги сабабли ишлар тугатилган, 3 минг 486 ҳолатда тарафлар судгача келишганлиги сабабли аризалар кўрмасдан қолдирилган.

Банк ва қарздор ўртасидаги кредит ундириш билан боғлиқ низолар Тошкент шаҳри, Фарғона, Сурхондарё, Андижон, Қашқадарё, Самарқанд, Жиззах вилоятларида кўпайган.

Энг ачинарлиси, кредит маблағи ишлатиб бўлинган, қайтариш имкони йўқ. Суд қарори билан, шартнома шартига кўра, ундирув гаровга қўйилган мулкка қаратилганидан кейин, қарздор – “адолат йўқ, қарз берган банк айбдор, суд қарори ноқонуний”, деб идорама-идора юрганида.

Шунингдек, айрим ҳолатда, қариндоши ёки таниши банкдан кредит олишида мулкини гаровга қўйган фуқароларнинг “мен билмабман, яхшилик қилмоқчи эдим. Пулни мен олмаганман, пулни олгандан ундиринглар”, деган эътирози, янада аниқроқ айтганда, “жанжали”га нима дейсиз?!

Ваҳоланки, бир шахснинг бошқа шахсга мол-мулки ёки унга бўлган ҳуқуқни мажбуриятларни таъминлаш учун бериши гаров ҳисобланиб, гаровга кўра қарздор гаров билан таъминланган мажбуриятини бажармаган тақдирда кредитор (гаровга олувчи) ундирувни гаровга қўйилган мол-мулкка қаратишни талаб қилишга ҳақли (ФК 264-моддаси).

Қарз олишга олиб, қайтаришдан бўйин товлаётганларни кўриб, халқимизнинг “Оларда кирар жоним, берарда чиқар жоним” деган гапи ёдга тушади. Лекин бу инсонфсизлик эмасми?

Холмўмин ЁДГОРОВ,

Олий суд раисининг ўринбосари.

4 854
ЎзА