ЎзА Ўзбек

13.08.2018 11:02 Чоп этиш версияси

Олам сенга қурбон, азиз болажон!

Олам сенга қурбон, азиз болажон!

Бирор инсоннинг кўнглини кўтариш, қўлдан келганча ёрдам бериш ҳақиқий фазилатдир. Агар бу кўнгил эндигина дунёни англаётган, мурғак қалб бўлса-чи? Унда болаларнинг кўзларидаги қувончни кўриб, бу дунёда яшамоқнинг маъносини англагандек бўлади киши.

Ижтимоий муҳофазага муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда таътил кунларининг мароқли ўтишини ташкил этиш мақсадида “Sog‘lom avlod uchun” халқаро хайрия фондининг хорижий ҳамкорлари кўмагида “Соғ танда соғлом ақл” номли болалар кундузги соғломлаштириш марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Ушбу тиббий-ижтимоий марказ ҳудудида болалар учун футбол, волейбол, баскетбол, теннис майдонлари, ошхона, ётоқхона, ювиниш ҳамда кийим алмаштириш хоналари хорижий ташкилотларнинг грант маблағлари доирасида қурилиб, фойдаланишга топширилди. Кундузги соғломлаштириш маркази бир вақтни ўзида 40 нафар болага юқори даражали хизмат кўрсатади.

Мазкур соғломлаштириш масканига ҳозирги кунда Тошкент шаҳридан жами 36 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандлари, “Меҳрибонлик” уйлари ва махсус мактаб-интернатлари тарбияланувчилари жалб этилган. Шу куни болалар учун ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” деб номлаган маданий-маърифий тадбир ўтказилди.

М. Тошқораева, ЎзА
5 055